Жамият | 21:37 / 21.02.2023
30100
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда оммавий жанжал уюштирган 28 киши қамалди

20 феврал куни пойтахтнинг Яккасарой туманида 38 нафар шахс – қурилиш объектида ишлаётган ишчилар оммавий жанжал уюштирди. Суд уларнинг 2 нафарига 15 сутка, 26 нафарига 10 сутка берди. Жанжалда қатнашган яна 10 кишига нисбатан суриштирув давом этяпти.

20 феврал куни Тошкент шаҳрида 38 нафар шахс ўртасида жанжал юз берди. Маълум бўлишича, икки нафар инсоннинг ўзаро тортишуви оммавий жанжалга айланиб кетган. Ҳуқуқбузарлар Фарғона ва Жиззах вилоятларидан келиб, қурилиш объектида ишлаётган шахслар бўлган.

21 феврал куни уларнинг 28 нафарига нисбатан жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида маъмурий иш кўриб чиқилди. Жанжал иштирокчиларининг қолганларига нисбатан безорилик ҳолати бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фарҳод Абдушукуров, ЖИБ Яккасарой суди судяси Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, 28 нафар ҳуқуқбузар Яккасарой тумани “Дилбулоқ” маҳалласи Шота Руставели кўчасида жойлашган янги қурилаётган бино олдида ички ишлар органи ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, тартибсизлик келтириб чиқаришга ҳаракат қилган.

Судда ҳуқуқбузарлар ўз айбларига иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймонлигини билдиришган.

Мавзуга оид