Уруш бошланган кун. Тўрт ҳикоя
2022 йил 24 феврали тонги кўпчилик украинлар учун ҳаётидаги энг оғир изтироблар бошланиши бўлганди. Россия босқинидан омон қолиш учун миллионлаб кишилар бир соат ичида ўз уйларини ташлаб чиқди, яқинлари билан видолашди ва шу вақтгача фақат киноларда кўрилган кечинмаларни бошдан ўтказди. Харкив, Запорижжя ва Мариуполдан бўлган тўрт украиналик аёл бир йил ўтиб уруш улар учун қандай бошланганини хотирлади.
Оксана. Харкив
«24 февралга қадар мен ўзимни дунёдаги энг бахтли аёл деб билардим. Баъзида ўзимга ҳам ҳасад қилганман».
33 ёшли Оксананинг – уни яқинлари Ксюша деб аташади – меҳрибон оиласи, муваффақиятли бизнеси, тез-тез саёҳат қилиш имконияти, ўз уйи, янги машинаси бор эди. 2021 йил декабрида Оксана севимли инсонига турмушга чиқади, 2022 йилнинг 23 феврал куни эса янги қурилган уйлардан сотиб олган квартираси калитларини олади.
Шу куни у шаҳарни узоқ айланади – таъмирлаш ишлари учун керакли материаллар танлайди, мебел буюртма қилади. Кеч кирганида, автомобилини гаражга олиб кираётганида, Оксана бензин жуда кам қолганини пайқаб қолади. «Эртага қуйиб оламан», дея хаёл қилади у.
Эрталаб Оксана соат бешга яқинлашганида уйғонади – унинг Харкив атрофидаги квартирасининг деразалари титрарди, дераза ортидаги автомобилларнинг сигнализациялари чинқирарди. Илк сонияда у буни момақалдироқ ва чақмоқ бўлса керак деб ўйлайди.
Оксана деразага яқинлашади ва олов ичида қолган ёнилғи қуйиш шохобчасидан кўз узолмай қолади. У бу портлаш овозлари эканини англайди – овозлар шу атрофдаги ҳарбий қисм томондан келарди. Атрофда ҳамма нарса ёнарди. Энди Оксанада аслида нималар рўй бераётганига шубҳа қолмайди.
Россия армияси 24 феврал куни, урушнинг илк кунидаёқ шаҳарга ҳужум қилганди. Россиядан Харкивга элтувчи йўлларда, оғир техникалар ва артиллерия иштирокида жанглар кетаётганди. Рус танклари шаҳарнинг шимолий-ғарбий чеккасига яқинлашиб келади. Украина танкка қарши мажмуалари билан қарши чиқади.
Оксана эрини уйғотади. Улар тезда кийинишади, устларига пуховик ташлашади. Ксюшанинг кичик рюкзагига паспорт, телефон ва пауэрбанк (қувватлагич) жойланади. Совуқ ташқарига отилиб чиқишади. Атрофда ваҳимага тушган одамлар югуришарди.
Уйга украин танклари яқинлашиб келиб, кўча бўйлаб тизилади. «Отишма бўлади», – дея ўйлади Оксана. – Ҳозир биз томонга отишади, танклар жавоб қайтаради».
Бутун оила шаҳар чеккасида яшарди – бу энг хавфли жой бўлиб чиқди. Шаҳар марказидаги ертўлага эга хусусий уйи бор танишларникига боришга қарор қилинади – у ерда портлаш овозлари бу қадар қўрқинчли эшитилмасди. Кетаётиб Оксана улар кечгача, барчаси ўтиб кетгунча ертўлада ўтиришлари ҳақида хаёл қилади.
У шундан кейин ўз уйини бошқа кўрмайди.
Иккинчи кун Оксананинг эри дўконга чиқади – озиқ-овқат тугаганди. Ярим соат ўтиб у буханка нон ва чипслар билан қайтади – булар супермаркетда топилган бор нарсалар эди. Она қолган маҳсулотлардан шўрва қайнатади, буханкани тенг бўлишади.
Кунлар бирин-кетин ўта бошлайди. Ҳар тонгда Оксана ўйлайди: «Ҳозир бироз шу ерда ўтирамиз, кечқурун уйга кетамиз». Аммо кечаси отишмалар давом этади.
Учинчи кун Оксана ва эри квартира сотиб олган янги уйга россияликлар снаряди келиб тушади. Шу куни оила Ксюшанинг ота-онасининг уйи ҳам вайрон бўлганидан хабар топади.
«Энг қўрқинчлиси – бу тун. Сен ётасан, уй устидан дронлар учиб ўта бошлайди. Улар шу қадар пастлаб ва шовқин солиб учадики, ҳозир томга урилиб кетади деб ўйлайсан. Қўрқув ичида ётасан, титрайсан ва қалтирайсан. Полга йиқиласан, қўлларинг билан бошингни ёпасан ва тушунасан: бу шунчаки ўзни сақлаш инстинкти, бу ёрдам бермайди».
Оксана ҳар ярим соатда сакраб турмасдан, нормал ухлашни, душ қабул қилишни, нормал овқат ейишни орзу қиларди.
Бир ҳафтадан кейин яна бошпанага қайтиб тушишга ортиқ тоқат қолмайди. Ксюша каравотда ётар ва ўйларди: нима бўлса бўлсин. Ракета тушадими – тушсин. Яширинишга ортиқ куч қолмади. Севимли ишингга шунча эътибор ва меҳнат ажратасан. Ҳафтасига етти кун, 24 соатдан ишлайсан. Барчасидан бир соатда маҳрум этишади.
Кейинги куни снаряд Оксананинг яна бир уйига, кўчишдан олдин яшаган уйга тушади. Квартира омон қолмайди.
Оилада жанжаллар чиқа бошлайди – ҳеч қандай сабабсиз. Одамлар жазавага тушади, асаблар дош бермайди, тажовузкор ва жаҳлдор бўла боради. Оксана эри билан шундай қаттиқ жанжаллашадики, иккиси ҳам қизишиб, ажрашиш ҳақида бақира бошлашади. Кейин диванга чўкишади: «Уруш, бизга қийин, кел, урушмаймиз».
Ертўлада кечган икки ҳафтадан кейин шаҳардан кетишга қарор қилишади. Отишма ва бомбардимонлар остида Ксюша ва турмуш ўртоғи гаражга етиб олади. Машина бутун турганди – аммо бензин қарийб йўқ эди.
Яқиндаги шохобчада уч соат навбатда туришади – бензин етмайди. Кейингисида яна уч соат навбат – ва яна самарасиз.
Учинчи заправкада Оксана навбатда охирги эди, аммо ундан олдинда – фақат олти машина бор эди. Шу вақт ходим чиқади ва овоз кучайтиргич орқали эълон қилади: «Бизда атиги 150 литр қолди». Яна унга етмайди.
Оксана кўзда ёш билан югуриб чиқади ва навбатда турганларга ўтина бошлайди: «Илтимос, келинглар бўлишайлик. Ҳаммага етиши учун ҳар бир машинага 20 литрдан бўлса ҳам!»
Оксанага 20 литр қуйиб беришади – бу заправкада қолган охирги бензин эди.
Шаҳарни отишмалар остида тарк этишади. Аниқроғи, Днипро томон йўлнинг дастлабки 50 километри Харкивдан жўнаб қолишга уринганлар чиққан сон-саноқсиз машиналар тирбандлиги билан босиб ўтилади.
Днипрогача масофа – жами 220 километр уч соатлик йўл ҳисобланади. Оксана эса эри билан кун давомида йўл босади. Йўл тинч эмасди. Шу кунларда қор ёғган, машиналар музлаган йўлда сирпанар ва айланиб кетар, бир-бири билан тўқнашарди.
Шаҳарга яқин қолганида капот остидан қора тутун чиқа бошлайди. Машина зириллаб кетади. Адоқсиз тирбандлик ўртасида туриб, машина кўп юра олмаслигини тушунган Ксюша қарама-қарши йўналишга чиқиб, ҳаракатлана бошлайди, йўл-йўлакай тирбандликда турганлардан узр сўраб боради.
Барибир етиб боришга улгурмайди – автомобил тўхтаб қолади. Яқин шохобчагача уни итариб боришга тўғри келарди – двигател ёниб кетганди.
Оксана автомобилга – ўз пулига сотиб олган илк машинасига, бахтли ҳаётининг бир бўлагига қарайди. У уруш ўчоғидан олиб чиқа олган ягона қимматли нарсаси энди – бир уюм металлоломга айланганди.
Қалтираётган қўллари билан Оксана Харкивда қолган отасининг рақамини теради ва ундан келишни сўрайди. Совуқ ва бўшаб қолган шохобчада соатлаб кутиб туради.
Ота оилани Днипрога элтиб қўяди. Бу ердаги одамлар кўчалар бўйлаб эркин юрар, озиқ-овқат сотиб олар, ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳайдовчилар стаканларда қаҳва ҳўпларди. «Биз эса кимсасиз оролдан қочиб келган ёввойилар каби эдик».
Кейинги куни Оксана отаси билан шаҳарни кезиб эвакуатор қидиради – улар йўлда ташлаб келинган машинани олиб келиб, тузатмоқчи эди. Эвакуатор топилади, аммо кейинги икки ҳафтада Оксана машинани Днипродаги барча устахоналар бўйлаб судраб юради: уруш туфайли ҳеч ким тузатиб бера олмасди – эҳтиёт қисмлар йўқ эди.
15 март куни Россия Днипродаги аэропортга зарба беради. Ракеталар учиш-қўниш полосасини вайрон қилади ва терминалга ҳам шикаст етказади.
Кейинги куни Оксанага қўнғироқ бўлади. Шикастланган аэропорт олдидаги устахонадагилар машинани тузатишга ваъда беришади – улар тўрт минг доллар эвазига ишлатилган двигателни Одессадан олиб келиб ўрнатиб беришга тайёр эди.
«Қўрқмасанг, олиб кел», дейишади устахонадагилар.
«Мен уни шунчаки бир уюм темир-терсакдек ташлаб юборгандан кўра, тузатиб, уч копейкага бўлса ҳам сотишга қарор қилдим. Ўзимнинг сўнгги жамғармамни машина учун сарфладим». Автомобил тузатилади ва сотилади.
Оксана эри ва ота-онаси билан танишларининг Днипро яқинидаги ҳовлисига жойлашади. Бу хилватдаги кичик уйча эди: бир томони – ўрмон, бошқа томонида – дарё ирмоғи. Энг яқин дўкон – беш километр масофада. Яқиндаги уйлардан биридан хонадон тухуми ва картошка сотиб олиш мумкин эди. Бу ерда Оксана илк марта тоза кийимларини кийиб олади.
Бу ерни ўққа тутишмасди.
«Бу ҳам мияга босим ўтказади. Ўтирасан ва ўйлайсан: барчаси вайрон бўлган, қайтадиган жойнинг ўзи йўқ, олдинда нима кутаётгани – тушунарсиз. Чиройли ҳаёт бор эди ва бир лаҳзада гадога айландим. Пул йўқ, уй йўқ – ҳеч нарса йўқ. Муваффақиятли ҳаёт ва буларнинг бари ўртаси – бир кун, 24 феврал. Ҳаёт эса давом этмоқда. Мен тушундим: ортга қайтиб бўлмас экан, олдинга юриш керак».
Апрел ойи бошида эри Оксанани Днипро атрофидаги қишлоқдан Украина ғарбига, Руминия билан чегарага олиб боради. Аммо унинг ўзи буёғига унга ҳамроҳлик қила олмайди.
Оксана чегарадан ёлғиз ўтади. У томонда дуч келган кўнгиллининг олдига боради. Уни баптистлар черкови томонидан очилган қочқинлар учун марказга жойлаштиришади. Майдони уч метрга уч метр бўлган хонада саккизта ўрин бор эди, эркаклар ва аёллар биргаликда яшарди. Аммо ҳар куни уч марта овқатлантиришар, алмаштириш учун кийим беришарди.
Уруш бошидан буён Оксананинг Австралиядаги таниши уни ўз олдига чақирарди. Интернетда Оксана Австралия украиналиклар учун махсус виза бера бошлаганидан хабар топади. Бир неча кун ўтиб у Австрияга етиб боради, бу ердан эса – Германиядаги аэропортга ўтади ва Мелбурнга рейсга ўтиради.
Мелбурнга келганининг учинчи кунида Оксана қурилиш компанияси хўжайинининг персонал ассистенти сифатида иш бошлайди. Икки ой ўтиб алоҳида яшаш учун жой топади ва бу ерда ҳозирга қадар яшаб келмоқда.
Унинг оиласи Украинада қолишга қарор қилган. Улар Днипро яқинидаги қишлоқ уйида яшашда давом этмоқда, аммо ота-она қадрдон Харкивга талпинади. Улар бир неча бор жонажон уйларини кўриш учун бориб келишган. Бинонинг бир қисми ёниб кетган, зиналар пролети биринчи қаватдан тўққизинчи қаватгача қулаган. Уларнинг квартираси бешинчи қаватда осилиб туради. Улар кран ёллашади ва «Сикстин Мадоннаси»ни олиш учун кўтарилишади. Улар эшикни очишади ва бўшлиқ қаршисидан чиқишади.
Оксана Россиядан бўлган қариндошлари билан мулоқот қилишни тўхтатган. Улар унга «украинлар ўзлари ўзиникиларни отишаётгани», «ертўладаги ҳаёт – бу уйдирма экани»ни ёзишади. Сочидаги қариндоши унга шундай ёзади: «Интернетдан олинган фейкларни тарқатишни бас қил». Ксюша жавоб беради: «Бу мен ўзим олган фотосурат».
«Қайсидир паллада мен ўйлаб қоламан: мен улардан нафратланаман, нафратланаман, улар менинг бутун ҳаётимни барбод қилишди. Аммо кейин танишим шундай дейди: ич-этингни еб битирмаслик учун юрагингдаги бутун нафрат ва жаҳлни йўқ қилишинг керак. Агар сен бу оркларга нафратингни ўзингда қолдирсанг, сен доим бу ҳақда ўйлаб юрасан ва бу сени тамом қилади. Ҳаёт шундай. Биз бунинг баридан ўтамиз. Ва ҳозир мен ўйлайман: демак, буларнинг барчаси шунчаки эмасди. Мен бу халққа нафрат сақламасликка ҳаракат қиламан».
Анна. Запорижжя
45 ёшли Анна 23 феврал куни стол тузайди. Украинада бу байрам куни ҳисобланмайди, аммо у турмуш ўртоғини «эскичасига» табрикламоқчи эди.
Кечки овқатдан кейин 12 ёшли қизи Евани ухлашга ётқизгач, Анна эри ёнига ётади ва эртанги кун қилинадиган ишлар рўйхатини варақлайди: қизини мактабга, кейин – репетиторларга олиб бориш керак, яна уй юмушлари.
Соат тўртлар атрофида Анна эрининг ҳайқириғидан уйғониб кетади: «Аня, уруш бошланди!»
«Мен чуқур уйқудан уйғониб кетдим. Ўтирдим ва ҳеч нарсани англамаётганимни тушундим. Телевизорни ёқдим, унда – қўрқинчли фильм бўлаётганди. Албатта, миш-мишлар бор эди. Аммо биз бундай бўлиши мумкин эмас деб ўйлагандик. Буни ақлимизга сиғдира олмасдик, шунинг учун ҳеч ким ишонмасди. Энди эса – шок. Нима қилиш керак? Қаерга қочиш керак? Телевизорда – бомбалар учмоқда, чинқириқлар, ўлимлар. Даҳшат».
Россиялик ҳарбийлар шу куни Украинага Россиядан, Беларусдан ва аннексия қилинган Қримдан бостириб киришади. Россияликлар Киевни, Черниҳивни, Мариуполни, Херсонни, Харкивни, Сумини ва бошқа шаҳар ҳамда қишлоқларни ўққа тутишади.
Запорижжяда нисбатан тинчлик ҳукмрон эди.
Аннанинг хусусий уйи – шаҳар ташқарисида, Москва – Симферопол трассаси бўйида жойлашганди. Шаҳардагилар шундай жойлашуви туфайли уй биринчи нишонга айланиши мумкинлигини айтишади.
Шаҳарда мудофаага тайёргарлик кўриш бошланади. Йўлларда танкка қарши тўсиқлар пайдо бўлади, қум тўлдирилган қоплардан мудофаа истеҳкомлари барпо этилади. Дўкон эгалари деразаларни фанер билан тўсишади, уйларда эса Молотов коктейллари тайёрлаш бошланади.
Барча режалар бекор бўлади. Ева мактабга бормайди. Уйда барча нарса музлаган, сукунат ҳукмрон эди. «Қора кун. Худди мотамдек, – дея тасвирлайди ўша кунни Анна. – Эслайман, ҳар сафар 9 май куни бувим ҳарбий фильмларни томоша қилар ва кун бўйи юм-юм йиғларди. Мен ўшанда буни тўлиқ тушунмаганман…»
Оила фильмлар ўрнига телевизор томоша қилади. Россия қўшини Мариупол ва Херсонни қамал қилаётган, Черниҳивга яқинлашиб келганди. Киев атрофида жанглар кетаётганди.
Анна озиқ-овқат олиш учун уйдан чиқади. Маҳаллий бозорда одамлар дон ва бўтқа маҳсулотларини ғамлаётганига гувоҳ бўлиб у шундай ўйлайди: «Агар тепадан бомба тушаётган бўлса, энди каша кимга керак?»
У шундан кейин уйдан кўп чиқмасликка ҳаракат қилади.
Телевизорда фавқулодда вазиятлар учун чамадон ҳақида эслатишади. Анна ҳужжатлар, пул ва биринчи галда зарур бўлувчи буюмларни йиғади.
Телевизорда авиация учун ориентир бермаслик учун ёруғликни ўчириб қўйиш зарурлиги ҳақида айтишади. Анна биринчи қават деразаларини ёпади ва лампани ўчиради. Февралда эрта қоронғи тушарди.
Тревога сигнали чалинади ва оила қўшни ертўлага чопади. Анна матрасларда ва полда ётган болаларга қараб чиқади ва ўз қизи Евани топади. Жим туришади. Тинчлантирувчи дорилар ичишади.
«Анна, мен кетаман, – Киевдаги дугонаси қўнғироқ қилади. – Бу ерда барча нарса тутун ичида, сиреналар тинмаяпти. Мен билан кетасанми?»
«Йўқ, мен қаерга ҳам борардим. Бир-икки ҳафтадан кейин улар қандайдир тил топишади ва барча тинчланади».
Март ойи бошига келиб тушунарли бўлади: вазият тинчимайди. Оилавий кенгашда Аня Евани олиб, хорижга кетиши ва Белгиядаги танишиникида қолиши бўйича қарор қабул қилинади.
Кейинги кун тонгида темирйўл вокзалига чиқишади. Анна ўз посёлкасига кириш жойида ўрнатилган тўсиқларга, қумлар уюмидан қилинган мудофаа истеҳкомларига, тамбалаб ташланган деразаларга қараб йиғлаб юборади. Ева – эса йўқ.
Улар ўзи билан кичиккина чамадон олишганди. Ичида - тиш чўткалари, иккитадан жинси, футболкалар, кроссовкалар, шампунлар.
Перронда оломон йиғилганди. Поезд бўладими? Агар бўлса, қачон? У қаерга элтади? Улар вагонга чиқа олишадими?
Одамлар сўкинишарди: кимдир платформага улкан ва ичи лиқ тўла чамадон олиб киради. «Бу сандиқ ўрнига поездга тўрт киши сиғиши мумкин!» – дейди тўпланиб турганлардан бири.
Яқинлашиб келаётган поезд овозини эшитиб, одамлар жонланиб қолишади. Электричка кириб келади – одамлар бахтига у бўш эди.
Одамлар ичкарини тўлдира бошлайди. Ҳамроҳлик қилиб келган эркаклар ўз рафиқаларига жой етмай қолмаслигидан хавотирланиб, уларни вагон ичкарисига куч билан итара бошлайди.
Ичкарида одатий ҳаёт тарзидаги қонунлар ишламасди – ҳеч ким катта ёшлиларга ёки ёш болаларга жойини бўшатиб бериш ҳақида ўйламасди. Ёш болалар оёқларини остига йиғиштирган ҳолда полга ётишади. Қариялар деворга тисарилиб туришади. Катта ёшлилар тик туришади.
Ҳожатхонага кириш учун икки соатгача кутиш керак эди. Анна Евани ичкарига киритади ва яна ўзи учун навбатга туради.
Дераза ортида тезда қош қораяди. Дарахтлар милтиллаб ўта бошлайди. Поезд қаерга кетаётганини тушуниш қийин эди - барча йўлкўрсаткичлар мато ёки фанерлар билан ўраб ёпиб қўйилганди. Одамлар телефон орқали харитага киришга ҳаракат қилишади, аммо йўловчилардан телефонларни ўчириш сўралади – эвакуация поезди ҳаракати ҳеч кимга кўринмаслиги керак эди.
Лвивгача ҳали узоқми? «Яна саккиз соатлик йўл», – жавоб қайтаради борт кузатувчиси.
Уч соат ўтади: «Яна қанча қолди?» – «Етти соат».
Қўшни вагонда аёллардан бирини тўлғоқ тутади.
40 соат ўтиб электричка Лвивга етиб келади. Вокзалда уларни кўнгиллилар кутиб олади. Аня ва Евани қочқинларни қабул қилиш пунктига айлантирилган собиқ интернат биносига олиб боради. Ҳар бир кишига матрас беришади, овқатлантиришади, чўмилиб олиш имкони бўлади.
Кейинги кун тонгида Анна чегарагача такси чақиради.
«Полша бизни бундай кулфатли кунда энг қадрдон кишидек, онадек кутиб олди. Улар лагер қуришди, бизни овқатлантиришди, сув беришди, меҳмонхоналардан текин хона беришди, транспортдан ёрдам қилишди».
Анна Полшадан Белгияга етиб олади, бу ерда уни таниши Олга уйига қабул қилишга рози бўлади.
Олга ҳам асли Запорижжядан бўлиб, анчадан буён Антверпенда яшайди, маҳаллий кишига турмушга чиққан. Анна Олга «путинпараст» эканини олдиндан билгани ва уникида кўп вақтга қолишни режалаштирмаганини айтади.
Олганинг турмуш ўртоғи Аннанинг фикрларини қўллаб-қувватлайди – гугл-таржимон орқали. Олга сиёсатга аралашмаслигини билдиради.
Аммо бир ҳафта ўтиб кечки овқат устида баҳс бошланади.
«У бошлади: «Сен саккиз йил қаерда эдинг?» Оля хола, сиз жуда яхши биласиз, бу одамларнинг барчасига жоним ачийди, аммо бу икки вазиятни солиштирманг. Ҳозир кенг кўламли уруш кетяпти. Унга фотосуратларни кўрсатдим. У яна айтади: «Сен буни ўз кўзинг билан кўрдингми? Сенинг уйингни бомбалашдими? Сен шахсан шунақасини кўрдингми? Буларнинг бари саҳналаштирилган».
Кичик Ева қўшни хонага чиқиб кетади, аёл унинг ортидан эргашади ва эшикни ичкаридан ёпиб олади.
«Олга эшикни очади ва дейди: '*** [йўқол] менинг уйимдан. Мен сизларни кўришни ва билишни истамайман. Сиз саккиз йил қаерда эдингиз? Саккиз йилдан буён бомбардимон қилинган ўша одамларга бепарво бўлган бўлсангиз, уйдан чиқиб кетинг'».
Кеч тушган, соат саккизлар атрофида эди. Анна Европада бошқа ҳеч кимни танимасди. Улар Ева билан бор нарсаларини чамадонга жойлашади ва ташқарига йўл олишади.
Олга эса ўзига келиб, меҳмонларни ташқарига қўйиб юборишни истамайди. Улар кўчага чиқиб кетмаслиги учун у Аннанинг курткасини олиб қўяди. Анна курткасиз кетишга қарор қилади.
У Ева билан бекатгача боришади. Уларда харита йўқ эди, интернет – яхши ишламасди, иккиси ҳам маҳаллий тилни билишмасди. Вокзалга боришга қарор қилишади – бу ерда текин интернетдан фойдаланиш мумкин бўлган кафе бор эди. Анна уйга қайтиш ҳақида ўйлайди: «Адашиб қолгандан кўра, ўқ остида ўтирган яхшидир».
Телефондан у украинларга ёрдам учун очилган гуруҳга ёзади. Бу ерда қандайдир эркак жавоб қайтариб, ўзи билан кетишни таклиф қилади. Аннага бу таклифга рози бўлиш қўрқинчли эди. Ярим тун келади.
Бўшаб қолган кафедаги сукунатни бегона овоз бузади: «Аня, бу сизми? Мен ухлашга ётиб бўлгандим, кейин сизнинг хабарингизни ўқиб қолдим, такси тутдим ва сиз вокзалда тунашингизга йўл қўймаслик учун олдингизга йўл олдим». Нотаниш қиз Аня ва Евани уйига олиб кетади.
Тонгда – яна фейсбук, кўнгиллилар чатлари, ёрдам гуруҳлари.
Вақтинча – икки ҳафтага – россиялик Зоя она ва қизига бошпана беришга рози бўлади. Кўнгиллилар бу вақт ичида унга доимий яшаш учун уй топиб беришни ваъда қилишади.
Улар иккиси ҳам 60 ёшдан ошган ва фарзанди 10 ёшдан ошган она ва болани қабул қилишга рози бўлган жуфтликни топишади. Аняга оиланинг фотосуратини кўрсатишади. Фотода икки итни кўрган Ева онасини таклифни қабул қилишга кўндира бошлайди - у Запорижжяда қолган ўз итини жуда соғинганди.
Янги уйда уларга пастки қаватни (ертўла) беришади. Уй эгалари одатда бу ерда бильярд ўйнашган, тренажёрда спорт билан шуғулланишган ва телевизор кўришган. Аннанинг келишига улар бу ерга каравот ўрнатишади. Бу ернинг деразалари йўқ эди.
Уй эгалари доимо бир гапни такрорларди: «Ноу стресс, ноу стресс» (Тушкунликка берилма). Улар билан мулоқот қилиш қийин эди - Анна барча гапга жавоб қайтаришга ҳаракат қиларди: «Данке, вери гут» (Раҳмат, барчаси яхши).
Бир неча кун ўтиб уй эгаси Аннага танбеҳ беради: уни «жуда кўп совун ишлатиш» ва душдан кейин ваннадаги сув оқиб кетадиган жойни яхшилаб тозаламасликда айблайди.
Бир ҳафтадан кейин эркак кечки овқатдан кейин ундан сўрайди: «Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?» - «Данке, вери гут». Эркак гугл-транслейтга шундай ёзади: «Биз эса ўз уйимизда ўзимизни ёмон ҳис қиляпмиз. Биласизми, ўртамизда шу вақтгача ҳеч қачон баҳс бўлмаганди».
«Сизни тушундим, - хўрсинади Анна. - Мен ўзимга бошқа жой излашим керак. Биз яна бир кеча қолсак майлими?» Уй эгалари рози бўлишади.
Бутун кечани Аня кўнгиллилар билан чатларда ўтказади. Охири Аня ва Ева Брюсселга кетадиган бўлади - у ерда нимадир топиш мумкин эди.
Тонгда Анна ошхонага кўтарилади. У ўзи сотиб олган маҳсулотларнинг барчаси аллақачон пакетга жойлаб қўйилганини пайқайди. Ваннадан эса унинг барча сочиқлари олиб қўйилганди. Унинг курткаси эшик олдидаги стулда ётарди. «Сиз бугун кетишингиз кераклигини биласиз-а?» - сўрайди уй эгаси бўлган аёл.
«Сизни вокзалга олиб бориб қўяйми?» - дея қизиқади унинг эри. «Йўқ, - дея унинг сўзини бўлиб қўяди аёл. - Бекатгача».
Яна - номаълумлик. Яна - вақтинча яшаш жойлари. Брюсселда уларни «муаммо ва можароларсиз, шунчаки оддий оила» кутиб олади. Улар Анна ва Евага эркинлик ва бўшлиқ беришади, аммо вақт бера олишмайди, шу туфайли тегишли муддат ичида ўзи кетиши керак эди.
«Мен яна кўнгилли қизга ёзаман. Мен барчасини тўғри тушунаман: у ижтимоий ходим эмас, у шунчаки оддий одам, унинг ўзининг ҳам уйи йўқ. Аммо мен вокзаллар ва вақтинча квартиралар бўйлаб кезишдан жуда чарчадим. Менда куч қолмади. Менда шундай ҳиссиёт бўлгандики, бизни худди чамадонларни ирғитгандек ирғитишмоқда. Биз ахир ўйинчоқ эмасмиз…»
Белгиядаги бир оила Аня ва Евага бошпана беришга рози бўлади - бу жуда кичик хона, аммо уларнинг ўзиники бўлади. Бу ерда фақат икки каравот ва Ева дарс қилиб, овқатланиши мумкин бўлган стол сиғарди. Ҳатто шкаф йўқ эди, лекин митти ошхона бор эди. Буюмларнинг асосий қисмини ҳамон чамадонда сақлашга тўғри келади.
Белгияликлар Анна ва қизи бу ерда ярим йил муддат текинга яшаши мумкинлигини айтишади. Олти ой тугаганидан кейин Анна жой учун пул тўлай бошлайди.
Кейинги ойларда Анна французчани ўргана бошлайди, Ева эса маҳаллий мактабга қатнайди.
Ҳозир Аня урушнинг илк ойларидаги каби кўп йиғламайди. Онасининг сўзларига кўра Ева унинг кўз-ёшларига эътибор беришни бас қилган - қизалоқ уйи ва севимли итини соғинади.
«Мен унга айтаман: бу у ерда барчамизни ўлдиришларидан яхшироқ. Ёки ногирон, қўлсиз, оёқсиз қолишдан. Бу ерда, албатта, дайдийсан, бурчак излайсан… аммо барибир. Биз бунгача ҳам кучли эдик, энди янада кучлироқ бўлдик. Бу ерда чиқиш йўлини топиш мумкин. Украинада эса бомба келади - ва барчаси тамом».
Аня эри Саша билан ҳар куни қўнғироқлашади. Феврал ойидаги суҳбатлардан бирида Саша бир кунда 17 марта зарба келганини айтди.
Наталья*, Мариупол
Февралда Украина армияси ҳарбий хизматчиси Евгенийнинг* аҳволи ёмонлашади. Уни шошилинч операция учун Днипрога олиб кетишади, унинг 52 ёшли турмуш ўртоғи Наталья Мариуполда ёлғиз қолади.
Наталья ва Евгенийнинг фарзандлари - икки ўғли - аллақачон ўз ҳаётини қурган ва бошқа шаҳарларда яшашарди. Кичиги 25 ёшга тўлган, 23 феврал куни у онасини кўриш учун Мариуполга келган ва ўзига янги паспорт олганди. «Уни Худо юборди», - дейди Наталья.
Кейинги кун эрталаб соат тўрт атрофида Наталья акасининг қўнғироғидан уйғониб кетади. «Наташ, уруш бошланди», дейди у гўшакка.
У шокка тушмайди. Кўп йиллар Луҳанскда яшаган Наталья нима қилишни биларди. У энг яқин банкоматга боради ва нақд пул ечиб олади - кўп ўтмай пул қолмаслиги тайин эди. Кейин ишга кетади.
«Мен мактабда ишлайман. Мен бормаслигимнинг иложи йўқ эди, у ерга болалар келиши мумкин эди. Соат еттилар атрофида, аллақачон ишда эканимда «келманглар» буйруғи берилди. Барчага уйга қайтиш буйруғи берилди.
Россия урушнинг илк кунидан Мариуполни ўққа тута бошлаганди, аммо Натальянинг хотирлашича, 24 феврал уни у яшайдиган шаҳар марказида анча тинчлик ҳукм сурарди.
У нарсаларни йиғиштириб, қаергадир қочишга тўғри келишига ишонмаган. Кечаси Евгений жонлантириш хонасидан туриб қўнғироқ қилади: «Агар олиб кетишга боришса, кетинглар». Ўғил онасининг олдига келади: «Она, биз бир уйимизни ташлаб келдик. Иккинчисини ташлаб кетишни истамайман».
Шаҳардан эвакуация поездлари чиқа бошлайди, аммо, кейинроқ шаҳар расмийлари айтиб беришича, ўшанда составлар ярмига ҳам тўлмаган.
«Биз одамлар билан шаҳарни тарк этиш имконияти ҳақида гаплашдик, аммо кўпчилик бундан фойдаланишга майл билдирмади. Келинглар, тўғрисини айтамиз - фақат мен эмас, мариуполликларнинг кўпчилиги уруш 2014 йилдаги каби бўлишини ўйлашган. Отишади, отишади ва келишилади. Ва барчаси тинчланади, бу ҳолда нима учун кетиш керак? Бу бутунлай бошқача уруш экани маълум бўлганида эса - кеч бўлганди. Душман шаҳарни ўраб олди», - дейди кейинроқ шаҳар мэри Вадим Бойченко.
Урушнинг иккинчи кунида электр таъминотида узилишлар бошланади. Иситиш тизими ўчади. 28 феврал куни Мариупол буткул токсиз қолади - амалда урушнинг кейинги тўққиз ойи давомида. Март ойи бошида Россия армияси шаҳарни блокада қилади. Украина бир неча бор аҳоли эвакуацияси учун яшил йўлак очиш бўйича келишувга эришишга уринади, аммо самарасиз.
Турар жойлар ҳовлиларига снарядлар учиб кела бошлайди. «Аҳмоқлигимиз туфайли улардан унчалик қўрқмасдик. Биз улар ўлдиради деб ўйламаганмиз шекилли. Қаергадир снаряд келиб тушса - кўриш учун борардик. Ва ўйлардик: о худойим, бу ерда битта машина шикастланибди, мана ойналари тўкилиб ётибди».
Наталья яшаган уй деразалари ҳали бутун эди, шунинг учун хонада иссиқлик сақланарди. Ичкарида ҳарорат - 16 даража атрофида эди. Аммо кун ўтган сайин ҳарорат бир-бир ярим даражага пасайиб, бутун ойналар сони эса камайиб боради.
Наталья март ойи ўрталарида, телефонига тўлқин излаб саккизинчи қаватдаги уйи балконига чиққанида биринчи бор қаттиқ қўрқиб кетади. Балконда туриб у илк бор Z белгиси акс этган танкни кўради.
«Жень, - дея у телефон орқали эридан сўрайди. - Z ҳарфи - сизларники эмасми?»
Бу 16 март - бомбалар Мариуполдаги юзлаб кишилар бошпана тутган театр бомбардимон қилинган кун эди. Ўша куни ташқи дунё билан алоқа буткул узилади.
Наталья ўғли билан тамбурга (бино томининг гумбаз қилиб ишланган қисми) - деразаларсиз, бир томони лифт шахтасига туташган хонага кўчиб ўтади. Полга пенка ва адёл тўшашади.
Янада кучлироқ ўққа тута бошлашади - осколкалар квартиралар деразаларига учиб келади. Бир сафар тонгда уйининг меҳмонхонасига ўтган Наталья деворда тешик пайдо бўлганини кўради - бу у одатда ўтириб телевизор кўрадиган жой эди.
19 март куни Z ҳарфи акс этган танк Натальянинг уйига зарба беради. У ва ўғли полга йиқилади. Омон қолишади.
Наталья кўчага чопиб чиқади - қаердир ёнмаётганини қараш учун. Қўшни подъездда ёнғин чиққанди. Наталья ертўладагиларга қараб бақиради: «Йигитлар, сизнинг подъезд ёняпти, кетдик!» Бир аёл бошини кўтариб қарайди: «Худойим. Бу менинг квартирам. У ерда онам ва мушугим қолган».
Зарба тўғри уйга келиб тушганди. Квартира бошдан оёқ ёниб кетади.
Қўшнилар бошқа квартираларга ўтиб кетмаслиги учун ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилишади, аммо олов юқорига қараб ўрлайди. Уни тўхтатиш учун ташлаб кетилган бошқа квартираларнинг эшикларини синдиришга тўғри келади. Тун бўйи навбатчилик қилинади.
«Биз панелли уй уч кун ёнишини билардик. Атрофни шундай уйлар ўраб турарди. Бундай уйлар аста-секинлик билан ёнар, ўзгарувчан шамол эса уни янада алангалатарди. Биз уч кун қўшни уйдаги қора тутунни кузатдик. Ҳатто уфқ ҳам қора тусда эди».
Наталянинг квартираси ҳам шикастланади. Бу ерда қолиб бўлмасди ва унга қўшни беш қаватли уйда бошпана беришади.
Улар уйдан чиқмасликка ҳаракат қилишади - фақат подъезддан бир неча метр масофадаги қўлбола плитада чойга сув қайнатиш учун чиқиларди. Чойнак юқорига олиб чиқилгунча сув совиб қоларди. Сув тугайди. Баъзида улар ярим вайрона дўконларга кириб чиқишади.
Уй жуда совиб кетади - ҳарорат нол даража атрофида сақланиб туради, тунда эса -4 даражагача тушади. Қариялар таом борлигида ҳам ейишдан бош тортишади ва ертўлаларда жон беришади. Наталья биринчи бўлиб вафот этган кекса аёлни эслайди. Унинг жасадини ташқарига олиб чиқиш жуда қўрқинчли эди - атрофда отишма тинмасди. Қўшнилар биргаликда уни барибир ерга қўйишади, озгина қазишади ва ортга қочишади.
Жасадлар сони кўпая боради. Ёниб кетган жасадларни уйдан узоқроққа, йўл бўйларига олиб боришга ҳаракат қилишади.
«Мен ўлим ҳақида ўйламасдим. Нима биландир шуғулланишга уринардим. Устимдан кулишарди, аммо мен ҳар куни подъездни тозалашни ёқтирардим. Ҳаво совуқ эди, чой ичардик, аммо қилгани иш йўқ эди. Мен эса супуришга кетардим. Ҳар куни - ёки деразалар тўкилар, ёки ромлар учиб тушар, ёки сувоқ кўчиб тушардиь. Супураман - икки соатни ўлдираман».
Отишма вақтида бир қисми ёнаётган уй тебрана бошлади. Худди кучли шамол вақтида арқонли пиллапояни тутиб тургандагидек ҳиссиёт эди. Ёмғир бошланганида снарядлардан бири томни ёриб ўтиб, тўққизинчи қаватни вайрон қилгани маълум бўлади.
Омон қолганлар тепага кўтарилади ва энди ҳеч қандай тўққизинчи қават йўқлигини кўришади. Шифтлар каравотда ётарди. Юқорида эса - тешикдан осмон кўриниб турарди.
Май ойи ўрталарида Мариупол Россия назоратига ўтди. Ҳар қадамда ҳужжатларни текшириш ишлари ташкил этилди, лекин ҳеч бўлмаганда кўчага чиқиш мумкин эди. Натальянинг ўғлидан ташқари ҳамма - она уни олиб кетишларидан хавфсирарди.
Наталья вайрон бўлган шаҳар оралаб саккиз километр юриб сув учун борарди - ичимлик суви Донецкдан цистерналарда олиб келинганди.
Шаҳардан чиқишда фильтрлаш постлари ўрнатилган. Наталья кетишни истайди, аммо дастлабки вақтларда ўғли учун хавотир олади. Аввалига фильтрациядан ўтиб, зарур «ҳужжатлар»ни олишга қарор қилади.
«Фильтрлаш марказлари бор эди, бу жойларда одамлар ечинтирилар, камситилар, тўлиқ текшириларди. Шунингдек, Донецк яқинида қочқинларга яхшироқ муносабат кўрсатиладиган пунктлар ҳам бор эди. Ҳайдовчи минг рубл эвазига бизни у ерга олиб борди. Бу ерда ортиқча саволларсиз фильтрация ҳужжатларини қўлга киритдик».
Шаҳардан чиқишнинг битта йўли бор эди - Россия ФВВ автобуслари одамларни Россияга элтиб қўярди. Ёзда Наталья ўғли билан автобусга ўтиради. «Ҳужжатлар ва «фильтрация» қоғозларини кўрсатиб, «ДХР»дан осонлик билан чиқиб кетдик. Улар шундай дейишди: «Ўтинглар - кўришгунча».
Россия билан чегарада эса автобус узоқ туриб қолади.
Натальянинг ўғли муддати ўтган украин паспортини кўрсатади - у янги ҳужжатни олишга улгурмаганди.
«Шунда қандайдир одамлар келишди ва ўғлимга бақиришди».
Айтишди: паспортингнинг муддати ўтган. «Мен қандай қилиб янги паспорт қила олардим? Туғилган куним 25 феврал куни бўлса».
Бошқа, амал қилувчи ҳужжатлар борми?
Йигит хорижга чиқиш паспортини кўрсатади. Кутиб туришади. Чегарачилар ўзаро нима ҳақдадир гаплашишади, қоғозларига ниманидир ёзишади, аммо барибир кириш рухсатномаси беришади.
Барча эркакларга автобусдан тушиш буюрилади ва ФХХ (ФСБ) ходимлари билан суҳбатга юборилади. Аёллар бир неча соат кутиб туришади.
ФХХчилар эркаклар ўтган вақт ичида Мариуполда нима билан машғул бўлишгани ва нималарни кўришганига қизиқишади. Телефонларни очиш талаб қилинади, синчковлик билан текширилади. «Барча бу процедуралардан жуда қўрқарди. Ҳеч қачон қаерда куйиб қолишингни билмайсан, айниқса агар телефонда Украина тарафдори эканингни кўрсатадиган нимадир бўлса. Шу туфайли йўлга чиқиш олдидан барча телефонларини тозалаганди».
Аёлни ўғли билан чегарадан ўтказишади.
Чегарадан ўтилгач, эвакуация автобуслари ҳайдовчилари ўз бизнесини йўлга қўйиб олишган. Истаганлар сафарни Таганрогдаги лагергача давом эттириши мумкин эди, аммо алоҳида тўлов эвазига иккинчи автобусда Ростовгача етиб олиш таклифи ҳам бор эди. Натальянинг пули унча кўп эмасди, аммо у қолган пулини Ростовга олиб борадиган автобус учун тўлайди - бу ерда унинг қариндошлари яшарди.
Россияда у ўғли билан ўн кун ўтказади. Наталья Ростов бўйлаб юради ва кўради: одамлар бунгача қандай яшаган бўлса, шундай яшашда давом этмоқда, хотиржам ишига бормоқда, ўз телевизорини томоша қилмоқда. Аввалига Наталья ҳеч нарсани ҳис қилмайди, энди эса, айтишича, унга ўшанда қийин бўлган.
У кўнгиллилар ёрдами билан Россияни тарк этади ва ҳозирда Францияда яшамоқда. У Мариуполдан ўзи билан бир неча осколка олиб чиққан - «уни ўлдириши мумкин бўлган темир парчалари».
Наталья ҳаммасидан ҳам россиялик ҳарбийларга унинг эри украин ҳарбий хизматчиси бўлганини айтмаган қўшниларидан миннатдор.
— У ҳозир қаерда?
— Эрим Украина ўрмонларида яшамоқда. У бутун ҳаёти давомида машғул бўлган ишини қилишда давом этмоқда.
Диана, Харкив
24 феврал тонгида Харкив мэри шаҳар аҳолисига уйдан чиқмасликни сўраб мурожаат қилади. Аммо квартирада ўтириб, уруш ўтишини кутиб бўлмасди. Узоқлардаги портлашларданоқ деворлар силкиниб кетарди.
Ҳали ҳам ишлашда давом этаётган дўконларда улкан навбатлар юзага келган. Консервалар, сув, сигарет сотиб олишарди. Дорихонада ҳам бир соатдан ошиқ навбатда туриш керак эди.
32 ёшли Диана эри ва икки боласи - тўққиз ёшли қизи ҳамда тўрт ойли ўғли билан - Харкив марказидаги беш қаватли уйда яшашарди. Уйда қолиш хавфсиз эмасди.
Марказда ерости бошпаналари кўп эмасди. Энг яқинигача Диананинг уйидан етти дақиқалик йўл, бу Юридик академия биносида эди. Ертўла анчагина иссиқ, бу ер қачондир тир сифатида фойдаланилган. Биринчи тунни оила бу ерда ёлғиз ўтказади. Кейинги тунда эса бу ерда ўнлаб кишилар тунаб қолишади - академия талабалари ва маҳаллий аҳоли вакиллари етиб келишади.
Девор бўйлаб ўриндиқ жойлашган. Бу ерда қорнини пастга қилиб Диананинг катта қизи ухлайди - жунли иштон, пушти пайпоқ ва қўлида телефонни маҳкам тутиб. Унинг боши устида деворда кўплаб қурол тутган эркаклар суратлари акс этган - булар тирдан қолган тасвирлар.
Таглик таққан тўрт ойлик чақалоқ Диана уйдан олиб келган кўрпада эмаклайди.
Атрофда нотаниш кишилар машғулот гиламлари ва пенкалар устига чўзилган. Айримлари ўзи билан ёстиқ ва ҳатто матраслар олиб келишган.
Диана ертўлада ўтирганча эри билан гаплашади: кетиш вақти келмадими? Аммо йўлларда ақл бовар қилмас тирбандликлар ҳосил бўлганди. Ва ташқари жуда қўрқинчли эди. Йўлда нима кутади? Билиб бўлмасди. Кетиш ертўлада яширинишдан кўра қўрқинчлироқ кўринарди.
Шу куни уларнинг дўсти уйидан айрилади - унга снаряд учиб келганди. Диана кетиш вақти келганини англайди.
Оила уйга қайтади, энг зарур нарсаларни олади ва шаҳардан ташқарига, қишлоққа кетади. Йўлда Диана ташлаб кетилган автомобилларни кўради, кўпи - музлама туфайли аварияга учраб шикастланганди. Рўпарадан украин ҳарбий техникалари ҳаракатланади.
Диананинг қариндошлари яшовчи қишлоқда унинг кичик уйи бўлиб, бу ер тинч, совуткичда егуликлар бор эди. Аммо оила қўрқинч билан уруш ҳали якунланмаслигини англайди.
1 март куни Россия қўшини Харкив марказидаги Озодлик майдонига зарба беради. Ракеталардан бири област маъмурияти биносига келиб тушади.
«Менимча, харкивликларнинг кўпчилиги айнан шундан кейин ғарбга кетишга қарор қилди». Диана - ҳам. Узоқ йўлга, ҳали эмизикли чақалоқ билан чиқишга қарор қилиш осон эмасди.
Оила қандайдир озиқ-овқат маҳсулотларини тўплайди - қолган блинчиклар, бутербродлар ва сув. Март бошланган бўлса-да, ҳаво ҳали совуқ эди. Йўл бўйи қор ёғар, машинанинг олд ойнасида аёзда нақшлар пайдо бўларди.
Харкивликлар ёппасига ўз шаҳрини тарк этишга тушган ва йўлларда адоқсиз тирбандликлар ҳосил бўлганди. Диананинг эри ўз машинасида, қизи, яқинлари ва дўстлари билан ҳаракатланарди. Диана - ўзиникида, рулни бошқарар, машинада қайнонаси ва дўстлари бор эди. Эмизикли чақалоғи ҳам қўлида эди.
Баъзида кимдир қатордан чиқар ва қарама-қарши йўналишга ёки йўлдан ташқарига чиқиб, навбатда турган машиналарни қувиб ўтишга ҳаракат қиларди. «Шунда айрим одамлар бита кўтариб чиқишди. Чинакам тўқнашув бўлди. Барча учун - тенг шароит талаб қилинди».
Ҳар йигирма километрда - блокпост. Шунда Диана уйдан ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам, машина техпаспортини ҳам олиб чиқмаганини билиб қолади. Аммо бу вақтда бу ҳужжатлар ҳеч кимни қизиқтирмас, украин паспорти бўлиши етарли эди.
Егулик тезда тугаб қолади. Сотиб олиш имкони ҳам йўқ - йўл бўйлаб ҳали очиқ турган ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳам аллақачон барча нарса тугаганди.
Тунашга жой топиш учун Диана инстаграмга ёзади - ва одамлар эътибор қаратади ва бутун компанияни қабул қилишга тайёр бўлганлар топилади.
Йўлдаги иккинчи куннинг кечасида навбатдаги блокпостда машина фараларини ўчириш буюрилади. Бу маълумот занжир бўйлаб тарқалади - бир машинадан бошқасига. Шу вақтда бу ерга зарба берилиши мумкин эди. Олдинда ҳам, орқада ҳам - автомобиллар тизилган. Ўнгда ва сўлда - адоқсиз далалар, яланғоч текислик, зулмат. «Болалар билан машинада ўтирасан ва кутасан». Уларнинг омади келади.
Юз километр йўлни босиб ўтиш учун етти соат кетади. Диана рулни бошқара туриб чақалоғини эмизади.
Ғарбга яқинлашилгани сайин колонна ҳаракати тезлашади.
«Навбатда турмасдан, йўлда ҳаракатланаётганингда тезроқ юриш керак, тўхташ мумкин эмас. Шу туфайли болани йўл-йўлакай эмизишга тўғри келади. Биз жуда кам ухладик. Кам едик. Қўрқчинчли эди. Бирор нарса учиб келмаслигини ўтиниб сўрардик».
Уч кун ўтиб оила Тернопилга етиб келади.
«Биз бу ерда бир неча ҳафта бўламиз, кейин барчаси изига тушади, деб ўйлагандик. Аммо ҳеч нарса жойига тушмади».
Тернопилда Диана нимадир ўзгачалигини тушуна бошлайди - аввалига гап стресс туфайли деб ўйлайди. Дорихонада у ҳомиладорликни аниқловчи тест сотиб олади. Икки чизиқ кўринади - шок.
«Қўрқинчли. Уруш кетяпти, бундай маҳалда учинчи бола? Аммо мен атрофга қарадим ва ҳозир бу урушда қанча болалар ҳалок бўлаётганини кўрдим. Менинг бошқача қарор қилишга маънавий ҳаққим йўқ эди. Мен ўйладим: ҳечқиси йўқ, катта қилиб оламиз».
Терноптилда анча тинч эди. Баъзида тревога садолари янграйди ва бу вақтда бошпанага тушиш керак бўлади. Дастлабки вақтларда кечалари «светомаскировка» амал қиларди - соат 21 дан кейин светни ёқишга рухсат йўқ эди. Аммо озиқ-овқат дўконлари ишлаб туради, қайсидир вақтларда ҳатто алкогол сотиб олишга рухсат берилди, кафелар очилди. Диананинг эри ишлашда давом этди, унинг ўзи эса болалари билан икки ойга Англияга кетди, бу ерда холаси яшарди.
«Бу биз учун ҳамиша иккинчи уй бўлиб келган. Ва бизда қаерга бориш бўйича бошқа вариант йўқ эди. Аммо қадрдон уйингни ташлаб кетиш жуда оғир. Мен ўзини хавфсизликда ҳис қилишни истаган, аммо ўз шаҳрида, отишмалар остида қолишга мажбур бўлган одамлар ҳақида ўйлайман. Нега улар у ерда қолмоқда? Чунки нима қилиб бўлса ҳам яшаш керак. Мамлакатимизда маошлар у қадар юқори эмас, квартира учун тўлаш керак, озиқ-овқат сотиб олиш керак. Албатта, инсонпарварлик ёрдамлари марказлари бор, бу ерларда егулик олиш мумкин, аммо бир умр консервалар билан яшаб бўлмайди. Уруш туфайли жуда кўпчилик ишсиз қолди, одамларга жуда оғир бўлди».
Лондонда нафас ростлаб олгач, Диана августда Тернопилга, эри олдига қайтади.
У урушнинг илк кунларида ғазаб, ҳатто нафрат ва умидсизлик ҳис қилганини эслайди. Аммо жанглар қанча узоқ давом этгани сари, чарчоқ шунчалик кучлироқ эди.
«Мен ҳамиша қандайдир мақсад, орзулар билан яшаганман. Ҳозир эса кичик вақт оралиғи учун яшайсан. Куч кам. Руҳан ҳам, жисмонан ҳам. Барчаси тезроқ тугашини хоҳлайсан. Ва яшашни... яна нолдан бошлашни».
Декабр ойида Тернопилда Диана қиз кўрди. Унга Майя деб исм қўйишди.
* Қаҳрамоннинг ва унинг турмуш ўртоғининг исмлари хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзгартирилган.
Мавзуга оид
21:42
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024