Ўзбекистон | 19:47 / 28.02.2023
30749
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш таклиф қилинди

Болаларни зўрлагани исботланган ва психологик ташхис қўйилган ашаддий педофиллар кастрация қилинишини керак, дея фикр билдирди депутат Бобур Бекмуродов. Бошқа бир депутат Одилжон Тожиев бу таклифга қарши чиқиб, масаланинг қалтис томонлари борлигини айтди.

Фото: Depositphotos

Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов қонунчиликка педофилларни кастрация қилиш амалиётини киритиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида пост қолдирган.

“Қонунчиликка педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиёти киритилиши шарт. Жазо муддатларини қанча оширмайлик, такроран содир этиш хавфи сақланиб қолади. 20 ёшли эркак педофиллик қилса, 15 йил ўтириб чиққанда 35 га кирган бўлади. Яна шу жиноятни содир этади. Педофилия – бу касаллик”, – дея ёзган Бекмуродов.

Депутатнинг таклифини унинг ҳамкасби, Қонунчилик палатасининг бошқа бир депутати Одилжон Тожиев рад этиб, таклифнинг қалтис томонлари борлигини эслатган.

“Ҳукмда белгиланган жазо муддатини бошидан охиригача ўтаса, етарли, менимча. Сиз айтаётган таклифнинг қалтис томонлари бор”, деган депутат.

Бекмуродов юзага келган баҳсда ўз фикрларини тўлдирар экан, жисмоний бичиш амалиёти ҳаммага ҳам қўлланмаслигини қўшимча қилган.

“Қонунга кимёвий ва жисмоний бичиш чорасининг киритилиши – бу ушбу чоранинг ҳаммага қўлланишини англатмайди. Яъни, айби аниқ далиллар билан исботланган ва психологик ташхис қўйилган ашаддийларига қўлланиши мумкин”, – деган у.

Одилжон Тожиев эса “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раисининг “кескин” таклифига қарши чиқишда давом этиб, шундай ёзган:

“Бундай қўшимча жазо олишини билган жиноятчи, айбини яширишга кўпроқ ҳаракат қилади. Оқибатда жабрланувчининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин”.

Бобур Бекмуродов эса таклифи муҳимлигини урғулашда давом этаркан, кўпчилик ҳали ҳам педофилларни оддий жиноятчи сифатида кўраётгани, педофилия бу ўта оғир касаллик экани ҳақида ёзган.

Унинг ёзишича, педофилия бу ўта оғир касаллик ва буни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тасдиқлаган. Педофил қилаётган ишини ҳам назорат қилмайди ва катта эҳтимол билан қайта-қайта жиноят содир этаверади.

Депутат Одилжон Тожиев эса жиноятнинг оддий сифати бўлмаслиги, барча жиноят ҳам оғир эканини айтган ва Бекмуродовнинг педофилия касаллик экани ҳақидаги фикрига қисман қўшилишини билдирган.

Шунингдек, у “Юксалиш” раисига “Жинсий зўравонлик қилган шахсга кимёвий кастрация (бичиш) қўлланиши билан нимага эришилади?” деган савол билан юзланган.

“Менинг назаримда, майда безорилик бу оддий жиноят. Педофилия – бу касаллик туфайли содир этиладиган жиноят. Кимёвий кастрация (бичиш) шаҳватни сўндириш учун, жисмоний бичиш эса, масалан, рецедивистлар хавфини батамом йўқотиш учун қўлланади. Бу тиббий исботланган”, – дея баҳсда ўз фикрларини тугатган Бобур Бекмуродов.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 31 январ куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида зўравонлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилган эди.

27 феврал куни “Миллий тикланиш” партиясининг парламентдаги фракциясида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган.

Йиғилишда таъкидланишича, бугунги кунда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Жумладан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган. Қонунчиликда аёлларни иш ва ўқиш жойида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича кафолат йўқ.

Мавзуга оид