Ўзбекистон | 10:51 / 28.02.2023
5748
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси билан учрашди

2023 йил 27 февраль куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Америка Қўшма Штатларининг мамлакатдаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеникни қабул қилди.

Фото: Senat.uz

Мулоқот аввалида Сенат раиси элчини юксак ва масъулиятли вазифага тайинлангани муносабати билан самимий қутлади. Учрашув чоғида Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Сенат раиси парламентлараро алоқалар мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим механизмларидан бирига айланиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Стратегик ҳамкорликни ҳозирги босқичи парламент миқёсидаги яқин алоқаларни ҳам акс эттириши зарурлиги, ўзаро муносабатларни янада юқори босқичга кўтаришда мулоқотлар изчиллигини таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

Суҳбат давомида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида шакллантирилган “Ўзбекистон бўйича Кокус” (дўстлик гуруҳи)нинг ўрни ва фаолияти самарадорлиги таъкидлаб ўтилди.

Элчи Жонатан Хеник қабул учун миннатдорлик билдириб, 26 йил аввал Ўзбекистонда бўлгани, ўтган вақт ичида мамлакатда барча соҳаларда жуда катта ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлганини айтиб ўтди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги масалаларида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш борасида Ўзбекистоннинг тажрибасини бутун жаҳонга намуна сифатида кўрсатиш мумкинлигини ва бу борада бошқа давлатлар ўзбек тажрибасини ўрганиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантириш, бу жараённи фаоллаштиришда Ўзбекистон ва АҚШнинг турли соҳалари вакилларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш, бундай ёндашув икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан аёллар тадбиркорлиги ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида фикр алмашилди.

Мавзуга оид