Жаҳон | 09:13 / 28.02.2023
4547
2 дақиқада ўқилади

SpaceX космик кеманинг ХКСга парвозини стартдан икки дақиқа олдин кечиктирди

Crew Dragon кемасининг парвози техник муаммолар туфайли кечиктирилди ва яқин кунларда янги уриниш амалга оширилади. Космик кема тўрт астронавтни ХКСга олиб боради.

Фото: Getty Images

Мультимиллиардер Илон Маскнинг SpaceX космик корпорацияси Флорида штатидаги Канаверал бурнида режалаштирилган учирилишидан икки дақиқа олдин Falcon-9 ракетасининг Халқаро космик станцияга (ХКС) парвозини кечиктирди. Қарорга ердаги тизимлар билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлди, деб маълум қилди АҚШнинг NASA космик агентлиги 27 февраль, душанба куни Twitter'да.

Унинг маълумотларига кўра, биринчи босқичли двигателлардан бирига ишга тушириш учун ишлатиладиган триэтилалюминий ва триэтилборан аралашмасини юклаб бўлмаган. Ёнилғи қайта чиқариб олинди, экипаж кемани тарк этишга мажбур бўлди.

Crew Dragon космик кемаси америкалик астронавтлар Стивен Боуэн ва Уоррен Хобург, россиялик космонавт Андрей Федяев ва Бирлашган Араб Амирликларидан астронавт Султон ал-Нежадийни орбитага олиб чиқиши керак эди. NASA раҳбари Билл Нелсон учиришни кечиктириш қарорини қўллаб-қувватлади ва экипаж хавфсизлигига устувор аҳамият қаратди. «Инсоннинг коинотга учиши хавфли иш ва ҳар доимгидек, биз тайёр бўлганда учамиз», - дея қўшимча қилди у.

Агар техник муаммолар шу вақтгача ҳал этилса, 2 март, пайшанба куни янги уриниш амалга оширилади. Тўрт кишидан иборат жамоа ХКСда олти ойни ўтказади.

Мавзуга оид