Ўзбекистон | 01:24 / 04.03.2023
42149
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ИИББ ота-оналарни «Рёдан» ҳаракатидан огоҳлантирди

Ўсмирларнинг бу ҳаракати япон комиксларидан келиб чиққан бўлиб, бир қанча давлатларда оммавий тартиббузарликларни уюштирмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) япон комиксларидан бирининг қаҳрамонларидан илҳомланган «Рёдан» халқаро ёшлар ҳаракати ҳақида ота-оналарни огоҳлантирди. Идора бу ҳаракатнинг мухлислари юртимизда ҳам борлиги ҳақида хабарлар олган.

Қайд қилинишича, «Рёдан» япон анимация санъати мухлислари томонидан ташкил этилган бўлиб, дастлаб ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришни мақсад қилган. Болалар севимли қаҳрамонларни муҳокама қилиб, уларга ўхшашга интилиб, орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкаларни кийиб олишган.

Бироқ, вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлган. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг «тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш» орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олган. Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошлаган.

Айни пайтда «Рёдан» ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия, Украина, Беларус ва бошқа давлатларда қайд этилган. Жанжаллар иштирокчиларнинг турли даражадаги тан жароҳати олиши, мулкка зарар етказилиши, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келган.

«Биз юртимизда бундай оқибатларнинг олдини олишимиз керак. Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга эътиборли бўлинг, уларнинг қизиқишини ўрганинг, айниқса субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлманг», дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ИИББ болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмаслигини, лекин, бу қизиқиш туфайли номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганига ишонч ҳосил қилишни сўрамоқда.

«Фарзандларингиз ҳаётига, уларда кечаётган ўзгаришларга бефарқ бўлманг: улар билан дўстона муносабатда бўлиш орқали қизиқишларини, иштиёқини муҳокама қилинг, шу йўл билан уларнинг фикрини ўрганасиз ва уларда бўлаётган ўзгаришларни сезиш имконингиз ошади», дейилади хабарда.

Мавзуга оид