Украина ҳарбийлари россияликлар қатл этган асир шахсини маълум қилди
Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондонлиги шу кунларда интернетда қатли акс этган жангчи шахсини очиқлади. Ҳарбийлар маълумотига кўра, бу 30-алоҳида механизациялашган бригада ҳарбий хизматчиси, 1982 йилда туғилган Тимофей Николаевич Шадурадир. У Бахмутдан шимолдаги жанглардан сўнг 2023 йил 3 февралдан буён бедарак йўқолган деб ҳисобланаётганди.
Бригада қўмондонлиги баёнотида айтилишича, унинг жасади Россия Федерацияси назоратидаги ҳудудда қолмоқда.
«Ҳарбий хизматчимизнинг жасади вақтинча босиб олинган ҳудудда қолмоқда. Шахснинг якуний тасдиқланиши жасад қайтарилганидан ва тегишли экспертизалар ўтказилгандан сўнг белгиланади», — дейилади княз Константин Острожский номидаги 30-алоҳида механизациялашган бригада қўмондонлиги хабарида.
«Қаҳрамонимиз учун қасос олиниши муқаррар», дея ваъда қилган Украина қуролли кучлари қўмондонлиги.
Аммо журналист Юрий Бутусов ўлдирилган аскар - бошқа одамлиги, у Нежин шаҳри ҳудудий мудофаасининг 163-батальони жангчиси, мерган Олександр Марциевский бўлганини айтган. Бутусовнинг сўзларига кўра, қуролдошлари уни видеодаги юздан танишган.
Журналист исбот сифатида отиб ўлдирилган асирнинг ўнг қоши тепасига пластир ёпиштирилганини келтирган. Унинг ҳаётлигида тушган суратида ҳам бу жароҳатни кўриш мумкин.
Унинг танаси февралдаёқ уйга қайтарилган. Батусовнинг айтишича, Марциевскийнинг моргдаги жасадини кўрган ва танасининг видеода ўқ узилган жойларида ўқ излари бўлган. Энди катта эҳтимол билан ўлим тафсилотларини аниқлаштириш учун эксгумация амалга оширилади.
Ўз навбатида, Украина мудофаа вазирлиги фуқароларни Украина қуролли кучлари аскарининг россиялик ҳарбийлар томонидан қатл қурбонига айлангани муносабати билан ҳамдардлик кўрсатишга чақирди. «Ўлганлар ва уларнинг оила аъзолари, биринчи навбатда, ҳурмат қилиниши керак», — деб ёзди мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Facebook'да. У «ижтимоий тармоқлар ва одоблилик бир-бирига мос келмаслигини» таъкидлаб, марҳумнинг шахси расман тасдиқлангунча кутишга чақирди.
6 март куни ижтимоий тармоқларда россияликлар украиналик ҳарбий асирни қатл этгани акс этгани айтилган видео тарқала бошлаганди. Унда ўрмонли ҳудудда турган ва чекаётган эркакни кўриш мумкин, кадр ортидаги овоз эса шундай дейди: «Уни тасвирга олма». Асир эса: «Слава Украине» иборасини айтишга улгуради, шундан кейин автоматдан сидирғасига ўт очилади ва у ерга қулайди. Кадр ортидаги овоз сўкинади.
Видео қачон ва қаерда ёзиб олингани маълум эмас. Қатл ким томонидан содир этилгани ҳам тушунарсиз. Украина томони буни россияликлар қилишганига амин.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳам кечки нутқида қотиллар топилишига ваъда берди. «Бугун оккупантлар жасорат билан уларнинг кўзларига қараб: «Слава Украине!» деган жангчини ваҳшийларча ўлдиргани акс этган видео тарқалди. Мен барчамиз биргаликда унинг сўзларига жавоб қайтаришимизни истайман: «Қаҳрамонга шон-шараф! Қаҳрамонларга шон-шарафлар! Украинага шон-шарафлар!» Ва биз қотилни топамиз. Украина халқи Украинага абадий эркинлик берган ҳар бир инсоннинг жасоратини унутмайди», деб таъкидлади у видеомурожаатида.
Украина нашрларига кўра, айни вақтда ушбу аскарга Украина Қаҳрамони унвонини бериш тўғрисида қарор қабул қилинмоқда.
Украина Бош прокуратураси бир кун аввал қуролсиз ҳарбий асирнинг қатл этилиши эҳтимоли бўйича тергов бошланганини, иш Жиноят кодексининг 438-моддаси 2-қисми («Уруш қонунлари ва одатларини бузиш») бўйича олиб борилаётганини хабар берди. «Ҳатто урушнинг ҳам қонунлари бор. Халқаро ҳуқуқ нормалари бор, Россиянинг жиноий режими уларни мунтазам равишда менсимайди. Лекин эртами-кечми жиноят жазоланади», - деди бош прокурор Андрей Костин.
Қайд этиш лозимки, бу икки томондан ҳам шу каби кадрлар тарқалиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас.
2022 йил апрелида ижтимоий тармоқларда Киев атрофида россиялик ҳарбий асирлар ўлдирилгани акс этган видео пайдо бўлганди. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк ўшанда BBC нашрига бу каби ҳодисаларнинг сабаб ва тафсилотларини аниқлаш учун синчковлик билан тергов ўтказиш талаб қилинишини айтганди.
Ноябр ойида Луҳанск области ҳудудида уч нафар россиялик ҳарбий отиб ташлангани акс этган кадрлар тарқалганди. Россия мудофаа вазирлиги «қонли жазо» ҳақида хабар қилганди. Украина ҳукумати бу ҳолат текширилишига ваъда берган.
Россия асирлигидан қайтган украин ҳарбийлари ҳам асирларга шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақида айтиб беришган.
Мавзуга оид
21:53
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00