Фан-техника | 20:14 / 10.03.2023
93879
2 дақиқада ўқилади

Apple собиқ ходимлари iPhone «вориси»ни тақдим этмоқчи

Смартфонга ChatGPT қандайдир тарзда ўрнатилган бўлиши мумкин. 

Фото: Justin Sullivan/Getty Images

Американинг Humane компанияси одамларнинг смартфонлар билан ўзаро муносабатини ўзгартира оладиган қандайдир янги қурилмани тақдим этишга тайёрланмоқда, деб ёзди The Wall Street Journal. 

Тахминларга кўра, бу тақиладиган қурилма бўлиб, дисплейни, эҳтимол фойдаланувчининг қўлига проекция қила олади. Шунингдек, атрофдаги нарсаларни таний оладиган овозли бошқарувга эга камера ҳам борлиги айтилмоқда. Уни атрофдаги нарсаларга қаратиб «бу қандай маркадаги машина», «бу қандай бино», «бу кийим менга мос келадими» каби саволларни бериш мумкин. 

Humane компанияси Microsoft ва OpenAI билан ҳамкорликда қурилма устида ишламоқда. Шунинг учун, ChatGPT қурилмага қандайдир тарзда ўрнатилган бўлиши мумкин. 

Humane компаниясига беш йил аввал Apple компаниясининг собиқ раҳбарлари: Имрон Чаудри (интерфейсларни ишлаб чиқиш бўйича собиқ директор), Бетани Бонжорно (операцион тизимлар бўйича собиқ директор) ва Патрик Гейтс (собиқ катта техник директор) томонидан асос солинган. Шунинг учун ҳам айрим ОАВ янги қурилмани iPhone «вориси» ва ҳатто «қотили» деб атамоқда. 

Мавзуга оид