Ўзбекистон | 11:11 / 13.03.2023
6239
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 11-синф ўқувчиси синфдошига пичоқ билан жароҳат етказди

Пойтахтнинг Миробод туманидаги мактаблардан бирида 11-синф ўқувчиси спорт майдончасидаги ўзаро жанжал оқибатида синфдошига пичоқ урди. Жабрланувчи касалхонага ётқизилган.

Жорий йилнинг 11 март куни тахминан соат 14:00 ларда Миробод туманидаги мактаблардан бирининг 11-синф ўқувчилари ўртасида ўзаро жанжал келиб чиққан.

Пойтахт ИИББ хабарига кўра, 2006 йилда туғилган Т.А. ҳамда 2005 йилда туғилган О.Ж. шу тумандаги спорт майдончаларидан бирида баскетбол ўйнаётган вақтида ўзаро оғзаки гап талашиб қолган. Шундан сўнг, вояга етмаган, 2006 йилда туғилган Т.А. ушбу келишмовчиликни тинч йўл билан ҳал қилиш ўрнига, ўзи билан олиб келган пичоқ билан 2005 йилда туғилган О.Ж.нинг бел соҳасига бир маротаба урган. 

Рўй берган ҳодиса оқибатида О.Ж. тиббий ёрдам кўрсатилиши учун шифохонага олиб борилган. Ҳозирда О.Ж.нинг ҳолати қониқарли экани айтилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов олиб борилмоқда.

“Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга пичоқ ёки бошқа совуқ қуроллар муаммонинг ечими эмаслигини, ҳар қандай низони оғзаки ҳал қилиш мумкинлигини, қонунларга риоя этиш лозимлигини тушунтиринг”, дейилади ИИББ хабарида.

Мавзуга оид