Жамият | 13:05 / 16.03.2023
35219
7 дақиқада ўқилади

Болаларни педофил тажовузидан қандай асраш мумкин? Психологлар билан интервю

Маълумотларга кўра педофилларнинг 40 фоизи жамият учун хавфли. Табиийки, ота-оналар фарзандларини улардан ҳимоя қилишни истайди. Лекин бола хавфга қачон, қаерда дуч келишини олдиндан билиш қийин. Агар жамиятда улар учун хавфсиз муҳит яратилмаган бўлса, бу — вазиятни янада оғирлаштиради. Бундан ташқари энг ёмони ўзимиз истамаган ҳолда бўлажак зўравонларни тарбиялаб қўйишимиз мумкин. Бунинг олдини олиш учун нималар қилиш, қандай хатоларга йўл қўймаслик кераклиги ҳақида Kun.uz болалар психологлари билан суҳбат ташкил этди.

— Педофиллардан болаларни ҳимоя қилиш борасида гап кетганда, кўпроқ масъулият ота-оналарга тушади. Бу борада оилада қандай тарбия усулларидан фойдаланиш керак?

Муаззам Ибрагимова: — Шундай педофиллар борки, улар боланинг муҳитидаги, яъни ҳар куни кўриб, гаплашиб юрган одамлар бўлади. Бундай инсонлардан ҳимоя қилиш қийинроқ. Амалиётда шундай ҳолатларга гувоҳ бўлдимки, педофилни боланинг ўзи ҳимоя қилиб чиққан. Қилаётган иши тўғрилигини шу даражада уқтирганки, у жиноятчини ҳимоя қилади. Ота-оналар шунинг учун ҳам эътиборли ва диққатли бўлиши керак. Айниқса, бола муҳитига бегона бўлган педофиллардан кўра ички муҳитдагилари кўпроқ хавфли.

Ўғил болани жинсга қараб, оиладаги қизлардан устун кўрсатиш — биздаги энг катта хатолардан. Чунки ўғил бола менга мумкин экан, деб билади, бунинг оқибатида келиб чиққан зўравонликлар ҳақида эшитдим ҳам, гувоҳ ҳам бўлдим.

Муаззам Ибрагимова

Ота-она боласи кимлар билан мулоқотда бўлаётганини билиши керак. Бир ҳолатда ота-она боласининг бир эркак билан 2,5 ойлик ёзишмаларини кўриб қолгач, болани урган, у эса уйдан чиқиб кетган. Шунчаки назорат эмас, дўст-қадрдон каби меҳр билан назорат қилиш керак. Болани қўрқитмасдан ўргатиш керак, унда фобия пайдо қилиб қўймаслик зарур. Кичик ёшда эртаклар, кейинроқ ҳикоялар билан, ўзаро мулоқотлар билан, қўрқитмасдан кўчада хавф бор эканини тушунтириш лозим.

Кўп ўзбек оилаларида эркак киши ечиниб юради ўз уйимдаман деб. Буни кўрган бола мумкин экан, уятмас экан, деган фикрга келади. Натижада ёмон ниятдаги одамнинг ечинишини ҳам бола тўғри қабул қилади, ундан хавфсирамайди. Ота-оналар уйда шарм-ҳаёни сақлаб, кийиниш маданиятига ҳам эътибор бериши керак.

Баъзи оилаларда ота-она чет давлатда бўлади, болалар эса яқинлари қўлида қолади. Бу ҳам нотўғри. Ўзим гувоҳ бўлган бир нечта ҳолатлар айни ўша яқинлари томонидан содир этилган. Бундай болалар келажакда меъёрий ҳолатда яшаб кетолмайди, улар ҳам кимнидир хўрлайди, албатта.

Розалия Габдулҳакова: — Болалар ҳали нима тўғри-нотўғри эканини билмайди. Масалан, «ички кийим» қоидаси, яъни ҳар бир бола ички кийими яшириб турган жойлари фақат ўзига тегишли эканини ўрганиши керак.

Розалия Габдулҳакова

Катталар ёш болани чўмилтираётганда жинсий аъзоларини эркалаши, тегиниши, умуман, танасини қаттиқ озор бериб уқалаши ҳам мумкинмас, аслида. Чунки болада менинг танамга тегиши мумкин экан, жим туришим керак экан, деган кўникма пайдо бўлади. Натижада болада шахсий ҳудуд тушунчаси шаклланиши қийин кечади. Ота-оналар боласининг шахсий чегарасига ўтиши орқали дунё ҳақида, одамлар ҳақида нотўғри фикр шаклланишига сабаб бўлиб қолади.

Бола учта: хавфли, мумкинмас, қўрқинчли, деган сўзларни билиши керак. Лекин уларга сўйиб кетади, зўравонлик қилади каби қўрқинчли сўзлар билан айтмаган маъқул, чунки у дунёни хавфли деб ўйлай бошласа, шунчаки кўчага чиқишга, одамларга аралашишга қўрқиб қолади. Буларни оддий қоида сифатида шакллантириш керак.

Кичкина бола ўзини ҳимоя қилолмайди. Ота-онанинг вазифаси —болага маълум бир ёшгача хавфсиз муҳит яратиб бериш. Яна бир нарсага эътибор беришимиз лозим: боланинг ўз ётоғи ва хонаси бўлиши зарур. Бу шахсий чегарани шакллантиришда энг муҳим нарсалардан биридир. Шу йўл орқали болага «шахсий» деган тушунчани осонроқ тушунтириш мумкин.

— Таълим муассасаларида, боғча ва мактабларда бу масалага қандай ёндашса бўлади?

Розалия Габдулҳакова: — Ҳамма жойда камера бўлиши керак. Биз ўқитувчи, тарбиячиларда руҳий бузилиш борлигини билолмаймиз. Агар шундай руҳий бузилишлар бўлса, камералар уларнинг ўзини назорат қилишига сабаб бўлади.

Бизда муаммолардан сақланиш учун боғча, мактабдаги гапни уйга айтма, чақимчи бўлма деб ўргатишади. Баъзи ҳолатларда болалар чақимчи бўлмайман деб зўравонлик ҳолатини ҳам айтмаслиги мумкин. Болага кимдир уйга айтма, ота-онанг сиқилади, деган гапларни айтганда, албатта, ўша гапларни ота-онага айтиш кераклигини ўргатиш керак. Бунинг учун оналар боласи билан соғлом эмоционал ришта боғлаган бўлиши лозим. Агар она болани кўп уришадиган бўлса, у бўлган ҳолатларни айтмайди, чунки қўрқади.

Калтаклаш тарбия усули эмас. Бола жазоланса ҳам, ўзгара олмайди. Айнан хато қилган болалар ёрдамга муҳтож. Ота-оналар уларни тушуниб, тўғри йўл кўрсатиши керак. Болаларнинг бу тарзда жазоланиши муаммони катталаштиради, холос. Фарзанд ота-онанинг хатосини айтганда, тан олиш керак. Яъни бола катталар ҳам хато қилишини билиши лозим.

Муаззам Ибрагимова: — Болаларни қўрқитмайдиган методлар билан машғулотлар ўтиш ва болаларни ташқи дунёга мослашишга ўргатиш керак. Яъни қандай ҳимояланиш, кимни ёрдамга чақириш каби. Масалан, Германиядаги боғчаларда зўравонлар пайдо бўлганда, қандай белги бериш кераклигини ўргатишади. Бегона одам ҳам шу белгиларга қараб, хавфни билиб ёрдам бериши мумкин бўлади. Болани кутиб турадиган хавф-хатарлар харитаси тузиб берилган ва хавфларни қора қарға билан белгилаб қўйишган. Барча мумкин бўлган хатарли жойлар кўрсатиб берилган. Бизда ҳам шу нарсаларни қилиш вақти келди деб ўйлайман.

— Жамиятда болаларга хавфсиз муҳит яратиш учун нималар қилиш керак?

Муаззам Ибрагимова: — Бу борада жаҳон амалиётида кўп ишлар қилинган. Педофилияга мойиллиги бўлганлар билан ишлайдиган марказлар бўлиши керак. Германияда автобусларда «Сиз болаларга кўп эътибор беряпсизми, унда бизга мурожаат қилинг» деган эълонлар бор. У ерда махсус марказлар педофилияга мойиллиги борлар билан ишлайди. Афсуски, бизда бундай марказлар йўқ. Ўша потенциал педофиллар ҳам қачонлардир ичидаги дардини ота-онасига айтолмаган болалар. Улар марказга қилиб қўйиши мумкин бўлган жиноятининг олдини олиш учун боради. Бизда ҳам ташкил қилиш вақти аллақачон келган. Охирги воқеалар кўрсатяптики, бунга эҳтиёж бор.

Олдин ҳам айтганимдек, ўта хавфли педофилларнинг очиқ рўйхати бўлиши керак. Ундай инсонлар қаерда бўлади, қаерда ҳаракатланади, оиласи — буларни жамият билиши шарт.

Розалия Габдулҳакова: — Айнан болалар билан ишлайдиган касблар учун махсус психиатр тестлари, суҳбат жорий қилиш керак. Умуман, жинсий зўравонликдан ташқари жисмоний, руҳий зўравонлик қилишга мойил бўлиши мумкин кимлардир, тест орқали шуларни ҳам аниқлаш имкони пайдо бўлади. Буни тез-тез ўтказиб туриш керак.

  • Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Шоҳруз Абдурайимов

Мавзуга оид