Ўзбекистон | 18:57 / 17.03.2023
9097
2 дақиқада ўқилади

Наврўз байрами ва дам олиш кунлари тиббиёт муассасалари туну кун ишлайди

Шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадалари аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида куну тун хизмат кўрсатади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Президент фармонига кўра, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар 5 кун (18-22 март), олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар 4 кун (19-22 март) кетма-кет дам олиши белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, шу даврда даволаш-профилактика муассасаларининг 40 минг нафар тиббиёт ходими қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади:

  • 1257 та кўп тармоқли ва оилавий поликлиника;
  • 1080 та оилавий шифокор пункти;
  • 1002 та маҳалла тиббиёт пункти;
  • туман, вилоят ва республика шифохоналари;
  • ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари;
  • тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.

2755 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида куну тун хизмат кўрсатади.

227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.

Мавзуга оид