Ўзбекистон | 11:04 / 25.03.2023
14999
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Оқ уйда Жо Байденнинг ёрдамчиси билан учрашди

Президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева Оқ уйда Жо Байденнинг ёрдамчиси ва АҚШ президенти администрациясининг гендер сиёсати бўйича Кенгаши директори Женнифер Кляйн билан учрашди.

Маълум қилинишича, учрашув давомида Ўзбекистонда президент раҳбарлигида олиб борилаётган муҳим ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашилган.

Суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири - хотин-қизларни гендер зўравонликдан ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонда унга йўл қўймаслик учун амалга оширилаётган ишлар бўлди. 

"Умуман, мулоқотимиз очиқ ва самимий бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик жиноятини назарда тутувчи ўзгартиришлар фақат қоғозда қолмаслиги учун зарур чора-тадбирларни атрофлича муҳокама қилдик", дейди Саида Мирзиёева. 

Қайд этилишича, Женнифер Клайн бу борада амалий ёрдам беришни таклиф қилган. 

"Шуни инобатга олган ҳолда, келгусида алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш имкониятига эга бўламиз, деб ўйлайман", деб ёзади Президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири.

Аввалроқ Саида Мирзиёева Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар туркумига ўтказилгани, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилганини олқишлаганди.

Мавзуга оид