Фан-техника | 10:33 / 30.03.2023
88957
5 дақиқада ўқилади

Генетик ўзгартирилган озиқ-овқатлардан нега қўрқамиз?

Бозор ёки маркетларда озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олаётганимизда “ГМОли ёки ГМОсиз” деган ёзувларга, албатта, кўзимиз тушган. Истеъмолчиларда генетик ўзгартирилган озиқ-овқатларга шубҳа билан қараш мавжуд. Фан тараққий этиб дунёда генетик таҳрирланган озиқ-овқатлар ҳам аллақачон етиштирила бошланди. Улар ГМО маҳсулотларидан маълум фарқларга эга.

Фото: Kun.uz

Фермерлар узоқ вақт маҳсулотларнинг янги ва самарали навларини яратиш учун табиий чатиштириш усулларидан фойдаланиб келган. Масалан, катта ва мазали карамга эга бўлиш учун катта, лекин унчалик мазали бўлмаган карам ва кичикроқ, бироқ мазали карам чатиштирилган ҳамда мукаммал маҳсулотга эришишга ҳаракат қилинган. Бироқ табиий усулда бунга эришиш – минглаб генларни карамлардан ажратиб олишдан иборат анча йиллаб муддат талаб этадиган жараён бўлган.

Генетик усуллардан фойдаланиш эса селекционерларга маҳсулотдан тасодифий элементларни осон ўчириш имконини берган. Генетик усул билан қайси генлар мазага, қайсиси, ҳажмга жавоб беришини аниқлаш мумкин ва тезроқ, самаралироқ тарзда генларни ўз ўрнига қўйиш имкони мавжуд бўлади.

Қандай генетик технологиялардан фойдаланилади?

Генетик модификация. Бу усулдан дунёнинг аксар давлатларида 20 йиллардан буён фойдаланиб келинади. Модификация (ГМО) усулида ўсимликка бошқа турдаги ўсимлик ва ҳатто ҳайвон ДНКси ҳам қўшилиши мумкин. Бу усул орқали табиий чатиштириш йўли билан яратиб бўлмайдиган янги навлар ва турлар пайдо бўлади.

Цисгениз. Бунда ўсимликка жуда яқин бўлган навларнинг генидангина фойдаланилади. Цисгениз усулида генларни ўзгартиришга унинг ёрдамида эришиладиган натижага табиий чатиштириш усули билан ҳам эришиб бўлса, рухсат берилади. Ундан ортиқ ҳолатда генларни ўзгартириш мумкинмас.

Генетик таҳрирлаш. Бу усул бошқаларига қараганда нисбатан янги ҳисобланади. Унда ўсимликнинг кичик қисм ДНКлари олиб ташланиши мумкин. Лекин унга бошқа ўсимлик ёки ҳайвон ДНКлари қўшилмайди.

Генетик таҳрирланган озиқ-овқатлар етиштириш бошланганми?

Японияда аллақачон генетик таҳрирлаш усулида етиштирилган, тинчлантирувчи хусусиятга эга помидорлар, сушилар учун мос келадиган махсус етиштирилган денгиз лишайникларини сотиб олиш мумкин.

АҚШ фирмалари уруғсиз маймунжон ва данаксиз қулупнайлар устида иш олиб боряпти.

Буюк Британияда эса тадқиқотчилар витамин Д га бой помидорлар устида ишлаяпти.

Англиянинг Ҳертфордшир университети олимлари буғдойнинг янги навини генетик таҳрирлаш устида ишлаяпти.

Озиқ-овқат саноатида генетик таҳрирлашдан фойдаланиб тезроқ янги навларни кашф қилишни хоҳлаши билан бирга озиқ-овқатни тўла мослигича етиштиришга ҳам урғу берилмоқда. Масалан, вегетерианлар учун мўлжалланган ўсимликлар оқсилга бой ва гўшт истеъмоли ўрнини боса оладиган бўлиши керак.

Бундан ташқари, иқлим ўзгаришига чидамли навлар бўлишига ҳам алоҳида эътибор бериляпти.

Генетик ўзгарган маҳсулотларни истеъмол қилиш хавфсизми?

Олимлар 3 та усул ҳам истеъмол учун хавфсиз озиқ-овқат ишлаб чиқаришини, ҳар бир нав қаттиқ синовдан ўтишини таъкидлайди.

Шимолий ва Жанубий Америка, Осиёда генетик ўзгартирилган маҳсулотларни миллиардлаб одамлар 20 йилдан ошиқ вақтдан бери истеъмол қилишяпти, лекин уларнинг соғлигида айнан шунинг учун муаммо кузатилмаган.

Бироқ соғликка ва табиатга хавф эҳтимоли мавжудлиги сабаб ГМО ва бошқа усулда генетик таҳрирланган маҳсулотлар сотувига Европа Иттифоқи ҳудудида қатъий тақиқ қўйилган.

Англияда эса яқиндан бошлаб генетик таҳрирланган муҳсулотлар сотувига рухсат берилди.

Хавотирлар сабаблари

Генетик таҳрирланган озиқ-овқатларни хуш кўрмаётганлар бу турнинг ГМО маҳсулотлардан фарқи йўқлигини айтишмоқда. Бошқа тараф эса генетик таҳрирланган маҳсулотлар табиийга яқин эканини, улар ГМО озиқ-овқатлардан фарқ қилишини айтишмоқда.

Шунингдек, генетик таҳрирланган маҳсулотлар аллергия чақириши ёки заҳарланиш хавфи пайдо қилиши мумкинлиги хавфи ҳақида ҳам хавотирлар бор.  

ГМО маҳсулотлари-чи? Улар хавфлими?

Жаҳон cоғлиқни cақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ГМО маҳсулотларининг 3 та асосий хавфга сабаб бўлиши хавотири бор. Булардан биринчиси генлар аралашиши оқибатида аллергик оқибатларга олиб келиши мумкинлиги. Кейингиси ГМО маҳсулотларида генлар трансфери инсон соғлигига салбий таъсир қилиши хавотири. Яна бир хавотир эса ГМО маҳсулотлари сабаб озиқ-овқат хавфсизлигига путур етиши мумкинлиги. Бунда таркибида ГМО бўлган экин билан анъанавий ёки ёввойи экин чатиштирилиши оқибатида табиийлик занжирига путур етиши мумкин. Шунинг учун баъзи давлатларда ГМО экинлар ва анъанавий экинлар етиштириладиган далалар бир-биридан қатъий ажратилади.

ГМО маҳсулотлари хавфли ёки хавфсиз эканини айтиш учун уларнинг ҳар бири алоҳида тешкирувдан ўтказилиши керак. Сабаби ҳар бир генетик модификация қилинган озиқ-овқат бошқасидан фарқ қилади. Шунинг учун умумий тарзда ГМО маҳсулотлари соғлик учун хавфсиз ёки хавфли деб таъриф бериб бўлмайди. Айни пайтда халқаро сотувда бўлган ГМО маҳсулотлари текширувлардан ўтказилади ва улар соғлик учун хавфли эмас. ГМО истеъмол қиладиган давлатлар аҳолиси соғлигида ҳам умумий тарзда бирор ўзгариш кузатилгани қайд этилмаган.

Мавзуга оид