Жамият | 18:26 / 01.04.2023
18850
2 дақиқада ўқилади

Ифторликда тўғри таомланиш бўйича тавсиялар берилди

Рўзани учта хурмо ёки сув билан очиш ифторликни бошлашнинг анъанавий ва соғлом йўлидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Рамазон ойида соғлом овқатланиш бўйича эълон қилинган тавсиялардан ифторлик дастурхонига доир маслаҳатлар ҳам ўрин олган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Хусусан, ифторлик чоғида соғлом ва меъёрида овқатланиб, қувватни тўлдириб олиш муҳим. Рўзани учта хурмо ёки сув билан очиш ифторликни бошлашнинг анъанавий ва соғлом йўлидир.

Хурмо одам танасидаги кўплаб аъзоларнинг тўғри фаолият кўрсатишини таъминлайдиган клетчаткага бой озуқа. АҚШ Cornell University мутахассисларининг ёзишича, овқатланишдан олдин сув ичиш танани суюқлик билан озиқлантиришнинг энг яхши йўлидир.

Лекин рўзани очган заҳоти бирданига кўп сув ичиб юбормаслик лозим. Бу саломатлик учун хавфли ҳисобланган сув интоксикациясига олиб келиши мумкин.

Организмни муҳим витаминлар ва озуқа моддалари билан таъминлаш учун ифторлик таомномасига кўплаб сабзавотларни қўшган афзал.

Шунингдек, организмни қувват ва клетчатка билан таъминлайдиган донли (янчилмаган ва тозаланмаган) маҳсулотларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Печда ёки грилда пиширилган ёғсиз гўшт, терисиз товуқ ва балиқ тановул қилиш орқали организмнни соғлом оқсиллар билан бойитиш мумкин.

Умуман олганда, ёғ ва шакарга бой, қовурилган ҳамда қайта ишланган маҳсулотлардан тийилиш керак.

Ифторликдан сўнг кўп ширинлик ейиш тавсия этилмайди. Бунинг ўрнига, сувга бой мавсумий мевалар, жумладан, олма истеъмол қилиш фойдали.

Ифторлик учун ЖССТ тавсиялари:

- уйда пиширилган сабзавотли шўрва;

- сабзавот ва кўкатлардан тайёрланган салат;

- қийма қўшилган сабзавотли таомлар (қовоқ, бақлажон, ток баргига ўралган дўлма);

- печда пиширилган товуқ.

Кўп миқдорда сув ичиш, таъмни яхшилаш учун таомга лимон бўлаклари ва ялпиз қўшиш мумкин.

Мавзуга оид