Жаҳон | 07:53 / 03.04.2023
38725
2 дақиқада ўқилади

Россиялик «ҳарбий мухбир» Татарский Петербургда портлатиб юборилди

Портлаш «Вагнер» ХҲК эгаси Евгений Пригожинга тегишли кафеда Владлен Татарский билан учрашув бўлиб ўтаётган вақтда содир бўлган. Номаълум қиз «ҳарбий мухбир»га совға қилган ҳайкалчага портловчи моддалар ўрнатилган.

Владлен Татарский

2 апрель, якшанба куни Санкт-Петербургдаги кафеда юз берган портлаш натижасида таниқли россиялик «ҳарбий мухбир» Владлен Татарский ҳалок бўлди. Санкт-Петербург бўйича Ички ишлар вазирлигининг бош бошқармаси маълумотларига кўра, 16 киши жароҳатланган. Кейинроқ Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов 25 киши жароҳатланганини, улардан 19 нафари касалхонага ётқизилганини аниқлаштирди.

Санкт-Петербургдаги «Фонтанка» нашрининг ёзишича, портлаш содир бўлган кафе «Вагнер» ХҲК эгаси Евгений Пригожинга тегишли. Муассаса фақат шанба ва якшанба кунлари ишлаган, у ерда «Кибер Z фронт» мунозара клубининг йиғилишлари бўлиб ўтган ва уруш тарафдорлари Донбасс, Украина ҳамда дунёда содир бўлаётган воқеаларни муҳокама қилиш учун йиғилган. 2 апрел куни бу ерда Татарский билан «ижодий учрашув» бўлиб ўтди. Сиёсатшунос Константин Долговнинг айтишича, қўлида бўлган маълумотларга кўра, Евгений Пригожиннинг учрашувга келиши эҳтимоли бўлган.

ОАВ хабарларига кўра, тротил эквивалентида 200 грамм бўлган портловчи модда номаълум қиз томонидан портлашдан бироз олдин ҳарбий мухбирга совға қилинган ҳайкалчада бўлган бўлиши мумкин. Полиция уни қидирмоқда. Портлашдан бирмунча вақт ўтгач, Ксения Собчакнинг «Кровавая барыня» Telegram-канали ҳужумни украиналик аёл амалга оширган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Россиянинг бошқа Telegram-каналлари содир бўлган воқеаларнинг яна бир нечта версияларини кўриб чиқмоқда, шу жумладан янги, «мудофаа» босқичига ўтаётган урушнинг ахборот таъминотини «қайта ўзгартириш»да етарли даражада «тизимли» бўлмаган ўйинчиларни «тозалаш», «ҳарбий мухбир»нинг касбий фаолиятидан норози бўлганлардан бирининг қасоси, шунингдек, «ўтмишдан салом», яъни Владлен Татарский ҳарбий ҳаракатларда қатнашган пайтдаги ишлари учун жавоб.

Мавзуга оид