Ўзбекистон | 18:21 / 03.04.2023
11748
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда банкоматни ўмармоқчи бўлган шахслар ушланди

Улар банкомат ичидаги 323 млн сўм нақд пулни талон-торож қилмоқчи бўлган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Самарқандда банкоматни ўғирлаб кетмоқчи бўлган 3 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ хабар берди.

Қайд қилинишича, 31 март куни тунда 3 нафар номаълум шахс юзини тиббий ниқоб билан беркитган ҳолда, давлат рақам белгиси бўлмаган қора рангли Chevrolet Tracker автомобилида «Туронбанк» Самарқанд вилояти филиалига тегишли бўлган банкоматни ўмармоқчи бўлган.

Улар банкоматни электр қувватидан узган ва бузиш йўли билан банкомат ичида бўлган 323 млн сўм нақд пулни яширин равишда талон-торож қилмоқчи бўлган.

Аммо банкоматнинг тармоқдан узилгани ҳақидаги сигнал ишга тушиб кетган. Натижада, Қўриқлаш бўлими ходимлари воқеа жойига етиб борган. Хизмат автомашинасининг огоҳлантирувчи товушларини эшитган шахслар зудлик билан воқеа жойидан яширинган.

Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимларининг тезкор қидирув-суриштируви натижасида улар қўлга олингани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Мавзуга оид