Жамият | 23:40 / 05.04.2023
16759
3 дақиқада ўқилади

Uzbekistan’s club платформаси ишга тушди

Лойиҳадан мақсад – Ўзбекистонда туғилиб, хорижда турли соҳаларда катта муваффақиятларга эришаётган, дунёнинг кўзга кўринган ташкилотларида самарали иш олиб бораётган ва ёшларга ўрнак бўладиган ватандошларни бир глобал майдонда бирлаштириш.

Фото: Uzbekistan’s club

Халқаро миқёсда муваффақият қозониб келаётган ўзбекистонликларни бир ерга жамлаш мақсадида Uzbekistan’s club глобал платформаси ташкил этилди.

“Эксклюзив ва юқори сифатли, таъсирчан контентимиз ёшларга мотивация улашади, кўп тармоқли лойиҳаларимиз эса уларга жаҳон тоифасидаги мутахассис бўлиб етишишда йўл кўрсатувчи бўлиб хизмат қилади. Бундай муваффақият қозонган ўзбекистонликлар дунёда жуда кўплаб топилади. Аммо уларни бирлаштириб турувчи ягона платформа шу кунга қадар яратилмаган эди. Шуларни инобатга олиб, биз шу каби одамларни бирлаштирувчи ва Ўзбекистон билан алоқаларда кўприк сифатида хизмат қилувчи платформани яратдик.

Мақсадимиз ушбу майдонни ўзбекистонликларнинг ақлий салоҳияти хабига айлантиришдан иборат”, – дея маълум қилди ташкилотчилар.

Лойиҳа бутун дунёдаги ўзбекистонликларни бирлаштириб, ватандошларни улар туғилиб-ўсган юрт билан, унинг ёшлари ва салоҳиятли қатлами билан алоқалар ўрнатувчи кўприкка айланишни мақсад қилган.

Uzbekistan’s club платформаси орқали дунёнинг турли минтақаларида фаолият олиб бораётган ўзбекистонликлар рўйхатдан ўтиши ва ўзлари ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолдиришлари мумкин. Бу орқали улар барча муваффақиятли ўзбекистонликларни бир жойга жамлаган глобал хаб аъзосига айланади.

Uzbekistan’s club жамоаси хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар ҳақидаги ҳикоя қилувчи O‘zbekistonlik туркум фильмларини суратга олиб келмоқда. Айни кунга қадар фильмнинг икки эпизоди премьераси бўлиб ўтган бўлиб, фильмнинг учинчи эпизоди ҳам тайёр ва тез орада томошабинлар эътиборига ҳавола қилинади. Фильмнинг кейинги эпизодлари қаҳрамонлари Uzbekistan’s club глобал платформаси аъзолари ичидан танлаб олинади.

Uzbekistan’s club платформасининг медиа резидентлари ҳам мавжуд бўлиб, улар Ўзбекистондаги медиа тармоқларида машҳур, ўз ўрнига эга блогерлар, журналистлар ва инфлюенсерлардан иборат бўлади. Бугунги кунга келиб 20га яқин медиа резидент Uzbekistan’s club жамоасига қўшилишган.

Мавзуга оид