Жамият | 20:04 / 06.04.2023
23756
6 дақиқада ўқилади

Американинг “юраги” – Вашингтондан фотожамланма

Хизмат сафари билан АҚШда бўлиб қайтган Kun.uz мухбири Вашингтонда бўлиб, диққатга сазовор нуқталардан фотожамланма тайёрлади. Гилос гуллаган мавсумда Колумбия округи янада чирой очган. Шаҳардаги кўплаб давлат ташкилотлари – Оқ уйдан Конгресс биносигача халқ мулки бўлиб, бемалол кириш ва расмга олиш мумкин.

Америка Қўшма штатларининг пойтахти – Вашингтон шаҳрининг расмий номи Колумбия округи ҳисобланади. Шаҳарни шу номдаги бошқа штатдан ажратиш учун америкаликлар қисқа қилиб DC (District of Columbia) дейишади. Вашингтон дейилганда эса одатда мамлакат шимоли-ғарбий қисмида жойлашган энг яшил штатлардан бири Вашингтон штати назарда тутилади.

Харитада иккала Вашингтон штатларини жойлашувини кўришингиз мумкин.

АҚШнинг илк президенти – Жорж Вашингтон номи берилган пойтахтга 1791 йилда асос солинган. Вашингтон шаҳри АҚШнинг 50 та штатлари бирортаси таркибига кирмайди, майдони 177 км/кв, аҳолиси эса бор-йўғи 700 минг атрофида. Лекин ҳафтанинг иш кунларида бу ердаги офисларга келиб ишловчилар туфайли аҳоли сони 1 миллионга яқинлашади.

Ўз-ўзидан, бу ерда АҚШнинг энг муҳим давлат ташкилотлари жойлашган.

Дастлаб АҚШ парламенти – Конгресс жойлашган бино Капитолийга бордик. Бу ерда замонавий демократиянинг асоси ҳисоблаган, мустақил халқ вакиллари ўтиради.

Конгресс жойлашган бино Капитолий деб номланиб, 1800 йилда қуриб битказилган, лекин кейинчалик бир неча марта кенгайтирилган. АҚШ Конгрессининг иккала палатаси – вакиллар ҳам, сенаторлар ҳам ўз фаолиятини шу ерда олиб боради.

АҚШда жойлашган барча давлат идоралари бинолари халқ мулки (public building) ҳисобланиб, у ерга бемалол кириш ва суратга олиш мумкин. Албатта, олдиндан рўйхатдан ўтган ва конгресменларнинг фаолиятига халақит қилмаган ҳолда.

Парламент биносининг тўғрисида Конгресс кутубхонаси жойлашган. Кутубхонага 1800 йилда асос солинган ва у АҚШнинг бош кутубхонаси ҳам ҳисобланади. Конгресс кутубхонаси дейилишига сабаб, дастлаб ундан фақат президент ва конгресменлар фойдаланиши мумкин бўлган. 740 та китоб ва 3 та харита билан очилган кутубхона бугунга келиб 160 миллиондан ортиқ, 450 та тилдаги китоб, қўлёзма, газета, илмий ва тарихий манбаларга эга.

Ҳар йили миллиондан ортиқ китоб ва қўлёзмалар билан бойиётган ушбу маскан айни вақтда дунёнинг энг катта кутубхонаси ҳисобланади.

Кутубхона – АҚШ Конгресининг расмий бир бўлими ҳисобланиб, унда алоҳида Когресс учун ҳисобот ва таҳлиллар тайёрлайдиган мутахассислар ҳам ишлайди.

Конгресс кутубхонасининг 3 та асосий йирик бинолар ёнма-ён жойлашган ва бир-бирлари билан ер ости туннеллари ёрдамида уланган.

Конгресс яқинида АҚШ Олий суди ҳам жойлашган. Олий суд биноси нисбатан ёш – 1935 йилда қуриб битказилган. Бунга қадар судьялар Капитолий ва бошқа биноларда ўтирган.

АҚШ Олий судида 9 нафар судья бўлиб, улар Сенатнинг розилиги билан президент томонидан бир умрга тайинланади. АҚШда 1803 йилдан барча норматив ҳужжатларнинг Конституцияга мос ёки мос эмаслигига баҳо бериш функцияси Олий судга берилган.

Кейинги манзилимиз – дунёга машҳур Оқ уй – АҚШ президентларининг расмий қароргоҳи бўлди. Биз ташриф буюрган кунда Жаҳон демократия саммити туфайли Оқ уй атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва бинога яқинлашиш учун масофа бир неча метрга узоқлаштирилган эди. Бино атрофида доимгидай турли намойишлар давом этмоқда.

Оқ уй ҳам бошқа давлат идоралари каби америкаликлар учун очиқ. Чет эл фуқаролари эса ўзларининг АҚШдаги элчилари орқалигина Оқ уйга кириши мумкин.

Оқ уй 1792-1800 йилларда қурилган бўлиб, баландлиги 21 метрни ташкил қилади. Ундан АҚШнинг 2-президенти Жон Адамсдан бошлаб барча етакчилари расмий резиденция сифатида фойдаланади. Шунингдек, бинонинг бир қисмида АҚШ президентлари оиласи билан бирга яшайди.

Бинога Оқ уй номи 1901 йилда Теодор Рузвелт томонидан берилган. ОАВ Оқ уй атамасини АҚШ президентининг администрацияси маъносида ишлатади.

Оқ уйнинг тўғрисида Вашингтон монументи жойлашган. Монумент 1844-1885 йилларда Жорж Вашингтон хотираси учун бунёд этилган. Хайриялар ҳисобига қурилган бинонинг баландлиги 169 метр, оғирлиги эса 91 минг тонна.

Бундан ташқари, АҚШ пойтахтида жуда кўплаб диққатга сазовор иншоотлар жойлашган. Булар қаторига бир-бирига яқин масофадаги Авраам Линколн ва Иккинчи жаҳон уруши монументларини келтириш мумкин.

II жаҳон уруши монументи 2004 йилда очилган. Монумент марказида сув ҳавзаси ва икки тарафда 56 та устунлар жойлашган. Шунингдек, бу ерда II жаҳон урушида ҳалок бўлган америкалик аскарлар шарафига 4 минг юлдуз қадалган. Ҳар бир юлдуз жаҳон урушида юз нафар америкалик аскар вафот этганини билдиради.

Мамлакатда қулчилик расман бекор қилиниши ортидан бошланган фуқаролар урушида давомида ёрқин из қолдирган, АҚШнинг 16-президенти Авраам Линколн шарафига ҳам жуда йирик монумент барпо этилган.

Бундан ташқари, Вашингтон шаҳри – баҳор ойлари гуллайдиган, Япониядан олиб келинган гилос ва сакуралари билан ҳам машҳур.

Аслида тадбиркорлар томонидан Америкага олиб келинган мевалар, кейинчалик япониялик амалдорларнинг совғалари туфайли пойтахтда ҳам, бошқа штатларда ҳам анча кўпайган. Шунингдек, АҚШда ҳар йили бу дарахтлар гуллаган даврда фестиваллар ўтказилади.

Вашингтон, бундан ташқари дунёнинг энг кўп элчихоналари жойлашган пойтахт ҳамдир.

Катта майдонни эгаллаган Россия элчихонаси олдидаги кўплаб уйларда Украина байроғи ва урушни қораловчи шиорлар илинган.

Албатта, бир неча кунлик сафар – Вашингтон каби кичикроқ ҳудудларни ҳам тўлиқ айланиб чиқиш ва таништиришга камлик қилади. Қўшма штатларга сафаримиз давомида тайёрлаган кўрсатув ва репортажларимиз саҳифаларимизда кузатиб боринг.

Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид