Жамият | 19:21 / 08.04.2023
47486
4 дақиқада ўқилади

ACTIVIST лойиҳаси муаллифи 15 суткага қамаб қўйилди

ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров ўз видеоларидан бирида бир қатор брендларнинг йогурт маҳсулотлари таркибида кармин моддаси борлиги учун уларни истеъмол қилмаслик керак дейиши ортидан, “диний адоват қўзғатувчи материал” тарқатишда айбланиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Фото: SUBYEKTIV

Савдо қоидаларига риоя этилишини назорат қилиб, бу борадаги видеолари билан танилган, YouTube'да 500 мингдан ортиқ обуначига эга ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди.

У 5 апрел куни лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойланган видеода камида 6 хил брендга тегишли йогурт маҳсулотлари ҳаром экани, чунки таркибида ранг бериш учун ишлатиладиган кармин (Е-120) моддаси борлигини айтган.

8 апрел куни лойиҳанинг Telegram-каналида Ҳожиакбар Носиров шу видео учун 15 суткага қамалгани маълум қилинди. Постда Шайхонтоҳур тумани ИИБ ходимлари “босим остида” материал тўплашгани, суд жараёни “бор-йўғи 3 дақиқа” давом этгани айтилади.

“Юртимизда конституциявий ўзгаришлар олиб борилаётган, сўз эркинлиги таъминланиши назарда тутилаётган гап-сўз ваъдалар қаерда? Биз ушбу ҳолат юзидан тегишли органлардан муносабат кутамиз. Ҳожиакбар ишлатган айнан қайси сўз ёки контент диний экстремизмга алоқадор эканини исботлаб беришларини сўраймиз”, – дейилади постда.

Лойиҳанинг каналида, шунингдек, Ҳожиакбар Носировнинг ички ишларга чақирилишидан олдин ёзиб олинган видеоси ҳам жойланди. “Агар бу видеони кўраётган бўлсангиз, мен сизларнинг ва президентимизнинг кўмагига ишонаман”, – деган у мурожаатда.

Тошкент шаҳар ИИББ баёнотига кўра, 26 ёшли блогер йогуртлар таркибида кармин моддаси мавжудлиги сабабли уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрларини “тегишли соҳа мутахассисларидан хулоса олмаган ҳолда” билдирган.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 25-моддасига асосан, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шунингдек 27-моддасига биноан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон фуқароларининг юқоридаги кафолатларига монелик қилиш мумкин эмас. Айниқса, алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали турли масалаларга диний тус бериш орқали ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади”, – дейилади пойтахт ИИББ ахборотида.

Бошқарма Ҳожиакбар Носировга нисбатан МЖтКнинг 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди блогерга 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда SUBYEKTIV лойиҳаси Ҳожиакбар Носиров билан интервю эълон қилган эди.

Мавзуга оид