Жамият | 14:00 / 08.04.2023
19904
2 дақиқада ўқилади

Кончиларнинг мўъжаз шаҳарчаси – Янгиободда баҳор

Тошкентдан 2 соатлик масофадаги Янгиобод шаҳарчаси ўзига хос табиати ва ўтган асрдан сақланиб қолган архитектураси билан ажралиб туради. Kun.uz фотомухбири ноодатий шаҳарча манзараларидан фотожамланма тайёрлади.

Фото: Kun.uz / Нуриддин Нурсаидов

Янгиобод – ўтган асрда қурилган ва ўша давр архитектурасини сақлаб қолган мўъжаз тоғ шаҳарчаси. Бир пайтлар кончилар истиқомат қилиши учун қурилган бу манзил Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган.

Янгиобод шаҳарчасига етиб олиш учун пойтахтдан тахминан 2 соат йўл юрилади. Бир асрлик шаҳарча, айниқса, баҳор фаслида жуда чиройли кўриниш олади. Эски тош уйлар, тоғнинг шундай бағридаги бинолар яшиллик ичида қолади. Манзара чиройли бўлса ҳам, бу ерга дам олувчилар кўп келмайди. Шунинг учунми, шаҳарчада чиқиндиларни деярли учратмайсиз, атроф тоза.

Бу ерда илгари “Чилтен” уран кони бўлган ва шу сабабли шаҳарчада кўплаб кончилар яшаган. Коннинг дебети (самарадорлиги) пасайиб бориши билан 1985 йилларда уни ёпиш ишлари бошланган, 90 йилларгача рекультивация ишлари якунланиб, кон буткул ёпилган.

Тоғ ёнбағридаги йўлларда туристлар, меҳмонлардан кўра кўпроқ спортчиларни учратиш мумкин, улар бу ерга машғулот олиб бориш учун келишади. Шаҳарчада истиқомат қилувчи ёшлар ҳам кам, кексалар кўпроқ.

Агар баҳорда табиат қўйнида дам олишни режалаштирган бўлсангиз, бироқ ҳали манзил танламаган бўлсангиз, Янгиобод шаҳарчаси – яхши вариант. Фақат шаҳарчага дам олишга борсангиз, чиқинди ташламасликка ҳаракат қилинг.

nurphoto-41.jpg (1280×853)

Суратлар муаллифи: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид