Ўзбекистон | 14:57 / 10.04.2023
36534
2 дақиқада ўқилади

Нурафшон шаҳри ҳокими Музаффар Солиев ишдан олинган

Kun.uz манбасига кўра, Солиев уй-жой коммунал хўжалик вазири лавозимидаги фаолияти билан боғлиқ иш юзасидан терговга жалб этилган бўлиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Нурафшон шаҳри ҳокими Музаффар Солиев шаҳар кенгашининг қарори билан ўтган ҳафта лавозимидан озод этилган. Айни вақтда унинг ўрнига вазифасини бажарувчи қўйилган. Бу ҳақдаги маълумотни Kun.uz'га Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов тасдиқлади.

Kun.uz манбасига кўра, собиқ ҳоким айни дамда терговга жалб этилган бўлиши мумкин. Бунга сабаб унинг уй-жой коммунал хўжалик вазири лавозимида ишлаб келган даври билан боғлиқ экани айтилмоқда. Бош прокуратура бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Музаффар Солиев 2017 йил 5 июлдан 2021 йил январигача уй-жой коммунал хизматлар вазири лавозимида ишлаган. У Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган танқидий йиғилишдан кейин ишдан олинган эди.

2021 йил 15 январда эса Нурафшон шаҳри ҳокими лавозимига тайинлаган.

Солиев, шунингдек, фаолияти давомида мудофаа вазирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Мавзуга оид