Жамият | 14:51 / 12.04.2023
13953
6 дақиқада ўқилади

Ҳожатхона-ку қурилар, ундан фойдаланиш-чи?

Жамоат ҳожатхоналарининг кириш эшигидан тортиб энг ички хонасигача, сув сақлагич бакигача турли-туман огоҳлантирувчи ёзувлар илиб ташланган: «Ифлос қилманг!», «Сувни ҳайданг!», «Қоғозни челакка ташланг!», «Нос туфламанг!», «Чекманг!»... Хўш, нега шундай?

Фото: Kun.uz

Сўнгги йилларда бу мавзу юқори давраларда ўртага ташланди, жиддий муҳокама бўлмоқда, таклифлар билдириляпти, қарорлар қабул қилиняпти. Аммо умумий манзара ўзгараётгани йўқ. Ҳожатхоналар, улардан фойдаланиш маданияти бўйича ҳалигача бир жойда депсиниб турибмиз.

Қизиқ факт: Етмиш йил яшаган инсон ўз умрининг тахминан уч-тўрт ойини ҳожатхонада ўтказади. Демак бу жараён нафақат бир инсон учун, балки бутун жамият учун муҳим. Кексаларимиз «Бирор оила ҳақида тасаввурга эга бўлмоқчи бўлсанг, ҳожатхонасига кириб кўр» деб бежизга айтишмайди. Бу тизимнинг қандай ишлаши бир оила эмас, ташкилотлар, давлат муассасалари, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканлари ва умуман бутун бир мамлакат ҳақида ҳам етарлича хулоса чиқаришга асос бўла олади.

Ўзбекистонда умумий ҳожатхоналар муаммоси ўта жиддий, буни очиқ тан олмай иложимиз йўқ. Пулли бўлса ҳам жамоат ҳожатхоналарини кўпайтириш зарур. Айниқса шаҳарларда, аҳоли гавжум жойларда бутун бир кўчаларни кезиб ҳам баъзан бундай жой топа олмаймиз. Топганимиз ҳам кўнгилдагидек эмас. Ахир давлатимиз ривожланиб бормоқда, кун сайин юртимизга сайёҳлар кўпроқ ташриф буюришмоқда, шундай экан инсон ҳаёти учун элементар эҳтиёжни таъминлаш лозим. Бутун дунё фойдаланаётган биоҳожатхоналар, кўчадаги кўчма кабиналар ҳам биз учун бегоналигича қолмоқда. Ўз ҳисобларидан чиройли ҳожатхона ташкил қилганларни ва беғараз фойдаланиш учун бераётганларни умуман эшитмаганмиз. Ахир бу ҳам савоб-ку. Яхшики масжидларимиз бор, таҳоратхоналари ишлаб турибди, ибодат қилинмаса ҳам кириш мумкин, лекин бу камлик қилади-да.

Бу ҳолатга ўзимиз ўрганиб бўлгандирмиз, аммо меҳмонлар олдида ҳар сафар юзимиз қизариши ҳам ҳақиқат. Талаб даражасидаги ҳожатхоналар қурилиши ва сифатли ишлаши учун алоҳида қарорлар чиқаётгани, бу ишга бош қўшганларга солиқ имтиёзлари берилаётгани ҳам муаммонинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб бўлган. Аммо шунча ислоҳотларга қарамай жамоат ҳожатхоналари танқислигича қоляпти.

Шу билан бирга масаланинг иккинчи тарафи ҳақида ҳам сўз юритсак. Ҳожатхоналар қурилар, ишга туширилар. Аммо бизнинг улардан фойдаланиш маданиятимиз қай даражада? Аслида бор ҳожатхоналарни ҳам бадбўй қилаётган, ўзидан кейин бировни яқинлаштирмай қўядиган, бу жараёнга фақат бурун жийирадиган ҳолат деган тушунчани онгимизга сингдириб олган сиз-у биз эмасми?!

“Ўзбекистон умумий уйимиз” деб кўкракка муштлаймиз. Шу уйимизга кўп сонли ва обрўли меҳмонлар келишмоқда. Хўш, уларни қандай кутиб оламиз? Қандай жиҳатлар билан меҳмонлар ёдида қоламиз?! Давлат ёки тадбиркорлар ҳожатхоналар муаммосига жиддий киришаркан, биз уларни лозим даражада сақлай оламизми?

Ўзимиз-ку бирорта бундай маскан қуришни, ишга туширишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Аммо боридан тўғри фойдалана билишни ҳам боплаганимиз-боплаган. Жамоат ҳожатхоналарининг кириш эшигидан тортиб энг ички хонасигача, сув сақлагич бакигача турли-туман огоҳлантирувчи ёзувлар илиб ташланган: «Ифлос қилманг!», «Сувни ҳайданг!», «Қоғозни челакка ташланг!», «Нос туфламанг!», «Чекманг!»...

Дарвоқе, чекувчилар!.. О, бу энди алоҳида мавзунинг ичидаги алоҳида мавзу. Чекиш ва ҳожат жараёнини уйғунлаштира билган, ўзи ҳар икки «лаззат»дан баҳра олгани етмагандай, кетганидан сўнг қолдирган ҳидига суварак ҳам маст бўлиб ағдариладиган бу тоифа инсонлар қаерда ва қандай тарбия топишади, буниси энди роса катта савол.

Огоҳлантиришлар ҳам бежизга ёзилмайди, чунки огоҳлантириш бўлса ҳам биз уларга амалга қилмасликка мойилмиз, бўлмаса-ку қўяверинг. Ахир ҳар биримиз тиқилиб ётган қоғозларни, латталарни, носвой қолдиқлари-ю халталарини, болалар тагликларини ва ҳатто писта пўчоқларини ҳам кўрганмиз-ку. Чекувчилар билан писта чақувчилар мана шу жойда илҳомлари келишига қойил қолмай илож йўқ. Мўлжалда адашувчилар ҳамиша, хатосиз адашаверадилар... 

Ўзимиздан кейин тозалаб чиқиш деган тушунча бизга бегона. Тўғри-да, ҳожатхонани ҳам тозалайдиларми? Лекин бир ўйлаб кўрайлик, бизнинг ортимиздан ким тозалаши керак?!

Унутмайлик: маданият маданиятсизлик кўринмайдиган, билинмайдиган жойда намоён бўлсагина ҳақиқий маданиятдир. Ҳеч ким кўрмайди, деб ўйлаб, билганимизни қилаётганимизда бизни энг улуғ зот кўриб туради. Кўзимизни очайлик, токи биздан кейинги келганлар биздан ранжимасин!

Бу муаммо билан бутун жамият жиддий шуғулланиши шарт:

1. Энг аввало оилада ҳожатхонадан фойдаланиш бўйича тарбия берилиши зарур. Ота ўғилга, она қизга болалигиданоқ энг элементар тушунчаларни сингдириб бориши керак;

2. Боғчаларда болажонлар билан интерфаол ўйин тарзида турли ўйинчоқлар ёрдамида бу жараён ўргатилса, зарар қилмайди. Мактабдаги “Одобнома” фани ёки бошқа тарбиявий соатларда баландпарвоз гаплардан бироз чекиниб, мана шу оддий одоб бўйича ҳам тўхталиб ўтилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўқувчилар ўртасида қизиқарли баҳслар ташкил қилиб, уларнинг ҳам ўз фикрларини айтишга ўргатиш орқали ҳожатхонадан фойдаланиш муаммосига жиддий қарашни ўргатиш зарур;

3. Тарбиядан тарбияланмайдиганларга нисбатан таъсирли жазо чораларини ҳам қўллаш лозим. Жамоат жойларида, йўлларнинг кўриниш қисмида бавл қиладиганлар, умумий ҳожатхоналардан тўғри фойдаланмагани аниқланганлар жиддий жарималарга тортилиши керак. Чунки чўнтакка зарар жуда тез ёдда қолади;

4. Бу ўринда диний тушунчалар жуда самарали. Чунки Ислом динида мазкур одоб етарлича тушунтирилган, озодалик аҳамияти чиройли кўрсатиб берилган. Бу манбаларни кенгроқ етказиб бериш керак.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид