Спорт | 14:49 / 12.04.2023
24369
7 дақиқада ўқилади

«Интер» деярли яримфиналда. Мариунинг хатоси қимматга тушди

Инқироздаги «Интер» Лиссабонда ўзига келди. Индзагининг режаси «Бенфика» эртагига нуқта қўйди.

Фото: JAMES WILLIAMSON/GETTY IMAGES

Миланликлар жамоаси намунали ўйин ўтказди ва амалда ўзи учун яримфинал йўлланмасини кафолатлади.

Бенфика — Интер 0:2
Голлар: Барелла (51), Лукаку (82, пенальти).

Бенфика – Влаходимос, Жилберто, Морато, Антониу Силва, Гримальдо, Жоау Мариу, Рафа Силва, Эурснес, Шикинью, Флорентину (Нерес, 64), Рамуш.
Интер – Онана, Думфрис (Д`Амброзио, 87), Дармиан, Ачерби, Бастони (де Врей, 90+1), Димарко (Гозенс, 63), Мхитарян, Брозович, Барелла, Жеко (Лукаку, 63), Мартинес (Корреа, 63).
Огоҳлантиришлар: Антониу Силва (22), Брозович (50), Жеко (83).

«Интер» учун плей-офф тақвими нисбатан энг қулайи бўлмоқда. «Бавария» «ПСЖ» ортидан «Манчестер Сити»га дуч келди, нерадзуррининг нимчорак ва чоракфиналдаги рақиблари — Португалия вакиллари. Аммо бу фақат қоғозда осон кўринади. Амалда эса барчаси жуда қийин.

Қолаверса, миланликлар жамоасининг ҳозирги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда вазифа янада қийин эди, жамоанинг сўнгги ғалабаси 5 март куни камтарона «Лечче» билан ўйинда қайд этилганди. Агар сўнгги саккиз ўйин олинса, Симоне Индзаги шогирдлари шунинг ярмида мағлуб бўлган ва уч ўйинни дуранг билан якунлаган. Бу ўйинларда амбицияли клуб учун жуда кам бўлган бешгина гол урилган, шундан ҳам иккитаси — 11 метрли нуқтадан.

Ҳа, «Бенфика» миланликларнинг олдинги босқичдаги рақиби «Порту»дан фарқ қилади. «Аждарлар» Португалия чемпионатининг аввалги турида принципиал рақибига жорий йилдаги илк мағлубиятни тақдим этгани моҳиятни ўзгартирмайди. Қарийб бир йилдан буён ўз уйида ютқазмай келган «бургутлар» чемпион сари илдамламоқда ва 33 йил ичида илк бор асосий еврокубок яримфиналига чиқишни кўзлагани табиий эди. Қолаверса, Чемпионлар лигасининг бу мавсумида кашфиётга айланган бу жамоа ҳали ютқазмаган, 10 учрашувда ғалаба қозониб, гуруҳда «ПСЖ» билан икки ўйинда ҳам дуранг қайд этганди.

Шу билан биргаликда, лиссабонликларда хавотирга арзийдиган муаммолар ҳам бор эди, хусусан Отаменди дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборадиган бўлди, натижада бош мураббий Рожер Шмидт ҳимояни 40 ёшни қоралаган (иккиси ҳам) Антониу Силва ва Морато жуфтлигига ишонишга мажбур бўлди. Ўйин стартидан келиб чиқилса, Индзаги айнан шу боғламни рақибнинг энг заиф нуқтаси сифатида белгилаб олган. Рақиб ҳимоядан чиқаётганида ушбу ҳимоячиларга қарши кучли прессинг ўтказилди, биринчи босим чизиғи босиб ўтилган тақдирда ҳам, меҳмонлар тезда ўз жарима майдонига қайтишга улгуришди ва лиссабонликларга ҳужум уюштириш учун бўш ҳудудлар қолдирилмади.

Яқинда «Бенфика» билан шартномасини янгилаган Шмидт эса прессинг борасида кўпчиликка қўйиб беради. Немис мутахассисининг принципларидан бири эса — рақибга мослашмаслик, уни ўзи таклиф этган футболни ўйнашга ва ўзини ноқулай ҳис қилишга мажбурлаш. Меҳмонлар асабийлаша бошлади ва Димарко оддий вазиятда тўпни Рафа Силванинг оёғига ташлаб берди. Агар Онана тўғри реакция қилмаганида, «Да Луж» таблосида ҳисоб мезбонлар томонидан очилган бўларди. «Интер» ҳам ёмон кўринмади, Лаутаро Мартинес эса ўша Димарконинг узатмасини дарвозага жойлаб қўйиши мумкин эди.

Бир сўз билан айтганда, ўйиндан олдин рақибда инқироз кузатилаётгани ҳақидаги гапларга қўшилмаган ва жамоани яхши ҳолатдаги «Интер»га қарши ўйин кутаётганини айтган Шмидтнинг хавотирлари тўғри бўлиб чиқди. Миланликлар алоҳида ўйинларда кўп нарсага қодир ва буни майдонда намойиш этди. Масалан, Мхитарян голли вазият ҳам яратди, рақибнинг хавфли ҳужумини ҳам тўхтатди.

Индзаги эса «Бенфика»нинг мудофаа тартибини бузиш учун бир неча вариантларни тайёрлагани маълум бўлди. Бу Бастони узоқ устун томонга диагонал пас узатиб, Барелла тўпни бош билан дарвозабон учун олис бурчакка жойлаганида ҳам кўринди. Лиссабонликлар иккинчи бўлим бошида ўйинни қайтадан қуришга улгурмади ва жарима майдони ичида меҳмонлар сон жиҳатдан устунлик қилишди.

Ҳисобда олдинга чиқиб олганидан кейин «Интер» «Бенфика» футболчиларини янада олдинроқда кутиб ола бошлади. Аагрессив ўйин ва коллектив энергияни сақлаб қолиш учу Индзаги ўйиннинг 64-дақиқасида учталик ўзгартиришни амалга оширди, жамладан форвардлар Жеко ва Мартинесни Лукаку ва Корреага алмаштирди. Эдин майдонни тарк этишда норози кўринди. Индзаги боснияликнинг бундай реакция кўрсатишини биларди, аммо унинг учун жамоа манфаатлари алоҳида бир футболчининг ҳиссиётларидан муҳим эди. Ўйин давомида Мхитарян ва Думфрис «Интер»нинг иккинчи голини уришга яқин келди, аммо Влаходимос ўзини кўрсатди.
80-дақиқада эса «нерадзуррилар» пеналти ишлади. Ҳакам Оливер VAR ёрдамчиларининг ишорасидан кейин мониторни бориб кўрди ва фантастик мавсум ўтказаётган Жоау Мариу чап қанотдан узатилган кроссни қўли билан тўсганини қайд этди. Лукаку 11 метрдан жуда хотиржамлик билан аниқ зарба берди.

«Бенфика» ҳеч нарса қила олмади. Эҳтимол бу лиссабонликлар «Интер»га шунчаки кичик пасайиш даврида тўғри келиб қолгани билан боғлиқдир, жамоа бир неча кун муқаддам Примейрада «Порту»га ютқазганди. Нима бўлганда ҳам «бургутлар» Мхитарян ва компанияни ҳайрон қолдира олмади: «Интер» сафидаги футболчиларнинг индивидуал маҳорати юқорилик қилди. Шмидт жамоаси 90 дақиқа давомида дарвоза сари атиги битта аниқ зарба йўллади, «нерадзуррилар»да эса – тўртта. Мезбонларнинг сўнгги ҳужумида Гонсалу Рамуш яхши имкониятга эга бўлди, аммо ЖЧ-2022 турнирида Криштиану Роналду билан рақобатда устун келган форвард Онанага қарши дуэлни бой берди.

Шу тариқа, Италия вакили финалга чиқиши деярли кафолатланди, чунки бу жуфтлик ғолиби яримфиналда «Наполи» ёки «Милан» билан тўқнашади.

Мавзуга оид