Жаҳон | 10:09 / 15.04.2023
6969
2 дақиқада ўқилади

Германия техник рецессиянинг олдини олишга муваффақ бўлди

2023 йилнинг биринчи чорагида Германия иқтисодиёти 0,1 фоизга ўсди. Шу тариқа, Германия кетма-кет икки чораклик ялпи ички маҳсулот пасайишининг олдини олишга муваффақ бўлди.

Фото: Getty Images

14 апрель, жума куни Германия Иқтисодиёт вазирлиги ойлик ҳисоботида айтилишича, 2023 йил биринчи чорагида Германия ялпи ички маҳсулоти 0,1 фоизга ошди. Шу тариқа, Германия техник турғунлик деб аталадиган вазиятдан, яъни ялпи ички маҳсулотнинг ҳар чоракда кетма-кет икки марта пасайишидан қочишга муваффақ бўлди. 2022 йил охирги чорагида Германия иқтисодиёти 0,2 фоизга қисқарди. Техник таназзул истеъмолнинг узоқ муддатли қисқариши ва ишчи кучига бўлган талабнинг пасайишини англатади.

Иқтисодиёт вазирлиги «йил бошида бозор шароитлари нуқтайи назаридан муваффақиятли старт» ҳақида гапирганди. Қишнинг юмшоқ ўтгани ва газ омборлари тўлалиги Германия ва Европада газ тақчиллигининг йўқлиги ҳамда бу энергия нархининг пасайишига олиб келди. Идора мутахассислари фикрига кўра, энергия нархининг энг юқори чўққиси аллақачон босиб ўтилган.

Шу билан бирга, вазирлик нуқтайи назаридан, иқтисодий ўсишга истеъмол бозорида динамизм йўқлиги, қурилиш секторидаги аҳволнинг ёмонлашуви, айрим молия институтларидаги муаммолар ва Россиянинг Украинага ҳужуми билан боғлиқ геосиёсий ноаниқлик тўсқинлик қилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси сўнгги прогнозида Германия иқтисодиётининг 2023 йил охиригача 0,1 фоизга тушишини кутаётганини билдирди.

Мавзуга оид