Спорт | 12:55 / 20.04.2023
22275
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Рамазон ҳайити кунлари тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлайди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ислом дини таълимотлари ва астраномик маълумотларга асосланган ҳолда жорий йилда Рамазон ҳайити 2023 йил 21 апрел, жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилди. Президент фармонига кўра, 21, 22, 23 ва 24 апрел кунлари ўзбекистонликлар учун дам олиш куни бўлади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу байрам ва дам олиш кунларида қуйидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 40 минг нафар тиббиёт ходими қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатишини маълум қилади:

  • 1257 та кўп тармоқли ва оилавий поликлиника;
  • 1080 та оилавий шифокор пункти;
  • 1002 та маҳалла тиббиёт пункти;
  • туман, вилоят ва республика шифохоналари;
  • ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари; 
  • тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. 

Республика бўйича 2755 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида кун-у тун хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.

Республика Call-маркази (1003) орқали тиббиётга тегишли саволларингизга малакали мутахассислардан кечаю кундуз жавоб олиш мумкин. 

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги байрам кунларида меҳнат қиладиган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорлигини билдиради», дейилади хабарда.

Мавзуга оид