Жаҳон | 21:18 / 20.04.2023
45697
2 дақиқада ўқилади

Starship ракетасининг илк парвози ҳалокат билан якунланди 

Дунёдаги энг катта ракета атиги 4 дақиқа учди. 

Фото: Patrick T. Fallon / Getty Images

Илон Маск раҳбарлик қиладиган SpaceX компанияси тарихда биринчи марта такрор фойдаланиш мумкин бўлган Starship ўта оғир ракетасини самога учирди. Аммо тест парвози ҳалокат билан якунланди. 

Парвоз Техаснинг Бока-Чика округидаги SpaceX полигонида амалга оширилди. Уни жонли равишда томоша қилиш мумкин эди. 

Ракета парвоз бошланганидан 4 дақиқа ўтгач, 38 км баландликда биринчи қисмини ажратиб юбориш пайтида портлаб кетди. 

Синов парвози экипажсиз амалга оширилди. Режага кўра, у бир ярим соат давом этиши, Super Heavy тезлаткич ракетаси ундан ажралиб чиқиб, Мексика кўрфазига қулаши, Starship орбитага чиқиши ва кейин Ҳавайи ороллари яқинида океанга қўниши керак эди. 

Дастлаб Starship ракетасининг илк парвози 17 апрел кунига белгиланган эди. Бироқ, парвоздан 40 сония олдин фавқулодда қолдирилди. Маск ижтимоий тармоқда техник муаммо ҳақида хабар берди: ракета клапанларидан бири музлаб қолган эди. 

SpaceX веб-сайтига кўра, Starship ҳозиргача қурилган энг қудратли ва энг баланд космик кема бўлиб, 150 тоннагача юкни кўтаришга қодир. Ракета тизими икки қисмдан иборат: 33 двигателли Super Heavy ракетаси ва Starship кемаси. 

Starship Ер орбитасидан ташқарига, Ой ва Марсга учиш учун мўлжалланган. 

Мавзуга оид