Фан-техника | 22:10 / 21.04.2023
73555
2 дақиқада ўқилади

Экрансиз, лекин сунъий идрокка эга «келажак смартфони» тақдим этилди

У Apple компаниясининг собиқ ходимлари томонидан ихтиро қилинган.

Фото: TED

Apple компаниясининг собиқ ходимлари Имрон Чоудри ва Бетани Бонжорно томонидан асос солинган Humane стартапи тақиб юриладиган, сунъий идрокка асосланган ва проекцияли дисплейга эга гаджетни намойиш этди. У шахсий ёрдамчи сифатида ишлашга мўлжалланган ва кўкрак чўнтагига сиғади, деб ёзди The Verge.

«Бу нолдан ишланган, янги турдаги тақиладиган қурилма ва платформа. Ва бу бутунлай мустақил гаджет. Ундан фойдаланиш учун смартфон ёки бошқа қурилма керак эмас», деди Чоудри.

Қурилма тегиниш, овозли ва имо-ишора буйруқларини қўллаб-қувватлайди.

«Тасаввур қилинг, сиз кун бўйи йиғилишларда бўлдингиз ва ўтказиб юборган янгиликларни тезда билиб олишни хоҳлайсиз», деди Чоудри, сўнг тугмани босди ва янгиликлар билан таништиришни сўради. Бунга жавобан қурилма электрон почта, тақвим таклифномалари ва бошқа хабарларнинг қисқача мазмунини тақдим этди.

Бироқ, тақиладиган қурилма бу маълумотларни айнан қаердан олиши ҳалигача номаълум, чунки у смартфонга уланмайди. Унинг булутли хизматларга уланишини тахмин қилиш мумкин.

Гаджет экранни яқин атрофдаги сиртларга ҳам проекциялаш имкониятига эга. Масалан, кирувчи қўнғироқни фойдаланувчининг қўлида кўрсатиши мумкин. Лекин шундан кейин нима қилиш кераклигини ижодкорлар тушунтиришмади. Эҳтимол, бу қўнғироқларга овозли буйруқ ёрдамида жавоб бериш мумкиндир.

Шунингдек, қурилма атрофдаги нарсаларни аниқлайдиган камера билан жиҳозланган. Чоудри ундан шоколадни аниқлаш учун фойдаланди. Шундан сўнг, у ақлли ёрдамчидан шоколад таркибини таҳлил қилишни ва уни истеъмол қилиш парҳезига қанчалик мос эканини сўради.

Ниҳоят, унинг таржимони ҳам бор. Бирор иборани она тилингизда айтасиз, Humane гаджети уни, масалан, француз тилида ўқийди.

Бошқа тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаган. Гаджетнинг сотувга чиқариладиган санаси ҳақида ҳам хабар берилмаган.

Мавзуга оид