Жаҳон | 09:41 / 22.04.2023
7774
2 дақиқада ўқилади

АҚШ украиналик ҳарбийларни Abrams танкларида тайёрлашни бошлайди

Украиналиклар Германияда ўқитиладиган танклар Киевга берилмайди. АҚШ фронтга юбориладиган машиналарни кузгача етказиб бериш ниятида.

Фото: U.S. Army/ZUMA/picture alliance

АҚШ яқин ҳафталарда украиналик ҳарбийларни Abrams танкларидан қандай фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ўқитишни бошлайди, деб хабар берди AP 21 апрел, жума куни расмийларга таяниб. Бу ҳақдаги қарор шу куни Германиядаги Рамштайн авиабазасида бўлиб ўтган Ғарб мудофаа вазирларининг йиғилишида қабул қилинди.

Расмий маълумотларга кўра, 31 та Abrams танки май ойи охирида Германиядаги Графенвёр полигонига келади ва бир неча ҳафтадан сўнг Украина ҳарбийлари машғулотларни бошлайди, деб ёзади AP. Ўқитиш тахминан 10 ҳафта давом этади. Унда 250 га яқин украиналик ҳарбий хизматчилар иштирок этади, уларнинг бир қисми танкларни бошқариш, бир қисми эса уларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича тайёрланади.

Шу билан бирга, ўқув танклари жанговар ҳаракатларда фойдаланиш учун Украинага берилмайди. Бунинг ўрнига АҚШ Украинага М1А1 танкларини юборади, улар ҳозирда модернизация қилинмоқда.

Ҳаммаси бўлиб, 21 апрел ҳолатига кўра, АҚШ аллақачон жанг майдонига қайтган 8800 нафар украиналик аскарни тайёрлаб берди. Ҳозирда яна 2500 га яқин аскар машғулотлар олиб бормоқда, деб ёзади AP. Улар Ғарб қуроллари билан ишлаш, уруш олиб бориш, техникага техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича машқларни ўз ичига олади.

Мавзуга оид