Жаҳон | 08:32 / 24.04.2023
5578
2 дақиқада ўқилади

Боку Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ўртасида назорат-ўтказиш пункти ўрнатди

Боку Ереванни ҳарбийлар ва ўқ-дориларни Озарбойжон ҳудудига ўтказишда айблади. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғда провокациялар содир этилгани ҳақида хабарлар бор.

Фото: AFP

Озарбойжон давлат чегара хизмати Тоғли Қорабоғ ва Арманистон ўртасида назорат-ўтказиш пункти ташкил этилганини маълум қилди. 23 апрел, якшанба куни Боку Ереванни ҳарбийлар, ўқ-дори ва бошқа ҳарбий техникаларни Арманистондан Озарбойжон ҳудудига олиб ўтганликда айблади ва улар “2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотга зид равишда” назорат-ўтказиш пункти ўрнатишга мажбур бўлганликларини маълум қилди. 

Давлат чегара хизмати баёнотида, шунингдек, назорат-ўтказиш пункти бир кун аввал Арманистон томонидан худди шундай чегара пункти қурилганидан кейин Лочин-Хонкенди йўлининг кириш қисмида ўрнатилгани ҳам кўрсатилган. Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги ва Россия-Туркия мониторинг маркази назорат-ўтказиш пункти ўрнатилгани ҳақида маълум қилди.

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотга зид равишда Арманистон икки ярим йил давомида Лочин-Хонкенди йўлидан ноқонуний фойдалангани ва у билан боғлиқ хавфсизлик таҳдидлари ҳақида маълум қилди. “Бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга Озарбойжон ҳудудида қолаётган Арманистон қуролли кучлари шахсий таркибининг ротацияси, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни олиб ўтиш, террорчиларнинг ўтиб кетиши, шунингдек, табиий ресурсларни ноқонуний олиб чиқиб кетилиши ва бошқалар мисол бўла олади”, - дейди Баку.

Бундан ташқари, Озарбойжон ТИВ 22 апрел куни мамлакат қуролли кучларининг юк машинаси арман минаси томонидан портлатилгани, натижада озарбойжонлик уч нафар ҳарбий хизматчи яралангани ҳақида маълум қилди.

Мавзуга оид