Ўзбекистон | 18:31 / 28.04.2023
9565
2 дақиқада ўқилади

МСК: 600 мингдан ортиқ фуқаро референдумда муддатидан олдин овоз берди

16-26 апрел кунлари Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририни қабул қилиш бўйича референдумда муддатидан олдин овоз бериш жараёни бўлиб ўтди.

Фото: Kun.uz

Марказий сайлов комиссияси ахборотига кўра, 611 320 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берган.

Эслатиб ўтамиз, референдум 30 апрел, якшанба куни бўлиб ўтади.

Овоз бериш участкаси қаерда жойлашгани ҳақида МСК сайтида онлайн маълумот олиш мумкин. Бунинг учун ушбу саҳифада тегишли жойларга паспорт/ID-карта рақами ва туғилган санани киритиш керак.

27 апрел куни Марказий сайлов комиссияси колл-марказ ишга тушганини маълум қилди. Унга кўра, жисмоний ва юридик шахслар 1200 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш орқали референдумга доир ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар олиши мумкин.

Референдумни кузатиб бориш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси ҳамда Буюк Британия, Франция, Чехия каби хорижий мамлакатлардан жами 45 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилган.

25 апрел ҳолатига, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан аккредитациядан ўтказилган кузатувчилар сони 383 нафарга, аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари 964 нафарга етган.

Мавзуга оид