Тиланчининг сирли ўлими – Навоийдаги мудҳиш қотиллик тарихи
Кармана туманида содир этилган қотиллик жинояти тафсилотини эшитган одам борки, ҳайратдан ёқа ушлайди: Навоий шаҳридаги бозорлар атрофида тиланчилик қилиб юрувчи ногирон одамнинг жасади тан жароҳатлари билан Зарафшон дарёсидан топилади. Тиланчининг ўлими кимга ва нега керак бўлиб қолди, деган саволга жавоб топиш ўзбек детективларига осон бўлмаган.
Тун сукунатини бузган арава
Кармана туманидаги Кўҳнақўрғон маҳалласи шимол томондан Зарафшон дарёси соҳили – тўқайзор билан туташ. Тунда шоқолларнинг увлаши қишлоққа бемалол эшитилиб туради.
2020 йил 13 июль, ярим тун. Бутун қишлоқ уйқуда. Атрофдаги сукунатни бу сафар шоқоллар увлаши эмас, тош йўлдан кетиб бораётган эшак араванинг ғичирлаши бузиб турарди. Унга мингашиб олган икки кимсадан бири қўлидаги таёқ билан эшакни секингина туртиб, тезроқ юришга ундар, иккинчиси эса аравага ортилган катта қопга термулганича жим ўтирарди. Ўша тунда кўпчиликка таниш бўлган ногирон тиланчининг мурдаси ортилган арава қишлоқдан чиқиб, Зарафшон дарёси томон кетганини ҳеч ким сезмади.
Дарёда оқиб келган мурда
2020 йил 15 июль, тонг. “Навоий ИЭС”нинг Зарафшон дарёсидаги сув тўғонини қўриқлаётган ҳарбийлашган қўриқлаш хизмати ходими сув юзида тўпланиб қолган чиқиндилар орасида инсон жасадини кўриб қолади. Бу Навоий шаҳридаги марказий бозор атрофида тиланчилик қилиб юрадиган фуқаронинг мурдаси эди.
Воқеа жойига зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари етиб келади. Дастлабки ўрганишларданоқ бу қотиллик эканлиги маълум бўлади. Негаки мурда танасида жароҳат излари яққол кўриниб турарди.
Ходимлар олдида бир-биридан чигал саволлар пайдо бўлганди: қотил ким? Тиланчини ўлдириш кимга ва нега керак бўлиб қолди? Уни охирги марта ким, қаерда кўрган? Бу саволларга аниқ жавоб топиш осон эмасди. Шунинг учун ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тезкор тергов-суриштирув ишлари бошлаб юборилади.
Тиланчининг “довруғи”
Навоий шаҳридаги марказий деҳқон бозор атрофида тиланчилар кўп, аксарияти ёш болалар ва аёллар. Уларнинг тиланиш усуллари ҳам ҳар хил: қайсидир бири йўловчилар ёнига келиб, очиқчасига пул сўраса, бошқаси картон қоғозга яқин инсони оғир касаллиги ҳақида ёзиб, ушлаб ўтиради.
Кунларнинг бирида бозорда янги тиланчи пайдо бўлади. У чап қўли ва оёғи яхши ишламайдиган, ақли ҳам бироз заиф бўлган эркак эди. Унинг туриши ва кўриниши ҳар қандай инсоннинг раҳмини келтирар, шу сабабли ҳудудда тезда “машҳур” бўлиб, бошқа тиланчилардан кўра кўпроқ пул топа бошлайди. Одамлар гавжум жойларда юргани учун уни кўпчилик таниб қолади.
Бу тиланчи асли Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидан бўлган Воҳид Дўсяров эди. Кейинчалик у ёшлигида кўмирдан қолган чўғга йиқилиб тушганлиги, чап қўли ва оёғи шу туфайли яхши ишламаслиги маълум бўлади. Қолаверса, Воҳид Дўсяров ёшлигидан кўча-кўйда юриб, одамларнинг қўлидан овқатланиб катта бўлганди.
“Хўжайин”нинг “олтин балиғи”
Воҳид Дўсяров Навоийга қандай қилиб келиб қолганди? Гап шундаки, уни Навоийга 2018 йилда фуқаро Фароғат Жўраева яшаш шаротини ўзи кўтариш шарти билан тиланчилик қилишда фойдаланиш мақсадида акасидан сўраб олиб келган.
Шу тариқа, Воҳид Дўсяров Фароғат Жўраеванинг назорати остида у томонидан белгилаб берилган ҳудудда тиланчилик қилишга мажбурлаб келинган. Тиланчи топган пулларини мунтазам равишда “хўжайини”га бериб турган. Бундай “содиқлик” учун Фароғат Жўраева унга Кармана тумани Кўҳнақўрғон маҳалласидаги уйидан яшашга жой берган.
Воҳид Дўсяров Фароғат Жўраева учун гўёки “олтин балиқча” эди. Шу сабабли, уни маълум муддат Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрига ҳамда Бухоро шаҳрига ҳам олиб бориб, тиланчилик қилдиради.
Аммо тиланчининг “хўжайини” унга нисбатан инсонларча муносабатда бўлмасди, қочиб кетмаслиги учун доим устидан қулфлаб қўярди.
Дунёдан узилган уй
Фароғат Жўраеванинг Кармана тумани Кўҳнақўрғон маҳалласидаги уйида қизи Зарина, жияни Шахобиддин ҳамда Воҳид Дўсяров яшаб келган. 2020 йилнинг 12 июнь кунидан то 12 июль кунига қадар ушбу ҳовли ташқи дунёдан узилади гўё.
Воҳид Дўсяров гапларининг орасида кетишини айта бошлайди. Унинг кетиши Фароғат Жўраева учун яхшигина “даромад”нинг йўқотилиши эди. Йўқ жойдан келиб турган пулни киприк қоқмай санаб олишга ўрганган аёл тиланчининг кетишига йўл қўя олмасди. Шу сабабли, жияни ва қизи билан тил бириктириб, уни ҳовлига киришдаги кичик хонадан иборат, одам яшаши имконсиз бўлган омборхонага қамаб қўйишади.
Воҳид Дўсяров бир ой давомида уйдаги “қамоқхона”да ўтиради. Уни баъзида омборхонадан ҳовлига ҳам олиб чиқишар, лекин ит каби оёқларидан занжир билан дарахтга боғлаб қўйишарди. Сув ёки ҳожатга чиқишни сўраса, уриб, жароҳат етказишган, хуллас, унга тутқунликдаги қул каби муносабатда бўлишган. Аммо шунча иш, бақир-чақир бўлаётган ҳовлига биров бош суқиб кўрмаган.
Чегарасидан чиққан ваҳшийлик
Тутқунлик кунларининг бирида дарахтга боғланган Воҳид Дўсяров сув беришни сўраб бақиради ҳамда Зарина ва Шахобиддинни ҳақорат қилади. Шахобиддин эса унинг ёнига бориб, темир бўлаги билан уради. Оғриқдан инграб юборган Воҳид Дўсяров яна ҳақоратли сўзлар билан “сийлайди”. Унинг кун сайин ортиб бораётган ботирлигидан ҳайратланган Зарина ҳам уни ура бошлайди.
Зарина кетма-кет зарбалардан ерга қулаган Воҳид Дўсяровнинг бўйнидан оёғи билан босади, Шахобиддин эса қаршилик кўрсатмаслик учун унинг қўлларини ушлаб туради. Бунинг оқибатида Воҳид Дўсяров оғир тан жроҳатлари олиб ҳамда бўғилиб, воқеа жойида вафот этади.
Бўлар иш бўлган, ғишт қолипдан кўчганди. Зарина ва Шахобиддин мурдани йўқ қилиш ҳақида бош қотира бошлашади. Уларга вариантлар ичидан мурдани дарёга оқизиб юбориш фикри дурустроқ туюлади.
Шу тариқа иккови тиланчининг ўлигини катта қопга солиб, эшак аравага ортишади ва ярим тунда дарё томонга кетишади. Ишни битириб қайтиб келгач эса жиноят изи “тозаланади”: қон доғлари бўлган кийимлар ёқиб юборилади, оловдан қолган кул қолдиқлари ва Воҳид Дўсяров боғлаб қўйилган занжир кўмиб ташланади.
Жиноят жазосиз қолмади
Воҳид Дўсяровнинг мурдаси сувда оқиб, икки кундан сўнг “Навоий ИЭС”нинг Зарафшон дарёсидаги сув тўғонига бориб қолади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тажрибаси ва тезкор суриштирув-тергов ишлари натижасида мазкур жиноят очилади. Гувоҳларнинг сўзлари, суд тиббий экспертизасининг хулосалари ва рад қилиб бўлмас далиллар билан қотилларнинг қилмиши ўз тасдиғини топади.
Суд ҳукми билан Шахобиддин Давроновга 17 йил, Зарина Жамоловага эса 13 йил озодликдан маҳрум қилиш, Фароғат Жамоловага эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Суд материаллари асосида Руслан Сабуров тайёрлади.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
16:51 / 16.12.2024
Конибодомда яна тўрт кишининг жасади топилди
20:01 / 13.12.2024