Тошкентдаги Қоратош кўчасида йўл ўпирилди — бунга нима сабаб бўлди?
Ҳодиса оқибатида Nexia 3 автомобилига енгил зарар етган. Ёриқда пайдо бўлган сув ер остидан эмас, балки кўчадан ўтган ерости иссиқ сув қувури ёрилишидан пайдо бўлган.
1 май куни Шайхонтоҳур тумани Қоратош кўчасида йўл ўпирилиб тушгани ва пайдо бўлган ёриқда сув оқиб тургани акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқда тарқалди. Ҳодиса гувоҳи бўлган «Самарқанд дарвоза» СКМнинг хавфсизлик хизмати бошлиғи Тойир Абдураззоқов Kun.uz’га воқеа тафсилотларини маълум қилди.
«1 май куни, тахминан, соат 16:23 ларда қўриқлаш хизмати ходимлари хабар беришди. Йўл ўпирилиб, сув тошиб чиқаётгани ва битта Нехиа автомобили ўпирилган жойга тушиб кетгани ҳақида айтишди. Кейин кузатув камерасидан кўрдик — биринчи туристларни ташувчи автобус ўтган. Автобус оғирлиги таъсириданми йўл чўккан. Ундан кейин оқ Лаcетти ўтган. Кейин Нехиа 3 автомобили, унинг олд қанот қисми ва ғилдирагига енгил зарар етган. Биз атрофни дарҳол ўраб, одамларни чеккага олишга ҳаракат қилдик. Бироздан кейин масъул ходимлар техникалари билан етиб келди. Улар сувни ўчириб, хавфсиз ҳолатга келтирди», – дейди у.
Абдураззоқов чўккан жойда пайдо бўлган сув ер остидан эмас, балки ҳудуддан ўтган иссиқ сув қувуридан чиққанини таъкидлади.
Kun.uz ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди. Унга кўра, сув қувурининг ёрилиши пойтахтнинг иссиқ сув таъминотига масъул бўлган «Veolia energy Tashkent» ХК МЧЖ томонидан иссиқлик тармоқларининг гидравлик синовлари (механик куч ва зичлик учун юқори босим остида иссиқлик тармоқларининг синовлари) ўтказилаётган вақтда юз берган.
«Veolia energy Tashkent» ХК МЧЖ расмий вакили ҳам Kun.uz’га ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Қайд этилишича, 2023/24 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида тасдиқланган график асосида 1 май куни ўтказилаётган синов пайтида ушбу ҳолат содир бўлган. Юз берган носозлик корхона томонидан 2 май куни бартараф этилган, дейилади расмий изоҳда. Шунингдек, 3 май куни йўлнинг ўпирилган қисми асфальтланган.
Таъкидланишича, зарар етган Nexia 3 автомобили ҳайдовчиси билан суҳбат ўтказилиб, автоулов суғурталангани сабаб кўрилган зарар суғурта компанияси томонидан қоплаб берилиши қайд этилган.
Қайд этиш жоиз, Тошкент шаҳрида 2023 йил 1 майдан бошланган иссиқлик тармоқларининг куз-қиш мавсумига тайёрлигини текшириш бўйича синовлар 4 августгача давом этиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024