Туркия демократияси – биз учун нега муҳим?
Келаётган якшанба, 14 май куни – Туркияда президентлик ва парламент сайловлари. Сайлов кампанияси шу қадар шиддатли ва эҳтиросли кетмоқдаки, кимнинг президент бўлишини аниқ ишонч билан айтиш – қийин.
Туркия – Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат. Туркий тилда сўзлашувчи мустақил давлатлар сони олтита: Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Қирғизистон ва Туркманистон. Мана шу давлатлар ичида, аҳоли сони, иқтисодий, ҳарбий, технологик ва бошқа параметрларга кўра, энг қудратлиси, албатта Туркия.
Туркия – НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати. НАТОга аъзо давлатлар ичида, армиясининг сони ва салоҳиятига кўра, АҚШдан кейинги иккинчи муҳим давлат. Иқтисодиёти эса буюк йигирматаликка киради.
Хўш, Туркия сиёсий тизими қандай? Партиялар сони қанча? Сиёсий рақобат борми, бор бўлса – қай даражада?
2023 йилда, Туркия Республикасига асос солинганига роппа-роса юз йил тўлди. 1923 йилда асос солинган Туркияда, 1946 йилга қадар бир партияли тизим ишлади. 1946 йилдан бошлаб, икки партияли тизим фаолият кўрсатди.
Бугунга келиб, Туркияда расман рўйхатдан ўтган партияларнинг сони – 122 та бўлди. Ўтган 2022 йилда Туркиядаги партияларнинг сони 105та эди. Демак, кейинги бир йилда яна 15-17 та янги партия тузилибди.
Туркия парламенти – бир палатали. Миллий Мажлисда 600 депутат ишлайди. 85 депутат бир мандатли округлардан сайланса, қолганлари – партия рўйхатлари асосида сайланган.
Туркия парламентини мухолифатсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳеч бўлмаганда, 600 ўринли парламентнинг камида учдан бири, мухолифатга тегишли. Сиёсий плюрализм – Туркия ҳаётига сингиб кетган воқеълик.
Сайловлар арафасида, Туркиядаги сиёсий тизим қандай, у авторитарми ёки демократикми, деган саволлар кўп бериляпти.
2016 йилда Туркияда навбатдаги ҳарбий тўнтаришга уриниш бўлди. Унга қадар, бу мамлакатда тўрт марта ҳарбий тўнтариш бўлган. 2016 йилда ҳарбийлар Эрдўғанни йиқита олишмади. Ҳокимиятда қолган Эрдўған, Туркияда ҳокимият вертикалини кучайтирди, журналистлар ва ОАВ устидан назоратни кучайтирди, давлат идоралари ва айниқса куч ишлатар тизимлар ичида тозалашлар ўтказди. Суд-ҳуқуқ тизимининг мустақиллик даражаси пасайди.
Лекин, Эрдўған Туркиядаги сиёсий плюрализмни, кўппартиявийликни, ватандошлик жамиятини демонтаж қилмади ва қилишга интилмади ҳам. Туркияда демократия, сиёсий плюрализм ва ватандошлик жамияти жуда чуқур илдизларга эга. Агар истаганида ҳам, Туркия демократиясини Эрдўған демонтаж қила олмасди.
Бугунги кунда Туркиядаги сиёсий тизимни авторитар дейиш учун ҳам, демократик дейиш учун ҳам, асослар бор.
Ҳар бир демократик тизимнинг шундай палласи бўладики, унда, ҳали ҳокимиятни ёки авторитети катта бўлган сиёсий шахсларни “тийиб туриш” механизмлари заиф бўлади. Мисол учун, иккинчи жаҳон урушидан кейинги Франциядаги Шарл Де Голлни, Англиядаги Черчилни, АҚШдаги Рузвильтни, бугунги сиёсатшунослар “нисбатан авторитар бўлган” деб айтишади. Эрдўған ҳам Туркияда жуда катта авторитетга эга. Мана шу авторитет орқали, ўз оппонентларини “сиёсий янчиб ташлаш” имконияти Эрдўғанда бор ва бу имкониятни у ишлатган ҳам.
Айни пайтда, Туркияда, сайловлар – холис. Ҳаттоки, энг ашаддий мухолифатчилар ҳам “сайловлар сохталаштирилди” деб айтишмайди. Партияларни рўйхатга олиш – қонунан кафолатланган, ва партиялар сони катта тезликда ўсиб бормоқда. Суд ҳокимияти ҳам, имкон қадар мустақил бўлишга ҳаракат қилаётган ҳокимият тармоғи. Туркияда демократик институтлар мавжуд ва ишламоқда.
Шунинг учун ҳам, жиддий экспертлар, Туркиядаги сиёсий тизимни гибрид, яъни аралаш деб айтишади. Бир вақтнинг ўзида, Туркияда демократик институтлар ва жараёнлар ишлайди, лекин ҳокимиятни тийиб туриш механизмлари анча заиф.
Туркиядаги мавжуд тизимдан, Ўзбекистон, қолаверса, қолган Марказий Осиё давлатлари, нима хулоса олса бўлади? Хулоса шуки, демократия, демократик институтлар, сиёсий плюрализм – универсал тушунчалардир. Қайси бир давлат, демократик институтларни қабул қилса ва уларни ишлашига имконият берса, бу давлатнинг ва халқнинг фаровонлигига, сиёсий барқарорлик, ривожланиш ва геосиёсий мустақилликка жуда ижобий таъсир қилади.
Туркия мисоли шуни кўрсатадики, демократиядан қўрқиш керак эмас. Аксинча, демократия бўлмаслигидан, демократик институтлар йўқлигидан ёки ишламаслигидан қўрқиш керак. Туркия, демократия орқали қудратли давлатга айланди. Демократия ва сиёсий плюрализмни қабул қилиш орқали, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ҳам, фаровон, қудратли ва геосиёсий мустақил бўлиш имкониятини мустаҳкамлайди холос.
Туркияда туркийлар бемалол демократияга, сиёсий плюрализмга эриша олди. Ўзбекистон ва ўзбеклар нега эришмаслиги керак экан?
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
17:52 / 17.12.2024
WSJ: АҚШ Сурия чегарасида турк қўшинлари тўпланаётганидан хавотирда
22:17 / 16.12.2024
Корея ва Франциядаги можаролар: Демократиялардаги инқирозлар демократияни созлайди
18:39 / 14.12.2024