Ўзбекистон | 15:34 / 19.05.2023
7707
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда автобус уриб юборган кўзи ожиз ўқувчи ҳалок бўлди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2023 йил 13 май куни соат 15:30 ларда содир бўлган.

Самарқанд шаҳар Рудакий маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Беруний-Гагарин автомобил йўлида Isuzu автобуси йўлдан ҳаракатланиб ўтаётган 59-сон «Нурли маскан» имконияти чекланганлар мактаб-интернати ўқувчиси 2004 йилда туғилган Қ.Д.ни уриб юборган.

Оқибатда, тан жароҳати олган Қ.Д. шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан 2023 йил 15 май куни шифохонада вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, ҳалок бўлган Қ.Д. Сурхондарё вилоятидан бўлиб, Самарқанд шаҳридаги имконияти чекланганлар мактабида таҳсил олган.

Ҳодиса содир бўлган куни у шериги билан дўкондан нарса олиб келиш учун мактаб ҳудудидан кўчага чиққан.

Маълумот учун имконияти чекланганлар таҳсил олувчи «Нурли маскан» мактаб-интернати вилоят ИИБ томонидан оталиққа олинган.

Мавзуга оид