Ўзбекистон | 16:27 / 20.05.2023
35999
5 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар учун тавсияномалар – улар ўқишга киришни кафолатлайдими?

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан хотин-қизларга ўқишга кириш учун 2 та турдаги тавсиянома берилади. Бу тавсияномага эга бўлган абитуриент белгиланган квотадан ташқари талабаликка қабул қилинади.

Фото: KUN.UZ

5 йиллик стажлилар учун 500 та квота

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 5 йиллик стажга эга, олий маълумотли бўлмаган хотин-қизларга тавсияномалар беришни бошлади. Тавсиянома учун ариза топширишнинг охирги муддати — 1 июн. Аризалар қўмитанинг туман, шаҳар бўлимларида ташкил қилинган ишчи гуруҳларига топширилади.

Тавсиянома олишга талабгор қуйидаги талабларга мос бўлиши керак:

  • ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши;
  • тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги;
  • ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши керак.

Керакли ҳужжатлар:

  •  Фуқаролик паспорти ёки ID карта нусхаси;
  • Меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси)дан кўчирма;
  • Ўрта-махсус ёки профессионал таълим бўйича диплом.

Аризалар кўриб чиқилиб, 15 июнгача эгаларига топширилади. Тавсияноманинг амал қилиш муддати — 3 йил. Ўтган йили тавсиянома олган, лекин талаба бўла олмаганлар бу йил ҳам ўша тавсияномасидан фойдаланишлари мумкин.

Тавсияноманинг ўзи ўқишга киришни кафолатламайди. Уни олган хотин-қизлар ҳам ҳамма абитуриентлар каби имтиҳон топширади, фақат уларнинг балли алоҳида квота доирасида ҳисобланади. Энг юқори балл тўплаган 500 абитуриент эса талабаликка тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

2 мингта грант

Хотин-қизлар учун ўқишга киришдаги асосий имкониятлардан бири — эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги (2 мингта ўрин) грант ҳисобланади. Унга талабгорлар ҳам тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидан олади. Ўтган 2022 йилги қабулда тавсияномалар учун аризалар 30 майдан 8 июнгача олинган. Бу йил тавсияномалар бериш ҳали бошланмади.

Тавсияномани кимлар олиши мумкин?

Қуйидаги талабларга мос бўлган номзодлар 2 мингталик квота учун тавсиянома олишлари мумкин:

  • Кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар (оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила);
  • Тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
  • Турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
  • Ногирон фарзанди бўлган, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида (ижарада) яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
  • Ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.

Бу тавсияноманинг ҳам амал қилиш муддати 3 йил. Масалан, ўтган йили тавсиянома олган, лекин ўқишга киролмаган абитуриент бу йил ҳам ундан фойдаланиши ва квотадан ташқари ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин.

Тавсияномаси бор хотин-қизлар ҳам 5 та йўналишга ҳужжат топшира олади. Уларнинг баллари аввало умумий абитуриентлардан ташқари, тавсияномалилар учун алоҳида ҳисобланади ва энг юқори балл тўплаганлар имтиёз билан талабаликка қабул қилинади, етарли балл тўплай олмаганлар эса бошқа абитуриентлар каби умумий танловда қатнашади ва баллига қараб талаба бўла олиши ёки бўла олмаслиги мумкин.

Ўтган йили рақобат қандай бўлган?

Ўтган йили эҳтиёжманд оилалардаги 1,9 минг нафар хотин-қизлар, шунингдек, камида 5 йил иш стажига эга 379 нафар хотин-қиз талабаликка тавсия қилинган. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигидан олинган маълумотга кўра, квоталарнинг тўлмай қолиши квоталар йўналишлар ва ҳудудлар кесимида тақсимланганда қайсидир ҳудудларда керакли балл тўплай оладиган абитуриентлар бўлмагани ҳисобигадир.

2 мингталик грант учун 2022 йилги ўтиш баллари

Сабаби тавсиянома олиб ҳам максимал баллнинг камида 30 фоизидан кам балл тўплаган, бироқ ўз йўналишида биринчи ўринда бўлган абитуриент ҳам талабаликка қабул қилинмайди. Талаба бўлиш учун максимал баллнинг камида 30 фоизини тўплаш керак бўлади.

Эслатма: агар сизда олдинги йиллар олинган тавсияномалар бўлса, унда ҳужжат топшираётганда ҳеч нарса қилишингиз керак эмас. Шахсингизга оид маълумотларни платформага киритишингиз билан сизнинг тавсияномага эгалигингиз ҳақидаги маълумотлар чиқиб келади. 

Мавзуга оид