Жамият | 12:31 / 24.05.2023
36977
3 дақиқада ўқилади

Собиқ имом бўлган блогер 6,6 миллион сўм жаримага тортилди

Шавкат Ҳасанга ижтимоий тармоқлардаги оилавий тотувлик мавзусига оид видеоматериалларини Дин ишлари бўйича қўмита рухсати олинмасдан эълон қилиш айби қўйилди.

Фото: Kun.uz

23 май куни Шайхонтоҳур туман ИИБ биносида бўлиб ўтган онлайн судда жамоатчилик фаоли, собиқ имом Шавкат Ҳасанга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасида назарда тутилган – диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва тарқатиш айблови қўйилган. У ушбу ҳаракати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (6,6 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилган.

«11 май куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман ИИБга чақиртирилдим. Ички ишлар ходимлари телеграм-каналимда эълон қилинган 6 та видеони танлаб олиб, Дин ишлари бўйича қўмитага экспертизага юборилганини билдирди.

Экспертиза хулосасига кўра, видеоларимда ақидапарастлик, терроризм, диний адоватга чақирувчи ғоялар йўқ, деб топилган. Лекин материаллар [Дин ишлари бўйича] қўмитанинг экспертлик хулосаларини олмасдан чиқарилган.

Мен шунча йиллик расмий диний фаолиятим давомида бундай экспертиза олиниши кераклигини билмагандим ҳам. Мендан бошқа кўплаб имом домлалар ҳам айнан шу модда (МЖтК 184-2 моддаси) бўйича жаримага тортилганини айтишди», — дейди Шавкат Ҳасан ўз видеомурожаатида.

Ўзининг сўзларига кўра, у узоқ йиллардан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида расман диний фаолият билан шуғулланиб келмоқда. 2005-2006 йилларда Кўкалдош мадрасасида тайёрлов курсида, 2006-2010 йилларда грант асосида Кўкалдош мадрасасида ўқиган. 2010-2014 йилларда эса Тошкент Ислом институтини (Олий маъҳад) тамомлаб, 2014-2018 йилларда Бўстонлиқ туманидаги «Олимжон ота» масжидида имом-хатиблик қилган.

Шундан сўнг бир қанча вақт Мусулмонлар идораси тизимидаги «Вақф» хайрия жамоат фондида ишлаган. 2021 йилдан ҳозирга қадар эса Чирчиқ шаҳридаги марказий масжидда имом-хатибнинг медиа ишлари бўйича ёрдамчиси ҳисобланади.

«2014-йиллардан бошлаб оилаларни яраштириш бўйича турли комиссияларда ҳам ишлаб келдим. Кўтарган мавзуларимиз фақат эр-хотин муносабатларини ислоҳ қилиш, жамиятда аёллар обрўсини кўтариш ва оилани сақлаб қолишга қаратилган эди. Ўз-ўзидан қадриятларимиздан келиб чиқиб, гапларимизни оят ва ҳадислар билан исботлаб, тушунтириш берганман.

Экспертиза видеоларимни қандайдир ёмонликка даъват деб топганда ҳам алам қилмас эди, шунчаки ўша қарорга кўра экспертиза қилмаганим учун шунча жарима берилиши жуда аламли ва адолатсиз, деб ўйлайман», — дейди Шавкат Ҳасан Kun.uz мухбирига берган қисқача интервюсида.

Мавзуга оид