Залужний кўриниш берди. Россия нашрлари у оғир жароҳатлангани ҳақида ёзганди
Россия ташқи разведкаси раҳбари Сергей Наришкин ҳам ўзининг идорасида Залужний жароҳат олгани ҳақида маълумот мавжудлигини айтганди.
Украиналик полковник ва «Штирлиц» тахаллуси билан танилган ҳарбий блогер Анатолий Штефан Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний билан бирга ўтиргани акс этган видеони намойиш этди. Видеода Штефан бугун 25 май эканини айтади.
«Май ойи мобайнида биз рашн-пропаганданинг эртакнамо, фантастик ҳикояларини, шунингдек ўзини эксперт деб атовчиларнинг турли фитна назарияларига оид версияларини кузатиб келдик. Аммо бугун мен Украина қуролли кучлари бош қўмондони тўғрисидаги қўрқинчли сирни фош қилмоқчиман», — деган Штефан, шундан кейин камера кулиб турган ва қўл силкиётган Залужнийга қаратилган.
- Май ойи бошида Россиядаги турли манбалар Залужний Россия армиясининг «Кинжал» билан Украина қуролли кучлари қўмондонлик пунктига йўллаган ракета зарбаси оқибатида яралангани ва оғир аҳволда экани ҳақида хабар тарқатганди. ОАВда у бошидан жароҳат олгани ва ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги ёзилди.
- 24 май куни РИА Новости ўз манбасига таянган ҳолда, Залужний россияликларнинг ракета зарбаси оқибатида бошидан ва осколкали жароҳатлар олгани ҳақида ёзди. Агентлик хабарида гўёки Украина қуролли кучлари бош қўмондонининг бош суягини пармалаб тешиб, жарроҳлик амалиёти ўтказишгани ва у энди ўз вазифасини бажара олмаслиги айтилганди.
- Кейинроқ Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин унинг идорасига Залужний «жароҳат олгани тўғрисида маълумот келиб тушгани»ни айтган, аммо «бу маълумот 100 фоиз тўғрилигига кафолат бера олмаслиги»ни билдирганди.
- Украина томони Залужний жароҳатлангани ёки ҳалок бўлгани тўғрисида Россия нашрлари ва телеграм-каналларида тарқалган хабарларни рад этиб келаётганди. Хусусан, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов шу куни Залужний Олий қўмондонлик штаби йиғилишида иштирок этганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024