Жамоат транспорти янги тарифларининг жорий этилиши нега кечикяпти?
Апрел ойидан Тошкентда автобус ва метродан фойдаланиш учун мослашувчан янги тарифлар жорий этилиши, тўлов нархлари ўзгариши керак эди. Бироқ май ойи тугаяпти, янги тарифлар жорий этилгани йўқ. Kun.uz мухбири янги тарифлар нима сабабдан кечикаётганини ўрганишга ҳаракат қилди.
Апрел ойида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz’га берган интервьюсида 15 майдан Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланишнинг мослашувчан тарифлари жорий этилишини, йўлкира нархлари ўзгаришини таъкидлаганди.
«Автобуслар келганидан кейин, бунинг норматив бўйича ўтиш йўллари бор. Шундан кейин, йўлкиранинг таннархи чиқади. Таннарх аниқланганидан кейин биз буларни оммага эълон қиламиз. Мана шу жараёнлари билан тарифнинг ўзгариши 15 май санасига тўғри келади. 15 майдан янги тарифлар жорий этилади», – деганди вазир.
Аслида президент қарорига кўра, 2023 йил 1 апрелдан янги тарифлар амалиётда қўлланилиши керак эди. Лекин бу на апрел ойида, на май ойида амалга оширилди.
Kun.uz лойиҳа тақдири юзасидан Транспорт вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Қайд этилишича, вазирлик томонидан янги тарифлар қандай шаклда бўлиши, нима қилиниши ва нарх-наволари аниқланиб, лойиҳа Тошкент шаҳар депутатлар кенгашига тақдим қилинган.
«Шуни депутатлар тасдиқлаб берса, кейин тарифларни қўллаш бўйича амалий ишлар бошланади», – деди вазирлик матбуот котиби Навруз Ашурматов.
Масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати билан ҳам боғланилганда, ҳокимлик матбуот котиби «гап депутатлар кенгашида қолганини» тасдиқлади.
Янги тарифлар нега муҳим?
Янги тариф тизими жорий этилишининг асосий мақсад-мазмуни аҳоли мобиллигини рағбатлантириш ҳисобланади. Яъни йўловчи 2-3 та манзилга бормоқчи бўлса, унинг учун жамоат транспортидан фойдаланиш энг қулай вариант бўлиши керак. Тарифлар 1 соат ичида 2 000 сўмдан (биринчи қатнов 1 600 сўм + иккинчи қатнов 400 сўм + учинчи қатнов бепул) жамоат транспорти тармоғидан чекланмаган миқдорда фойдаланиш имконини беради. Бу шахсий транспорт жозибадорлигини камайтириш, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини оширишга хизмат қилади.
Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг таъкидлашича, тарифлар масаласи ҳозирда 14 та автобусда жорий этилган брутто-шартнома тизимининг самарали ишлаб кетишига ҳам боғлиқ.
«Брутто-шартноманинг тўлақонли ишлаб кетиши учун тарифлар ишга тушиши керак, тарифлар ишга тушганида йўлкира йиғимларида шаффофлик таъминланади, коррупцион ҳолатларнинг олди олинади. Ишлаш жараёнида автобуслар нақд пулни тўлиқ ҳисобдан ўтказиб, барча тушумларни кассаларга топшириши керак. Бу маблағлар махсус жамғармага тўлалигича тушиши, таъминланиши лозим. Унинг учун ҳар битта йўлкира учун тўлов ҳисобга олиниши керак бўлади. Электрон бўлса, бу жараён осон бўлади. Акс ҳолда, яна инсон омилига боғлиқ бўлиб қолаверади.
Бу икки тизим самарали ишлаши учун уларнинг иккаласи ҳам бирдек ишлаши керак. Улар бир-бирига билвосита боғлиқ, ҳаммаси самарадорликка таъсир қиладиган омиллар ҳисобланади», – дейди Обидов.
Эслатиб ўтамиз, 5 май куни Тошкент шаҳри жамоат транспортининг янги тариф режаси ҳақида маълумот берилганди. Унга кўра, жамоат транспорти воситаларида қатнаш учун йўлкиранинг бир марталик нархи нақд пулда 2 000 сўмга, «Атто» транспорт карталари орқали тўлов қилувчи йўловчилар учун эса 1 600 сўмга ўзгариши керак эди.
Агар йўловчилар ўз манзилига бир соат ичида бир транспорт туридан иккинчи маротаба фойдаланса, иккинчи жамоат транспорти учун 400 сўм йўлкира тўлаши белгиланганди. Бунда учинчи, тўртинчи қатновлар бепул бўлиши ҳам айтилганди.