Иқтисодиёт | 08:55 / 27.05.2023
66300
8 дақиқада ўқилади

Таълим харажатлари солиққа тортилмайди. Имтиёздан қандай фойдаланиш мумкин?

Боғча, мактаб, коллеж, лицей ва олийгоҳ каби таълим масканларида ўқиш учун сарфланган маблағлар даромад солиғидан озод қилинган. Имтиёздан фойдаланиш ва уни олиш учун маълум талаблар бор. Kun.uz видеошарҳида бу имтиёздан кимлар фойдалана олиниши ва тўланган даромад солиғини қандай қайтариб олишни тушунтиради.

Қонунчиликка мувофиқ, ота-оналар олий ўқув юртлари ёки нодавлат мактаб ва боғчаларда ўқийдиган фарзандларига таълим тўловларини ўз ойлик иш ҳақларидан тўлаб берсалар, 12 фоиз даромад солиғини қайтариб олишлари мумкин. Бу ўзи ишлаб ўз контрактини тўлаган талабалар ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларга ҳам амал қилади. (Қариндошлар томонидан тўланган контракт суммаларига нисбатан бундай имтиёз амал қилмайди).

Бунда муҳим шартлар бор. Расмий иш билан банд бўлишингиз ва даромад солиғи тўловчиси бўлишингиз талаб этилади. Давлат ишида ишлайсизми ёки хусусий сектордами, аҳамияти йўқ.

Шу пайтгача ота-оналар 26 ёшга тўлмаган фарзандлари учун тўлов қилган бўлишлари керак эди, турмуш ўртоғининг контрактини тўлаганларга ҳам шундай ёш чегараси бор эди. Лекин бу чегара 2023 йил 1 августдан олиб ташланяпти. Талабалар ўзларининг контрактларини тўлаганларида бундай талаб йўқ. Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Исмоилов бу борада бизга маълумот берди.

Шуҳрат Исмоилов

“Биринчи ўринда кимларга даромад солиғи қайтариб берилади? Ўзи даромад солиғи тўловчиси бўлганларнинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан контракт тўловларига йўналтирилган суммаларига имтиёз қўлланади. Бунинг учун бизга маълумки, жисмоний шахс ёки талабанинг ўзи меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад манбаларига эга бўлса, солиқ агенти сифатида даромад солиғи ушлаб қолинади. Агар ота-оналар билмасдан даромад солиғи имтиёзидан фойдаланмаган бўлса, йил якунлари бўйича солиқ органларига декларация тўлдириш орқали шу суммаларни қайтариб олиши мумкин.

Агарда ота-она ёки талабанинг ўзи бирор жойда расмий иш билан банд бўлса, бу ўша ойлик иш ҳақи олинаётган вақтнинг ўзида имтиёздан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун ишхонасининг бухгалтерия бўлимига мурожаат қилиш керак. Дейлик, сизнинг контракт суммангиз миқдори 10 млн сўм, контракт тўловларини тўлаш йил бошида бошланади. Сентябрда контрактнинг 50 фоизини тўлаш керак. Бу дегани 5 млн сўм тўлов амалга ошириб беришингиз керак. Ота-она ёки талабанинг ўзининг иш ҳақи 5 млн сўмга етмаслиги мумкин. Дейлик, 3 млн сўм олий таълим муассасасига йўналтирилди, шундан 12 фоиз даромад солиғига имтиёз қўлланади. Бунинг учун бухгалтерия томонидан солиқ органига имтиёздан фойдаланганингиз ҳақида маълумот юборилади.

Агар бу имтиёздан фойдаланмаган бўлсангиз, йил якунлари бўйича солиқ органларига декларация тақдим этиш орқали солиқни қайтариб олиш мумкин. Шу нарсани айтиб ўтиш керак, ота-оналар ёки талабанинг ўзи контракт тўлаётган вақтнинг ўзида даромад солиғини қайтариб олса, бу сумма ёнида қолади, кейинги йилгача кутиб ўтирмайди”, – дейди Шуҳрат Исмоилов.

Айтиш керакки, бу тартиб Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тартиби белгилаб берилган олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқийдиган талабалар учун амал қилади. Агар бирор хориж университетининг Ўзбекистондаги филиали бўйича тартиб Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланган бўлса, уларга ҳам қайтарилади.

Даромад солиғи қандай қайтариб олинади?

Агар контракт тўлаётганда бу имтиёздан фойдаланмаган бўлсангиз, йил якунлари бўйича солиқ органларига декларация топшириб, солиқни қайтариб олиш мумкин. Бунинг учун my3.soliq.uz порталига кириб, “барча хизматлар” бўлимини танлайсиз. Бўлимдаги жисмоний шахслар ёзуви устига босасиз. Декларация тўлдириш учун электрон рақамли имзонгиз бўлиши керак. ЭРИ орқали кирганингизда ҳисобот тури, давр қаторлари тўлдирилади.

Кейинги босқичда иш ҳақи ва иш жойингиз ҳамда тўланган даромад солиғи суммаси ҳақидаги маълумотлар автоматик шаклланади. Кейин солиқ имтиёзлари бўлимида “солиқ солинмайдиган даромадлар” қатори ва имтиёз тури танланади. Шундан сўнг жисмоний шахснинг идентификация рақами ва университет идентификация рақами киритилади. Тўлов-шартнома рақами ва тўланган контракт суммаси тегишли қаторларга киритилгач, контракт шартномаси ва квитанция илова қилинади. Декларацияни қўллаш тугмаси босилганда, сизга қайтариладиган даромад солиғи суммаси автоматик шаклланади.

My.soliq.uz портали орқали даромад солиғини қайтариб олиш учун ариза юбориш керак бўлади. Жисмоний шахсларнинг ортиқча ундирилган солиқларини қайтариш бўлими орқали сўралган қаторларга маълумотлар ва банк пластик картангиз рақамини киритишингиз керак.

Маълумотлар тўғри бўлса ва солиқлардан қарздорликлар бўлмаса, белгиланган даромад солиғи 15 кун ичида қайтарилади.

Квитанция йўқолган бўлса-чи?

Агар талаба квитанцияни сақлолмаган ёки йўқотган ҳолат бўлса, ўша таълим муассасасининг ҳисоб рақами очилган банк филиали орқали маълумотларни олиш ҳуқуқига эга. Университетлар ҳам талаба томонидан контракт тўлангани ҳақида асослантирувчи ҳужжат тақдим этса ҳам қайтариб берилади.

ЯТТлар ва фермер хўжалиги раҳбарларига ҳам имтиёз амал қиладими?

“Ота-онам якка тартибдаги тадбиркор ёки фирмада ишлайди”, деган масала бўлиши мумкин. Агар ЯТТ бўлса, қайтариб берилмайди, чунки у қатъи белгиланган солиқ тўловчиси ҳисобланади. Хусусий фирмада ишлайдиган бўлса, унга энг кам ойлик иш ҳақи – 930 минг миқдорида иш ҳақи ҳисобланган бўлиши керак.

Агарда отаси ёки онаси фермер хўжалиги раҳбари бўлиб, ўзи учун ҳар ой иш ҳақи ҳисобланиб, даромад солиғи тўлаётган бўлса, унгаям қайтариб берилади.

Даромад солиғини қанча вақт оралиғида қайтариб олиш мумкин?

Даромад солиғини 5 йилгача қайтариб олиш мумкин. Дейлик, сиз 2023 йилда ўқишни битирсангиз, тўланган солиқлар 2019 йилдан бошлаб қайтариб берилади. Ундан олдинги даврлар учун имтиёз амал қилмайди. Ҳар бир йил учун алоҳида декларация тўлдириш лозим.

Суперконтрактга-чи?

Суперконтрактнинг суммаси оддий контрактдан юқори бўлади. Дейлик, сиз 60 млн сўм суперконтракт тўладингиз, бунда ҳам даромад солиғига имтиёз қўлланади. Бунда 7 млн сўмдан зиёдроқ даромад солиғини қайтариб олишингиз мумкин. Лекин сизда ўтган йил давомида давлатга тўлаб қўйган даромад солиғингиз ҳам 7 млн бўлиши керак. Аммо сиз 5 млн сўм даромад солиғи тўлаб қўйган бўлсангиз, шу 5 млн сўмнинг 12 фоизи қайтарилади. Суперконтракт миқдори юқори бўлса-ю, давлатга тўлаган солиғингиз кам бўлса, ҳисобланган 7 млн сўм эмас, балки тўлаган даромад солиғингиз қайтарилади.

Нодавлат боғча ва мактаблар учун тартиб қандай?

2022 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига ота-оналар томонидан фарзанди учун ойига 3 млн сўмгача йўналтирилган суммалар ҳам жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинган.

Бу имтиёздан ҳам бирйўла иш ҳақи орқали тўловларни амалга ошираётганда фойдаланиб қолиш мумкин, агар фойдаланмаса, декларация тўлдириб, қайтариб олиши мумкин. Бунда ҳам хусусий нодавлат мактаб ва мактабгача таълим муассасаси билан шартнома ва йўналтирилган сумма ҳақида асословчи маълумотлар бўлса, қайтариб олиш мумкин.

Рақамлар

2023 йил январ-май ойларида 188 минг нафар жисмоний шахсга 263 млрд сўм даромад солиғи қайтариб берилган.

Шундан, контракт асосида 157 минг фуқаро 196 млрд сўм имтиёздан фойдаланган бўлса, нодавлат мактаб ёки мактабгача таълим муассасаларига тўловлар учун 10 500 дан ортиқ фуқаро 17 млрд сўмлик имтиёздан фойдаланди.

Мадина Очилова тайёрлади.
Видеобошловчи – Иброҳим Самадов.
Оператор ва монтажчи – Асрор Алмуродов.

Мавзуга оид