Ўзбекистон | 18:29 / 30.05.2023
12890
6 дақиқада ўқилади

Фарзандини оромгоҳга юбораётган ота-оналарга ҳуқуқий эслатмалар берилди

Унда оромгоҳларга қўйиладиган талаблар, болалар ва озиқ-овқатлар хавфсизлиги, шунингдек, бошқа муҳим масалаларга оид меъёрлар келтирилган.

Фото: Zomin Sunrise

«Ҳуқуқий ахборот» портали томонидан фарзандини оромгоҳга юбораётган ота-оналарга ҳуқуқий эслатмалар берилди.

Унда оромгоҳларга қўйиладиган талаблар, болалар ва озиқ-овқатлар хавфсизлиги, шунингдек, бошқа муҳим масалаларга оид меъёрлар келтирилган.

1. Оромгоҳ қандай талабларга жавоб бериши керак?

Оромгоҳ санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари, хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши шарт. Ҳар бир оромгоҳда тиббий пункт ташкил этилиб, у тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган барча дори-дармонлар ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган бўлиши керак.

2. Оромгоҳдаги гуруҳлар таркибидаги болалар сони қанча бўлиши керак?

Оромгоҳда болаларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда гуруҳлар тузилади. Гуруҳлардаги болалар сони 7 – 9 ёшдаги болалар учун 30 нафардан, 10 – 14 ёшдаги болалар учун 40 нафардан ошмаслиги керак.

3. Оромгоҳда дам олиш давомийлиги неча кун?

Оромгоҳда дам олиш давомийлиги одатда ташкилотчилар томонидан белгиланади. Бунда соғломлаштириш муддати ёзги мавсумда 10 кундан, кузги, қишки ва баҳорги мавсумда 7 кундан кам бўлмаслиги лозим. Меҳнат ва дам олиш оромгоҳида ҳар бир мавсум 12 кундан кўп бўлмаган муддатга белгиланади.

4. Оромгоҳ учун йўлланма нархида имтиёз борми?

Болалар оромгоҳга йўлланма асосида юборилади. Йўлланма оромгоҳдан сотиб олинади. Ота-онаси ишлаётган болалар касаба уюшмалари тизимидаги оромгоҳга юборилганда йўлланма нархининг 55 фоизи касаба уюшмаси томонидан тўлаб берилади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари фарзандлари учун оромгоҳга йўлланма олганда нархининг 50 фоизгача қисми иш берувчининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

5. Бола касал бўлганда оромгоҳга қабул қилинадими?

Оромгоҳда болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссияси тузилади. Бола йўлланма ва соғлиғи ҳақидаги тиббий маълумотнома (079/х-шакл) асосида оромгоҳга қабул қилинади. Бунда оромгоҳ тиббиёт ходимлари кўригидан ўтказилади. Тиббий кўрик жараёнида болада бирор касаллик аломати аниқланса, бола оромгоҳга қабул қилинмайди ва унинг даволаниши учун 3 кун муддат берилади. Бола 3 кун ичида даволаниб келганда қабул қилинади. Даволаниш 3 кундан кўп давом этса, ота-онасининг 10 кунда берган мурожаатига асосан, болага берилган йўлланма қайтариб олинади, йўлланма учун тўланган маблағнинг 85 фоизи қайтарилади.

6. Овқатлар хавфсизлигига ким жавобгар?

Оромгоҳда болаларнинг ёши ва мавжуд касалликларини эътиборга олган ҳолда кун тартиби ишлаб чиқилиб овқатлантириш ташкил этилиши ва мунтазам равишда назорат қилиб борилиши шарт. Болалар узлуксиз равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши, уларнинг сифати ва белгиланган меъёрларга мослиги доимий равишда назорат қилиб борилиши керак. Ошхона иши устидан доимий назорат олиб борилиб, таомнома тузишда шифокор иштирок этиши лозим. Тайёр овқатлар калорияси текшириб борилади, ташқаридан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари шифокор рухсатисиз болаларга берилмайди. Оромгоҳ маъмурияти бевосита озиқ-овқат хавфсизлигига жавобгар бўлади.

7. Оромгоҳда бола касал бўлиб қолса ёки шикастланса, қандай чоралар кўрилади?

Бола касал бўлганида ёки шикастланганда бепул биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Боланинг ҳаёти, соғлиғи учун тиббиёт ходимлари ва оромгоҳ раҳбарияти масъул ҳисобланади. Боланинг соғлиги мунтазам равишда кузатиб борилади, шифокор томонидан режа асосида тиббий текширувдан ўтказилади.

Мавсумий касалликлар (ўткир ичак касалликлари) кўпайиши мумкин бўлган ойларда тиббиёт ходимлари томонидан касалликнинг олдини олиш ва зарур бўлганда даволаш ишлари ташкил этилади. Юқумли касалликлар аниқланганда, бу ҳақда соғлиқни сақлаш муассасаларига ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига маълум қилинади ва бемор бола оромгоҳ раҳбари назоратида шифохонага ётқизилади.

8. Болалар хавфсизлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўрилади?

Оромгоҳда тартибни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича доимий навбатчилик ташкил этилади. Болаларнинг ҳар қандай хавфсизлиги учун оромгоҳ маъмурияти масъул ҳисобланади.

Болалар ўзаро жанжаллашиши, бир-бирига нисбатан ҳар қандай тазйиқ ўтказиши мумкин эмас. Мазкур қоидалар барча болалар учун мажбурий бўлиб, уларга тушунтирилади. Болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида оромгоҳ ҳудудига бегона кишиларнинг кириши ёки у ерда яшашига йўл қўйилмайди.

9. Оромгоҳда бола тўгаракни ўз хоҳишига кўра танлаши мумкинми?

Ҳа, бола оромгоҳда қизиқишига кўра тўгарак турини танлаш ва унда бепул таълим олиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, болалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- оромгоҳнинг ички тартиб-қоидалари билан танишиш;

- оромгоҳнинг тиббий ва қўшимча таълим хизматларидан фойдаланиш;

- оромгоҳнинг моддий-техника базасидан фойдаланиш;

- оромгоҳдаги шароит, овқатланиш, тиббий хизмат ва ўқув жараёни масалаларида юзага келган муаммолар бўйича оромгоҳ раҳбариятига мурожаат қилиш;

- оромгоҳ фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар бериш.

10. Оромгоҳда дам олиш муддати тугамасидан ота-оналар ўз фарзандини олиб кетиши мумкинми?

Ҳа, ота-она ўз хоҳишига кўра болани оромгоҳдан муддатидан олдин олиб кетиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ота-она оромгоҳ томонидан болаларга сифатли хизмат кўрсатилишини талаб қилиш, оромгоҳнинг ички тартиб-қоидалари, кун тартиби ва таомнома билан танишиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид