Жамият | 18:18 / 01.06.2023
19394
2 дақиқада ўқилади

6 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тақдимоти ўтказилди

Лотин ёзувидаги луғат ҳозирги ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмаларини ўз ичига олган. 

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Фанлар академиясида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг тақдимоти ўтказилди. 

Лотин ёзувидаги олти жилдли луғат ҳозирги ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмаларини, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид терминларни, бир неча шевада қўлланадиган сўзларни, баъзи тарихий ва эскирган атамаларни ўз ичига олган. 

Луғатнинг янги нашри 3 мингдан зиёд янги луғавий бирликлар билан тўлдирилган. Улар ўзбек халқ шевалари, халқ сўзлашув тилидан ҳамда бошқа давлатлар билан ўзаро иқтисодий, сиёсий, маданий алоқалар натижасида ўзбек тилига хорижий тиллардан кириб келган сўзлардан иборат. 

– Луғат устида икки йил давомида меҳнат қилдик, – деди филология фанлари доктори, профессор Дурдона Худайберганова. – Асосий мақсадимиз луғатдаги сўзларни бойитиш бўлди. Луғатни йиғишда иштирок этган ходимларимиз XX аср бошида жадидлар томонидан эълон қилинган бадиий адабиётларни, газеталарни ўқиб, луғатга керакли бўлган сўзларни йиғиб, ажратиб олишди. Биз бу сўзларни кўздан кечирганимизда республикамизда ҳайвонот олами ва ўсимликлар дунёси билан боғлиқ бўлган жуда кўп халқона сўзлар ҳали луғатга кириб улгурмаганини кўрдик ва ўша сўзларни луғатга киритдик. 

Қайд қилинишича, луғат жуда кўп иллюстратив мисоллар билан бойитилган, сўзлар маъносининг изоҳлари такомиллаштирилган. Ўзбек тили луғавий таркибида содир бўлган маъновий ўзгаришлар кўрсатиб берилган. 

 

Мавзуга оид