Жаҳон | 10:37 / 05.06.2023
5756
2 дақиқада ўқилади

Туркия Босфор ва Дарданел бўғозларидан кемалар ўтиши учун тўловларни оширди

Туркия Босфор ва Дарданел бўғозларидан кемалар ўтиши учун тўловларни 8,3 фоизга оширди. У буни ҳар йили, июнь ойининг охирида кўриб чиқади. Ўтган йилнинг октябрь ойида тўловлар беш баравар кўтарилган. Йил охирига келиб, Қора денгиздан Ўрта Ер денгизига ўтишдан келадиган даромад 160 миллион доллардан 900 миллион долларгача ўсиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлигининг Денгиз ишлари бош бошқармаси Босфор ва Дарданел бўғозлари орқали Қора денгиздан Ўрта Ер денгизига ўтиш учун тўловлар миқдорини оширди, деб хабар бермоқда Туркиянинг Aydinlik газетаси. Тўлов 4,08 доллардан 4,42 долларгача, яъни 8,3 фоизга ошади.

Бўғозлардан ўтиш учун тўлов 1936 йилда имзоланган Монтре конвенциясига мувофиқ олтин франки асосида ҳисобланади. Имзоланганда олтин франки 0,8 долларга тенг бўлган. Конвенция Туркиянинг бўғозлар устидан суверенитетини тиклади. Монтре конвенциясининг 19-моддасига биноан, Туркия уришаётган мамлакатлар кемалари учун бўғозларни ёпиши мумкин, тўхташ жойига қайтган кемалар бундан мустасно. 

Ўтган йилнинг октябрь ойида Туркия расмийлари кириш тўловини 5 баробарга ошириб, 4,08 долларгача кўтарган эди. Эндиликда «олтин франкларининг солиқ ва йиғимлар (маёқ, бузиш ва санитария назорати) бўйича базавий қиймати» савдо кемасининг соф тоннажи учун 4,42 доллар қилиб белгиланди, деб ёзади газета. 

Таъкидланишича, 2023 йилда юк ташишдан тушган даромад ўтган йиллардаги ўртача 160-170 миллион доллардан 900 миллион долларга етиши мумкин. Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги ҳар йили июнь ойи охирида олтин франкининг базавий қийматини янгилашга қарор қилган, деб ёзади нашр. 

 

Мавзуга оид