Спорт | 20:43 / 07.06.2023
44040
3 дақиқада ўқилади

Месси Саудияга келмайди. У Бекҳэмнинг таклифини қабул қилган

Аргентиналик футболчи «Барселона»га ҳам қайтмайди, «Ал-Ҳилол»га ҳам ўтмайди.

«ПСЖ» билан шартномаси муддати якунланган Лионел Месси Американинг «Интер Майами» клубига ўтади. Бу маълумотни таниқли испаниялик футбол журналисти Гильем Балага BBC нашрига тасдиқлаган. Унинг маълумотига кўра, аргентиналик футболчи Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубининг йилига 400 млн евродан тўлашни назарда тутувчи икки йиллик шартнома бўйича таклифини рад этган.

Яна бир журналист Мигел Риконинг айтишича, Месси «Барселона» раҳбариятини клубга қайтмоқчи эмаслиги ҳақида хабардор қилган.

Журналист Эрнан Кастильо ҳам Месси афсонавий футболчи Дэвид Бекҳэмга тегишли бўлган «Интер Майами» клубига ўтишга розилик бергани ҳақида ёзган. Америкаликлар клуби у билан уч йиллик шартнома имзолайди.

Шу тариқа, у фаолиятида илк бор Европадан ташқарида ўйнайдиган бўлмоқда.

Лионел Месси Европада яна бир мавсум қолмоқчи эди, аммо етарли даражада жозибадор таклифларга эга бўлмади – собиқ клуби «Барселона» молиявий муаммолар ва ла лигадаги чекловлар туфайли уни қайтара олмади. Натижада унда фақат «Интер Майами» ва Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клубларидан бирини танлаш варианти қолганди.

Унинг танловида Америкадаги ҳаёт тарзи, Флоридадаги иқлим ва бу ерда кўпчилик испан тилида сўзлашиши, шунингдек футбол доирасида йирик брендлар билан келишувлар тузиш имконияти муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Қолаверса, унинг Майамида уйи бор ва ҳозирда ижарага берилган.

Америка клуби билан келишув Adidas ва Apple каби грандлар билан  шартномаларни ҳам ўз ичига олади. Нуфузли The Athletic нашри Месси MLS чемпионатига ўтиш орқали эга бўладиган имтиёзлар ҳақида маълумот берган:

  • Месси Apple+ компаниясининг MLS ўйинлари ва контентини томоша қилишни бошлаган янги обуначиларидан фойдадан улуш олади;
  • Месси adidas’нинг айрим маҳсулотлари сотувидан фойда ола бошлайди;
  • Месси футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин MLS чемпионатидаги исталган клубни харид қилиши мумкин бўлади.

Айни вақтда 35 ёшда бўлган Лионел Месси етти бор дунёнинг энг яхши футболчисига бериладиган «Олтин тўп»ни қўлга киритган ва Аргентина билан жаҳон чемпиони бўлгани туфайли у бу йил ҳам ушбу совринга эга чиқиши кутилмоқда.

Мавзуга оид