Ўзбекистон | 18:22 / 10.06.2023
18145
2 дақиқада ўқилади

Катта миқдордаги олтин ва ёқутнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди 

Самарқанд вилоятида 1,075 кг олтин ва Тошкент шаҳрида 838 г ёқутнинг ноқонуний айланмаси олди олинди. 

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида шахсий автомобилида катта миқдорда олтин олиб келаётган шахс аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий ва Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан «Юқори нуқта» постида «Нексия» автомобили тўхтатилганида, унинг ичида Хатирчи туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқарога тегишли, оғирлиги 1,075 кг бўлган 11 дона бўлак олтин борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди. Мутахассисларнинг баҳолашича, 999 пробали бу олтиннинг қиймати 795 млн сўмни ташкил этади.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, 1968 йилда туғилган фуқаро оғирлиги 838 г бўлган ёқутни 300 минг долларга сотишга келишиб, 80 минг долларини олган вақтида ушланди.

Мутахассисларнинг баҳолашича, ушбу қимматбаҳо тошнинг нархи 477,3 млн сўмни ташкил этади.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид