Жаҳон | 13:20 / 10.06.2023
11546
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Германия «Шимолий оқим»га ҳужумда Полшанинг ролини текширмоқда

Немис терговчилари Полшанинг «Шимолий оқим»даги портлашларга алоқадорлигини текширмоқда, дея хабар беради WSJ. Версиялардан бирига кўра, мамлакатдан ҳужум учун «логистика ва молиялаштириш маркази» сифатида фойдаланилган бўлиши мумкин. Терговчилар газ қувурлари портлаши билан боғлиқ бўлган «Андромеда» яхтасининг Полша сувларига кирганини аниқлади. 

Фото: Reuters

Немис терговчилари «Шимолий оқим» тизимидаги газ қувурларидаги портлашларга Полшанинг алоқадорлиги эҳтимолини текширмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal терговдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди.

Уларнинг сўзларига кўра, терговчилар Полшадан операциялар базаси ёки ҳужумнинг «логистика ва молиялаштириш маркази» сифатида фойдаланилганини кўрсатувчи маълумотларга эга бўлган. Хусусан, улар қувур линияларининг портлаши билан боғлиқ бўлган «Андромеда» яхтаси йўналишдан четга чиқиб, Полша сувларига кирганини аниқладилар. 

WSJ манбаларига кўра, яхта Германияда Варшавада жойлашган Feeria Lwowa сайёҳлик агентлиги томонидан ижарага олинган бўлиб, у Украина разведкаси билан алоқадор бўлган Украина сохта компаниялари тармоғига киради. Нашр мухбири компанияни ўзининг юридик манзилидан топишга уринди, бироқ у ерда унинг мавжудлигининг биронта белгисини ҳам аниқлай олмади. 

Аввалроқ The New York Times газетаси терговчилар «Андромеда» яхтасида портловчи моддалар изларини топгани ҳақида хабар берган эди. WSJ маълумотларига кўра, терговчилар операцияда қўлланган портловчи модда HMX номи билан танилган, сувости объектларини йўқ қилиш учун мос келадиган рангсиз модда деган хулосага келишди. «Андромеда» радио ва навигация ускунасидан олинган маълумотлар кема кейинчалик портлашлар содир бўлган ҳар бир объект ёнидан ўтганлигини кўрсатди, деб ёзади газета. 

Мавзуга оид