Жаҳон | 09:19 / 12.06.2023
8210
2 дақиқада ўқилади

Ҳукмрон партияга маблағ ажратиш: Шотландия собиқ раҳбари қўлга олинди

Никола Стёржен полицияга сўроқ жараёнида иштирок этиш учун келди. Бир неча соатдан кейин уни қўйиб юборишди. Шотландиянинг собиқ биринчи вазири Шотландия миллий партиясини молиялаштиришда гумон қилинмоқда.

Никола Стёржен Фото: Peter Summers/REUTERS

Шотландиянинг собиқ биринчи вазири Никола Стёржен Шотландия Миллий партиясини (ШМП) молиялаштириш бўйича тергов доирасида вақтинча қўлга олинди. Бу ҳақда 11 июн, якшанба куни Шотландия полицияси хабар берди.

Сиёсатчи ўз ихтиёри билан сўроқда иштирок этиш учун полиция бўлимига келган, у ерда аёл қўлга олинган, дея қўшимча қилди ҳуқуқ-тартибот идоралари. Бир неча соатдан кейин Стёржен ҳеч қандай айбловсиз қўйиб юборилди.

AFP эслатишича, Никола Стёрженнинг турмуш ўртоғи, ШМП собиқ ижрочи директори Питер Мюррелл, шунингдек, партиянинг ўша пайтдаги ғазначиси апрел ойида худди шу тергов доирасида қўлга олинган. Кейинроқ улар ҳеч қандай айбловсиз қўйиб юборилган, бироқ тергов давом эттирилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Полиция эр-хотин яшаган Глазгодаги уйга тинтув ўтказди, ҳатто терговчилар учун вақтинча боғда, шунингдек, Эдинбургдаги ШМП штаб-квартирасида стол-стуллар ўрнатилди.

Терговчилар Шотландия мустақиллик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган 600 000 фунт стерлинг (700 600 евро) хайрия пули қаерга кетганини текширмоқда, дейди Reuters.

“Никола, агар сўралса, тергов билан ҳамкорлик қилишини доимо таъкидлаб келган ва буни қилишда давом этмоқда”, — деди сиёсатчининг матбуот котиби.

Мавзуга оид