Жаҳон | 10:04 / 15.06.2023
5870
2 дақиқада ўқилади

Косовода серб рақамлари бўлган автомобиллар кириши тақиқланди

Фото: Djordje Savic / EPA / ТАСС

Серб рақамлари бўлган машиналар кириши тақиқланиши Приштинанинг Сербиянинг уч косоволик полициячини ҳибсга олишига жавоби бўлди.

Сербия ва Косово муносабатларида 14 июн, чоршанба куни кескинликнинг янги босқичи юзага келди. Сербия расмийлари мамлакатда Косово полициясининг уч ходимини ҳибсга олганликларини билдирди. Бунга жавобан Приштина Белградни полиция ходимларини ўғирлашда айблади ва яна серб рақамлари бўлган автомобиллар учун республикага киришни ёпди.

Сербия Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, қўлга олинган полициячилар қурол-яроғ, жумладан, пулемётлар олиб юрган ва Косово билан чегарадан 1,8 километр узоқликда бўлган. Бироқ, улар ҳибсга олиш жараёнида қаршилик кўрсатмади.

Приштина Косово полициячилари Сербия чегарасини бузганини рад этди. Мамлакат ички ишлар вазири Жалол Свечлия улар патрул пайтида 300 метр масофада, Косово томонида “ўғирлаб кетилган”ни даъво қилмоқда, республика бош вазири Албин Курти эса серб қўшинларини Косово ҳудудига бостириб кирганликда айблаган. Шу муносабат билан Косово расмийлари серб рақамлари бўлган автомобилларни республикага киришини тақиқлаб қўйди ва жаҳон ҳамжамиятини “Сербияга босимни зудлик билан кучайтириш”га чақирди.

Белград воқеа юзасидан халқаро тергов ўтказишни таклиф қилди, Сербия президенти Александр Вучич эса Приштинани зўравонликларни қўзғатганликда айблади. “Болқонда ҳар қандай ҳолатда ҳам можаро қўзғатмоқчи бўлган одам бор – бу Албин Курти”, — дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги.

Мавзуга оид