Тошкентдаги аттракционда икки киши йиқилиб тушгани бўйича жиноят иши очилди
Аттракцион назоратчиси фуқароларнинг хавфсизлик камари тақилганини текширмасдан, аттракционни ҳаракатга келтиргани айтилмоқда. Жабрланувчиларнинг ҳолати ўрта оғир даражада.
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Анҳор-Локомотив» боғида жойлашган аттракциондан икки киши йиқилиб тушгани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
«12 июнь куни Шайхонтохур туманида жойлашган «Анҳор Локомотив» боғида «Мельница» номли аттракционга учиш учун чиққан 24 ёшли эркак ва 29 ёшли аёл 7-8 метр баландликдан йиқилиб тушиб тан жароҳати олишган. Текшириш давомида аттракцион назоратчиси фуқароларнинг хавфсизлик камари тақилганлигини текширмасдан, аттракционни ҳаракатга келтиргани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, аттракциондан йиқилган фуқароларнинг ҳолати ўрта оғир даражада.
«7-8 метр баландликдан тушиб кетиш оқибатида жароҳат олган 1999 йилда туғилган бемор Б.Э.га кататравма, қўшма шикастланишлар, бош мия ёпиқ жароҳати, ўрта даражадаги мия шикастланиши, бош мия пешона қисми контузион ўчоқ, чап елка суяги катта бўртмачасининг ёпиқ синиши, чап тос суяги бошчасининг ёпиқ чиқиши, чап елка бўғими дисторсияси, чап юқори қовоқ, чап қўлтиқ соҳаси, чап периорбитал соҳаси юмшоқ тўқималари, чап елка соҳаси, чап кўкрак соҳаси юмшоқ тўқималари шикастланиши, тери ости қон қуйилиши ташхиси қўйилган.
1993 йилда туғилган бемор Т.М.га эса кататравма, умуртқа ёпиқ шикастланиши, дурал қопчаси эзилмаган, орқа мия функцияси бузилмаган ҳолда умуртқа поғонаси суяклари VL1-VL2 таначаларининг I даражали компрессион синиши, умуртқанинг бел қисми дисторсияси, бел соҳаси юмшоқ тўқималарининг шикастланиши ташхиси қўйилган.
Беморлар айни пайтда нейрохирургия бўлимига ётқизилган бўлиб, аҳволи ўрта оғир даражада. Нафас олиш ва гемодинамик кўрсаткичлари барқарор. Улар шифохонада белгиланган даво стандартлари асосида даволанмоқда», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
16:35
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024