Жамият | 16:38 / 18.06.2023
34234
7 дақиқада ўқилади

“Мувозанат” – мувозанатда яшашга ундовчи асар

Руҳни ҳам, жисмни ҳам озуқасиз қолдириб бўлмайди. Инсонда умумий икки катта эҳтиёж мавжуд. Булар – маънавий ва моддий эҳтиёж. Ҳар иккисининг ўрни, даражаси ва аҳамияти ҳаммамизнинг ҳаётимизда катта рол ўйнайди. Баъзан моддият кетидан қувиб, тирикчилик дардида юриб ўзимизда маънавий бўшлиқ пайдо қилиб қўямиз. Бу томондан узилиб қоламиз. Акси ҳолатда эса руҳий қувватимиз бўлмиш маънавий озуқага шўнғиб кетиб, моддий томондан оқсаймиз. Бу эҳтиёжлар ипи учларини туташтириш кишидан катта меҳнат талаб қилади. Иккиси ўртасидаги мувозанатни ушлаб туриш ҳар доим ҳам қўлимиздан келавермайди. Бу машаққат.

Замонавий ўзбек адабиётининг таниқли вакилларидан бири Улуғбек Ҳамдам ўзининг “Мувозанат” асарида айни шу мавзуни кўтарган. Асардаги мавзу ва муаммолар асрий масалалардир. Ҳар қачонга, ҳар кимга, ҳар даврга тегишли муаммолар. Бош қаҳрамон Юсуф қийинчиликлар билан бўлса-да, олтин ўрталиқни, яъни эҳтиёжлар ўртасидаги мувозанатни топа олади.

Сюжет:

Тарих факултетида ўқиган Юсуф мана 35 ёшга киради ҳамки, ҳали ҳеч нарса орттиролгани, бирор арзирли иш бошлаёлгани йўқ. Бир ўғилчаси ва аёли билан ижарама-ижара шаҳарда яшайди. Ҳафтасига бир-икки кун университетда дарс бериб келишини айтмаса, деярли бекорчи. Қишлоққа, ота-онасига бирор нарса кўтариб боришга-да қурби етмайди.

Ўзбекистон янги мустақил бўлган даврлар... ҳамма тизимда муаммолар етарлича, камбағаллар қашшоқлашган, ўрта ҳоллар камбағаллашган. Олимлар, илмпарварлар, маърифат соҳасидагилар бир четга сурилиб, ҳамма қорин дардига тушган, моддий эҳтиёж юқори даражага чиққан чоғлар.

Юсуф билан бирга ўқиган Саид ва Миразим аллақачонлар ўз йўлларини топиб кетган. Миразим савдода мамлакатдаги йирик савдогарга айланган бўлса, Саид катта бир амалдорнинг қизига уйланиб, ўзи ҳам мансаб чўққиси томон юқорилагандан юқорилайди. Юсуф эса ҳар иккисига қизиқмади. Савдога унда иқтидор, мансабга эса қизиқиш, хоҳиш етишмади. У илм одами эди. Аммо илм унинг даврига келиб қадрсизланди. Қорин-қурсоқ биринчи даражада турадиган бўлди.

Ночорликдан кўчада қолишга мажбур бўлган Юсуфни аёли ташлаб, қишлоққа кетиб қолди. Боши берк кўчада қолган, аммо қандай бўлмасин йўл топиб чиқишга мажбур бўлган йигит ўзини ҳар соҳага уриб кўрди. Устачилиг-у савдогарлик билан шуғулланди. Илмдан воз кечмаслик баробарида моддий жиҳатдан ҳам ўзини ўнглаб олишга тиришди. Юсуфнинг қишлоққа кетган бир ярим ёшли ўғилчаси докторларнинг очкўзлиги, эътиборсизлиги, маънавий қашшоқлиги сабаб оламдан ўтди.

Бу орада Миразим касод бўлди, Саид амалдан тушди. Юсуф эса анча ўзини тиклаб олди. Замон ҳам аста мувозанатини тиклай бошлаган эди. Олимлар, илм-фан одамлари қаттиқ силкинишдан сўнг ўзига келаётганди.

Таҳлил:

Асар бизга ҳам инсоннинг ички мувозанати, ҳам давр муносабати ҳақида сўзлайди. Халқнинг яшаш шароитида, ўзини мувозанатда сақлаб туролишида даврнинг мувозанати катта аҳамиятга эга. Замон тўс-тўполон, оғишган ҳолатда бўлса халқ қандай қилиб қаддини бир маромда тик тутиб тура олсин? Шу каби мустақиллик йилларида халқ ҳаёти бир қадар издан чиққан, тизимлар янгиланган, сиёсат тўғри йўлни излаётган ҳолатда эди. Бу албатта халқнинг, инсонларнинг яшаш тарзига анчагина таъсир ўтказди.

Бундай чоғларда Саид кабилар ўз йўлини, Миразим кабилар ўз соҳасини топиб кетдилар. Юсуфлар каби олтин ўрталикни, мувозанатни тутишга интилганлар ҳам талайгина эди.

Асарда Юсуфнинг акаси бўлмиш Амир ҳам катта ўринга эга. У дунёдан юз ўгириб, охират ташвишига тушган образ сифатида гавдаланади. Юсуф, Амир, оталари Одил ака суҳбатлари орқали динда ҳам мувозанат мавжудлигини англашимиз мумкин.

Амир намоз, ибодатга берилиб кетиб, оила, рўзғор ишларига умуман эътибор бермай, ишламай қўйди. Эрлик, оталик, ўғиллик вазифаларини, қўйингки, бор дунёни бир четга қўйди. Ваҳоланки, оилани таъминлаш, аёлига эътибор бериш, ота-онага кўмаклашиш сингари олийжаноб вазифалар ҳам ибодат саналади. Фақат ибодат қилиш, рўза тутиб, чилла сақласа-ю бу ёқда оила боқувчисиз оч ўтирса, ота-онанинг дили оғриса, асл мувозанат бузилмайдими?

Айнан шу нарсаларни Юсуф акасига тушунтирмоқчи бўлди. Ҳаракат қилди. Аммо ака укани намоз ўқимасликда айблаб, қулоқ солмади. Охирги тақдири эса фожиали якунланди. Бу орқали диндаги мувозанат узилишининг оқибатлари кўрсатилган.

Миразимнинг аёли Заҳро орқали аёлларнинг руҳий ҳолати, уларнинг эҳтиёжи, руҳий мувозанати кўрсатиб берилган. Миразим бой. Заҳронинг ҳеч нарсадан камчилиги йўқ, истагани муҳайё. Қўлини совуқ сувга урмайди. Аммо у зерикишдан зериккан. Олтин қафасдаги қушга ўхшайди. Унга “ҳаво” керак. Кўплаб эркаклар бор: “ҳамма нарса етарли, нима қиласан ишлаб, аёлни жойи уйда”, дея аёлини ишлатмайди. Аммо аёлга етмаётган бошқа нарсалар борлигини билмайди.

Аёлга эркинлик керак, жамият керак, фикрларини эшитадиган инсонлар керак, одамлар орасидаги ўз ўрни керак. Уйдаги ялтироқ жонсиз нарса-буюмлар эмас, жонли дилдош даркор унга. Заҳро дипломини чанг бостириб ташлаб қўйиш учун ўқимаганди. Аммо шундай бўлди. Оқибатда, унинг руҳияти тобора ҳалокатга қараб кетди.

Юсуф анча вақт мувозанатни излади. Унга энг алам қилгани эса ўғлининг ўлими бўлди. Қанча азоб тортмасин, қанча сарсон бўлмасин ўзлигидан воз кечмади, ғурурини топтамади, ҳаромга қўл урмади. Ҳар доим моддий, маънавий, диний мувозанатни тутишга ҳаракат қилди. Бунга эришдиям.

Ҳаётимиз мувозанатдан иборат. Оилавий муносабатларда, кўчадаги муомалада, ишдаги мулоқотларда, борингки, ҳар бир қадамимизда олтин ўрталикни тутишга уринамиз. Инсон моддиятга ружу қўйиб маънавий, руҳий озуқасини қисмаслиги ёки аксинча, маънавий ҳаётга шўнғиб моддий таъминотни издан чиқармаслиги лозим. Ҳар бир нарсада меъёр яхши...

Мавзуга оид