Ўзбекистон | 23:20 / 19.06.2023
11861
5 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Қозоғистон президенти билан учрашди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Қозоғистонга ташриф буюриб, президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди. Шунингдек, Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти йиғилишида иштирок этди.

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди.

Учрашув чоғида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва давлатлараро муносабатлар ривожига қўшимча туртки бериш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Тўқаев Норбоеванинг ташрифи иккитомонлама ҳамкорликнинг ўзига хос хусусиятига яққол мисол бўлиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига тўлиқ мос келишини таъкидлади.

– Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи натижаларини юқори баҳолаймиз. Жорий йилнинг 3 март куни Чимкент шаҳрида норасмий учрашув бўлиб ўтди, унда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг энг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Нафақат ҳукумат даражасида ўзаро мувофиқлаштирилган ишлар олиб борилаётгани, балки парламентлараро дипломатия ҳам фаол ривожланаётгани қувонарли. Шу боис, келаси йили Самарқандда иккинчи Парламентлараро форум ўтказилишини мамнуният билан қабул қиламан, – деб таъкидлади, Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Ўз навбатида Норбоева самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

– Сизнинг раҳбарлигингизда Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаймиз. Сизни Қозоғистонда бутун тизимни сиёсий модернизация қилиш имконини берган йирик тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Қозоғистон илғор ислоҳотлар йўлидан ишонч билан бормоқда ва Қозоғистон халқи сиз тутган йўлни фаол қўллаб-қувватламоқда – деб таъкидлади, Сенат раиси.

Шунингдек, Танзила Норбоева Остона шаҳрида Қозоғистон раислигида ўтаётган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти йиғилиши доирасида Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.

Мулоқот чоғида парламентлараро алоқаларнинг мавжуд ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки давлат ҳудудлари ўртасида ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Олий Мажлис Сенати раиси минтақавий форматда Ўзбекистон ва Қозоғистон энг фаол мамлакатлар экани, икки томонлама ҳамкорлик суръати парламент ўлчамида, умуман, барча соҳаларда жадал ўсиб бораётганини таъкидлади. Шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга катта эътибор қаратиш лозимлиги, Ўзбекистон-Қозоғистон минтақалараро форуми якунлари бўйича қабул қилинган сармоявий ва савдо шартномаларини амалга оширишда парламентларнинг имкониятларидан самарали фойдаланган холда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан амалга ошириш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

Қозоғистон Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев Ўзбекистон ташаббускори бўлган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти минтақавий ҳамкорлик учун ноёб платформа экани, ўзаро ҳамкорликнинг барча жабҳаларини янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятли эканини алоҳида қайд этди.

Шу билан бирга, Остона шаҳрида БМТ ва Қозоғистон Республикаси президенти ҳузуридаги Aёллар ишлари, оилавий ва демографик сиёсат бўйича миллий комиссия кўмагида «Инновациялар ва технологияларни ривожлантиришда аёлларнинг роли» мавзусида Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Танзила Норбоева, Қозоғистон парламенти спикери, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон депутатлари, давлат органлари раҳбарлари, шунингдек, нодавлат ва халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Норбоева ўз сўзида 2020 йилда «Марказий Осиё мамлакатлари аёллари мулоқоти» платформасининг яратилиши билан мамлакатларимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди. «Бугунги кунда Мулоқот Марказий Осиёда ўзининг салмоқли ўрнини эгаллади ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб қўллаб-қувватланди. Мазкур ноёб платформа фаолият кўрсатган даврда муҳим ҳужжатлар қабул қилинди ва йирик тадбирлар ўтказилди, бу эса ҳудудий миқёсда самарали чора-тадбирларни амалга оширишга катта таъсир кўрсатди. Биз буни минтақа давлатларининг Мулоқотни янада ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва халқаро майдонда эътирофини оширишга бўлган катта қизиқишининг намоёни сифатида баҳолаймиз».

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан Марказий Осиё минтақаси мамлакатларидаги фаол, ишбилармон аёллар, академик ва илмий доиралар, нодавлат ва фуқаролик секторлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, демографик ривожланиш, гендер тенглигининг долзарб масалалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, туризм, маданиятни ривожлантириш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, экология соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, савдони, шу жумладан рақамли технологияларни ривожлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.

Сессия якунлари бўйича Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотининг 2023 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Мавзуга оид